19 январь куни электр станциялар орқали 221 млн 200 минг кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди

15:18 20 Январь 2023 Иқтисодиёт
817 0

Фото: Архив сурат

АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги масъул ходими Обиджон Дилмуродов истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

19 январь куни электр станциялар орқали 221 млн 200 минг кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва шунча ҳажмдаги электр энергияси истеъмолчиларига етказиб берилди.

Шунингдек, газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга 141 млн 700 минг куб метр табиий газ ва 2 минг 200 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 4 минг 500 тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди.

Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.

Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрида электр қурилмаларда юзага келган 265 та носозликлар, хусусан, 51 та трансформаторлар ва 85 та электр узатиш тармоқларидаги нуқсонлар бартараф этилди.

Зарур чора сифатида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида чекловлар (бир ярим соатдан икки соатгача) киритилди. Таъминотдаги узилишлар бўйича истеъмолчилардан 710 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан электр қурилмаларида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилмоқда.

Ҳудудларда газ босимининг пастлиги сабабли айрим хонадонларни табиий газ билан таъминлаш имконияти бўлмади. Хусусан, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Навоий, Сирдарё, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг айрим хонадонларида газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича истеъмолчилардан 462 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

Газ тармоқларида авариялар туфайли таъмирлаш ишлари истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда амалга оширилди. Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари ҳудудларга сафарбар этилган, истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган ва кузатилаётган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида туну кун ишлайдиган 1 000 дан ортиқ махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар жойларда муаммолар тезкорлик билан бартараф этилишини таъминламоқдалар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер