11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Пойтахтимизда 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, турли ташкилот ва идоралар, вазирликларнинг мутасаддилари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Дастлаб Тошкент шаҳри марказидаги юртимиз маданияти ва санъатида ўзига хос ўрин тутган тарихий бино — собиқ Свердлов номли концерт зали биноси негизида қайтадан барпо этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари саройининг очилиш маросими ўтказилди. Уни рамзий маънода шаҳар нуронийлари ва бир гуруҳ фаоллар очиб беришди.

Тадбирга йиғилганлар Ўзбекистон касаба уюшмалари саройидаги улкан бунёдкорлик ва нозик дид билан амалга оширилган пардозлаш ишлари билан танишар экан, ушбу масканнинг яқин тарихда мамлакатимизнинг муҳим маданий маркази бўлгани, аммо орадан вақт ўтиб узоқ йиллар эътибордан четда қолгани, эндиликда эса Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфига ўтказилиб, янгидан ҳаёт бахш этилганини тўлқинланиб гапиришди.

Амалга оширилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари натижасида тарихий кошона яна халқимизга қайтарилиб, “Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи” сифатида иш бошлаётгани алоҳида эътироф этилди. Сарой бўйлаб экскурсия жараёнида ушбу маскан тарихига, олдинги ҳолати ва бугунги қиёфасига оид фотокўргазмалар билан танишилди.

Шундан сўнг қисқа вақт ичида ўзининг асл сийратига мос равишда янгидан замонавий маданият ва санъат макани сифатида қайта тикланган мазкур кошонада ташкил этилган тантанали байрам тадбирини Ўзбекистон миллий симфоник оркестри ижросидаги мусиқа садолари бошлаб берди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан соҳа фаолларига йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов ўқиб эшиттирди.

Президентимиз табригида таъкидланганидек, “Инсон қадри учун” ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари билан бир қаторда, ҳеч шубҳасиз, касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот тамойиллари асосида меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Сирасини айтганда, юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларда Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шу бўлдики, табрикда қайд этилганидек, эндиликда 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши билан бирга, меҳнаткашлар учун дам олиш куни деб белгиланди. Буни нафақат тизим фаоллари, балки бутун халқимиз катта хурсандчилик билан қарши олди, десак, муболаға эмас.

Сўнгги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан Ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбирида элу юрт равнақи йўлида бор имкониятларини ишга солиб, фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, кўп йиллик илғор иш тажрибасига эга бўлган инсонларни эъзозлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган турли ижтимоий лойиҳалар ва кўрик-танловлар ғолиблари тақдирланди.

Дастлаб “Энг намунали стационар болалар оромгоҳи” сифатида эътироф этилган оромгоҳларга мукофотлар, шунингдек, “Болалар оромгоҳини намунали ташкил этган корхона”, “Болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этган ҳудуд”, “Ёз мавсумида фаол иштирок этган ишчи гуруҳ” каби бир қатор номинациялар ғолибларига диплом, статуэтка ва ноутбук топширилди.

Ватанимиз тараққиёти ва унинг қудратини юксалтириш йўлидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Совриндорларга “Эҳтиром” нишони, энг кам ойлик иш ҳақининг 3,5 баробаридаги пул мукофоти ҳамда гувоҳнома тақдим этилди.

Ўтган йили “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти таъсис этилган эди. Тантанали тадбирда ушбу мукофот ҳам ўз эгаларига топширилиб, совриндорлар “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” кўкрак нишони, диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди.

Шундан сўнг Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар, даволаш профилактика марказида фаолият кўрсатиб, даволаш усуллари ва хизмат кўрсатиш сервисини жаҳон стандартлари даражасида амалга ошириб келаётган фидойи ходимлар “Энг яхши шифокор”, “Энг яхши ҳамшира”, “Энг яхши пазанда”, “Энг яхши санаторий” номинациялари бўйича рағбатлантирилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлари ҳамда тизимдаги ташкилотларда алоҳида фаоллик кўрсатган йилнинг энг яхши ходимлари эса “Энг яхши қурилиш ташкилоти раҳбари”, “Энг яхши қурувчи”, “Энг яхши муҳандис”, “Энг яхши қурилиш назоратчиси”, “Энг яхши лойиҳачи”, “Энг намунали қурилиш ходими”, “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг яхши журналист”, “Энг яхши ҳудудий мухбир”, “Энг яхши спортчи” номинациялари асосида тақдирланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни моддий-маънавий кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, кредит олиши ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига амалий ёрдам бериб, фидокорона меҳнати билан барчага ўрнак бўлаётган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республика миқёсида бир қатор танловлар ўтказиб келиняпти.
Хусусан, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг намунали иш берувчи аёл”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” танловлари ана шулар жумласидандир.

Тадбирда мазкур танловларда 3-ўринни қўлга киритган ғолибларга 3-даражали диплом ва Президент совғаси сифатида “Spark” автомобили, 2-ўринга сазовор бўлган иштирокчиларга 2-даражали диплом ҳамда Президент совғаси — “Cobalt” автомобили, 1-ўринни қўлга киритган ғолибларга эса 1-даражали диплом ва Президент совғаси сифатида “Gentra” автомобилининг калитлари тантанали равишда топширилди.

— Касаба уюшмалари Федерациясининг “Энг яхши ёшлар етакчиси” кўрик-танловида иккинчи ўринни эгалладим, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги Мингжарған маҳалласи ёшлар етакчиси Улбўсин Мамбeтярова. — Шу муносабат билан ўтказилган байрам тадбирида диплом ва Президентимизнинг қимматбаҳо совғаси — “Cobalt” русумли автомашина билан тақдирландим. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Бу ютуқ маҳалламиздаги ёшлар билан янада кўпроқ ишлашимга мотивация беради. Келгусида ана шундай эътирофларга муносиб бўлишни, Ватан равнақи йўлида янада юксак марраларни забт этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Тақдирлаш маросимидан сўнг таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.





Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(“Халқ сўзи”).
Акмал МУҲАММАДОВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг