100 та тадбиркорга имконият ва минглаб янги иш ўринлари

16:28 15 Август 2024 Жамият
321 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга қаратаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги ҳудудга инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 августда қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида 2023-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида 1 миллион АҚШ доллари, қолган туманларида 300 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан лойиҳа ташаббускорларига, шу жумладан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарори асосида ер участкаларини тўғридан-тўғри, узоқ муддатли ижара ҳуқуқи билан бериш тизими жорий қилинди.

Шунга мувофиқ, «LONG WATER» масъулияти чекланган жамияти раҳбари, тадбиркор Қайрат Балахановга Нукус шаҳридан инвестиция киритиш шарти билан аукционсиз, узоқ муддатга ижара асосида 30 сотих ер майдони ажратилди.

— Ҳудудда тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёж юқорилигини ҳисобга олиб, сифатли ичимлик сув ишлаб чиқариш ва уни махсус идишларда қадоқлашни йўлга қўймоқчимиз, — дейди дейди «LONG WATER» МЧЖ директорининг ўринбосари Темур Умбетов. — Корхонанинг қурилиш ишлари апрель ойида бошланган. Лойиҳани амалга ошириш учун 14 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритишни режалаштирганмиз. Корхона ишга қўшилгач 30 та янги иш ўрни яратилади.

Ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча техника ва асбоб-ускуналар Хитой давлатидан олиб келинади. Албатта, улар замонавий ва халқаро талаблар даражасидаги ускуналар бўлади.

Корхона қуриладиган майдон бўйича ер ости суви ўрганилди. Негаки, ишлаб чиқариладиган сув ер остидан олинади ва етти босқичли тозалашдан ўтказилади. Дастлаб газсиз рангли ва рангсиз сувларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, кейин халқимизнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб газли сувларни ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Президентимизнинг фармони асосида яратилган имтиёзларни қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун образли айтганда, «имкониятлар сари очилган янги йўл» дейиш мумкин.

Қўнғирот тумани «Алмазар» маҳалласида «ULUGBEK KIYET« масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил қиладиган лойиҳа бошланган. Мазкур лойиҳа доирасида замонавий автомобилларга хизмат кўрсатиш маркази қурилмоқда. Марказ ишга тушгач, ҳудуддаги 15 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланади.

Шунингдек, «Азатлиқ» маҳалласида «REGAL BEREKET TEAM« МЧЖ томонидан умумий қиймати 870,0 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа бўйича савдо ва кўнгилочар марказининг қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳада эса, 12 та янги иш ўрни яратилади.

— Касбим агроном бўлгани учун бундан 4 йил олдин қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимояловчи воситалари савдосини йўлга қўйгандик, — дейди Хўжайли туманидаги «JAYXUN OʼSIMLIKLERI» МЧЖ директори Бахитжан Алламбергенов. — Кейинги пайтларда тадбиркорлигимизни кенгайтириш, хусусан, балиқчилик, паррандачилик билан шуғулланишни режа қилиб юрардим. Президентимизнинг фармонига мувофиқ, инвестиция киритиш мажбурияти билан аукционсиз ер майдони ажратиб берилди. Албатта, берилган бу имкониятдан самарали фойдаланиш мақсадида балиқ боқиш учун сунъий кўлни қаздик, паррандачиликка мўлжалланган қурилмаларни қураяпмиз. Лойиҳамиз ишга тушгач, иш ўринлар сони 20 га етказилади.

Хўжайли туманидаги «STOMA SMILE« оилавий корхонасига ҳам 1,3 сотих ер майдонни аукционсиз, инвестиция киритиш мажбурияти билан ажратиб берилди.

Корхона раҳбари Мавлуда Абдуллаеванинг айтишича, ҳозирги кунда хусусий стоматология клиникасида 6 нафар ходим ишлаяпти. Келгусида уни янги замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан жиҳозлаб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаган ҳолда кўламини ҳам кенгайтириш режалаштирилган.

Тегишли имтиёз асосида ажратилган ер майдонида эса 4 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилиб, 25 та янги иш ўрнини яратиш белгиланган. Янги клиникага Германия ва Италиядан замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келиниши мўлжалланган.

Эътиборлиси, берилган имтиёз ва имкониятлар натижасида Қорақалпоғистонда олдин бўлмаган янги йўналишларда ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилмоқда. Нукус шаҳрида иситиш радиаторлари ва лифт қурилмалари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилаётгани бунга яққол мисолдир.

Шавкат Обидхўжаев раҳбарлигидаги «OSTEN TECHNOLOGIES» масъулияти чекланган жамиятига Нукус шаҳридан 8,6 гектар ер майдони ажратилди ва июль ойида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бунёд этилаётган ушбу корхонада иситиш радиаторлари ва лифт қурилмалари ишлаб чиқарилади, 1000 та янги иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунгача 100 нафардан ортиқ тадбиркорларга аукционсиз, инвестиция киритиш шарти билан тўғридан-тўғри ер майдонлари ажратилган. Инвестиция лойиҳалари амалга оширилгач, бу тадбиркорлик субъектларида минглаб янги иш ўринлари яратилиши шубҳасиздир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер