Эзгуликка бахшида умр
  • 25 Апрель 2017

Эзгуликка бахшида умр

Инсон қадри улуғ, манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган юртимизда эзгу ниятлар ила умргузаронлик қилаётган кексалар жуда кўп. Шу кунларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани ҳам мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганини ифодалайди.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тегишли вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида уруш -қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олинмоқда. 

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мухтор Расулов  хонадони ҳам доимо меҳмонлар билан гавжум. Яқинда отахонга Президентимизнинг юқоридаги Фармонига мувофиқ, пул мукофоти ва турли совғалар тантанали равишда топширилди.

Бу йил 95 баҳорни қарши оладиган нуроний ўз умрини одамларга эзгулик улашиш, уларни маърифатга чорлаш, илм зиёсидан баҳраманд этишга бахшида қилди.

— Ўқувчилик йилларимда ўқитувчилик, мураббийлик касбига қизиқиб, одамларга илму-зиё тарқатиш сири менга ҳеч тинчлик бермай, ўз сеҳрига тортиб келарди, — дейди отахон. — Бу қизиқиш мени ўрта мактабдан сўнг Тошкент педагогика билим юртига бошлади. Билим юртини битиргач, тўлиқсиз ўрта мактабга ўқитувчи қилиб юборишди. Бу ерда бирданига кўп муаммоларга дуч келдим. Ўша даврда мактабларда ўқитувчилар етишмас, муаллимлар бир дарсдан чиқиб, навбатдаги дарсга киришар, нафас ростлаб олиш учун ҳам вақт кам эди. 

Тўсатдан бошланган мудҳиш уруш барчанинг тинч-осуда ҳаётини издан чиқариб юборди. Мухтор Расулов урушнинг бошидан охиригача иштирок этиб, 26 та орден ва медаллар билан тақдирланди. 

Урушдан сўнг у таълим тизимининг турли бўғинларида фаолият юритди. Айниқса, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши Мухтор Расуловга янги куч-ғайрат, илҳом бахш этиб, илмий-педагогик фаолиятидаги янги қирраларнинг очилишига сабаб бўлди.

Мухтор Расулов кадрлар тайёрлашда тарбиянинг аҳамияти, инсон маънавиятининг ролига алоҳида ёндашади. Таълим ва тарбиянинг узвийлиги тўғрисидаги қоида унинг ҳаётий принципларидан бири ҳисобланади. Шу боис унинг меҳнат фаолиятида маънавий-маърифий ишлар аҳамиятли ўрин тутади. Мунтазам равишда ўқувчи ва талабалар билан, турли идора ҳамда ташкилотлар меҳнат жамоалари билан учрашиб, маънавиятга оид мавзуларда суҳбатлар олиб боради. Мураккаб кечган умр йўлида кўрганлари асосида ҳаётий тажрибалар, фикр-мулоҳазаларини кенг жамоатчилик билан ўртоқлашади. Айни пайтда юртимиз мустақиллиги, истиқлол берган имкониятлар, мамлакатимиздаги тинчлик-тотувлик, барқарор турмуш буюк неъмат эканлиги, ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этиб келинаётган муваффақиятлари тўғрисида турли маърифий кечалар, давра суҳбатлари ва учрашувларда мароқ билан сўзлашдан чарчамайди.

— Инсон ҳаётидаги энг муҳим ва қимматли нарса — вақт, — дейди отахон. — Шунинг учун уни қадрлаш керак ва унга бефарқ бўлмаслик лозим. Ҳаёт вақт билан ўлчанади. Вақт бирлиги ичида кўп ҳаракат қилиб, тез уриниб кўплаб муваффақиятларга эришиш мумкин. Шу боис халқимиз “Бугунги ишни эртага қўйма”, деб бежиз айтмайди. -Демак, вақтдан унумли фойдаланиш, уни қадрлаш керак. 

Турғун ЗИЯЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn