Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор суръатлар билан ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда пахтачиликнинг ўрни ғоятда катта. Зеро, заминимизда етиштирилаётган пахта ҳосили эвазига юртимизда фаолият юритаётган саноат корхоналари юқори сифатли хом ашё билан таъминланиб, ундан пахта толаси, калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари, ёғ, совун, кунжара каби 25 дан зиёд турдаги маҳсулот олинади. Пахта толасини экспорт қилиш ҳисобидан келадиган валюта маблағлари эса халқимизнинг ҳаётини янада фаровон ва обод қилиш йўлидаги эзгу мақсад ҳамда вазифалар рўёбини таъминлашда катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Британия — Ўзбекистон жамияти президенти, Буюк Британия парламенти Лордлар палатасининг аъзоси Фредерик Понсонби ўзбек халқини тобора яқинлашиб келаётган қутлуғ шодиёна — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрами билан табриклади. Ушбу айём муносабати билан берган интервьюси чоғида Ф. Понсонби республикамиз аҳолисига ўзининг энг эзгу тилакларини изҳор этди.
Пойтахтимизда Ҳакамлик судлари ассоциацияси томонидан Германия Федератив Республикасининг Фридрих Эберт номидаги халқаро фонди билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилишнинг ўрни ва аҳамияти: миллий амалиёт ва халқаро тажриба” мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.
“Евроньюс” телеканалининг хабар беришича, Ҳиндистонда бошланган ёмғирлар мавсуми бир қатор кўчкиларни келтириб чиқарган.
Сурункали ёғингарчиликлар оқибатида мамлакатнинг Махараштра штатидаги битта қишлоқ бутунлай йўқ бўлиб кетган. Бу ерда истиқомат қилувчи ўн етти киши ҳаётдан кўз юмган. 160 нафар одамнинг тақдири эса ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Штатнинг кўплаб ҳудудларида сув тошқинлари кузатилаяпти.
Ҳиндистонда ёмғирлар мавсуми июль ойида бошланиб, сентябргача давом этади.
* * *
Худди шунга ўхшаш табиат инжиқликлари Европанинг бир қатор давлатларида ҳам кузатилмоқда. Масалан, Руминияда ёққан кучли жала сув тошқинларини келтириб чиқарди. Оқибатда мамлакатнинг жануби-ғарбидаги бир нечта аҳоли яшаш манзилларини сув босди. Саксонга яқин бинога жиддий зарар етди, ўн икки мингта уй электрсиз қолди. Икки киши ҳаётдан кўз юмган. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация тадбирлари олиб борилмоқда.
Хорватия ва Бельгиянинг ҳам айрим ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар туфайли тошқинлар юз бериб, кўчкилар содир бўлган.
Ирландиянинг “Allied Irish Banks” банки ўтган олти ойда 437 миллион евро миқдорида даромад кўрди.
Молия муассасаси бунга ишончсиз кредитлар ҳажмини қисқартириш эвазига эришган. Таҳлилчилар молиявий таназзул туфайли ночор аҳволга тушиб қолган мазкур банкка давлат томонидан берилган 20 миллиард евро миқдоридаги иқтисодий ёрдам ҳам унинг фаолияти жонланишида муҳим аҳамият касб этганини билдиришди. Энди ҳукумат ўша сармоя орқали ўзи эгалик қилган активларни яна “Allied Irish Banks”га қайтариши мумкинлиги айтилмоқда.
Мазкур молия муассасаси 2013 йилнинг биринчи ярмини 838 миллион евро миқдоридаги зарар билан якунлаган.
12.03.2018
12.03.2018
12.03.2018
12.03.2018
12.03.2018
12.03.2018
12.03.2018
12.03.2018
12.03.2018