1200 нафардан зиёд хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди
Фото: “Халқ сўзи”
Пешкулик бир гуруҳ хотин-қизлар мустақил тарзда ишлаб ўз бизнесларига эга бўлиш сари дастлабки қадамни қўйдилар. Бунда уларга “Тадбиркор аёл” ассоциацияси Бухоро вилоят бўлимининг касб-ҳунар инновацион ўқув марказида таҳсил олишгани асқатмоқда.
— Пешку ҳамда Вобкент туманларида ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйганмиз,—дейди ассоциация вилоят бўлими раҳбари Дилбар Аҳмедова.— Кейинги икки йил давомида “аёллар” ва “ёшлар” дафтарига киритилган, ишсиз юрган 1200 нафардан зиёд хотин-қиз шу марказ орқали касб-ҳунарга ўқитилди. Чекка маҳалла ва қишлоқларда яшовчи бу юртдошларимиз тикувчилик, пазандачилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги, пиллачилик, асаларичилик ва ҳатто IT йўналишларида сабоқ олиб, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлдилар. Сўнгги икки йил давомида ассоциациямизга мурожаат қилган ва тадбиркорликка ўқитилган 1137 нафар хотин-қизга молиявий муассасалар томонидан кредит берилди.
Айтиш ўринлики, ассоциация вилоят бўлими ҳузурида “Уста – шогирд” мактаби ҳам ташкил этилган. Иқлима Жўраева, Нодира Ражабова, Хушвақт Жўраева, Зулхумор Қулиева, Манзура Элбоева, Дилором Файзиева, Маҳтоб Адилова, Шоира Бўлдиева сингари 80 нафар тажрибали тадбиркор ишбилармон бўлиш истагидаги 1770 нафар хотин-қизга маҳорат сабоқлари ўтказди. Айтиш жоизки, Ассоциациянинг вилоят бўлими фаолияти кенгайиб бормоқда. Айни дамда унинг салкам икки минг нафар аъзоси бор.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг