Юксак салоҳиятли авлод истиқболи ва ҳуқуқий кафолат
  • 25 Апрель 2017

Юксак салоҳиятли авлод истиқболи ва ҳуқуқий кафолат

Сифатли таълим хизмати имкониятини ошириш, меҳнат бозорининг бугунги эҳтиёжига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан жабҳасини ривожлантириш, таълим тизими узлуксизлигини янада такомиллаштириш борасида белгиланган муҳим вазифалардан биридир.

Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизимдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Қарор асосида Олий таълим тизимини 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун 1,7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилди. Улардан 1,2 триллион сўми ўқув-лаборатория бинолари, спорт заллари ва талабалар тураржойларини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлашга, 500 миллиард сўмдан ортиғи ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарлар билан таъминлаш, умумий тартибда фойдаланишга мўлжалланган, барча таълим муассасасига хизмат кўрсатадиган лаборатория комплексларини ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланади.

Ушбу ҳужжат асосида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган айрим олий таълим муассасалари ихтисослашувининг ўзгартирилгани ҳам юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. Айни чоғда ёш педагог 

ва илмий ходимлар малакасини ошириш бўйича “Истеъдод” фонди томонидан олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ҳамда хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитишнинг жорий қилиниши ёш авлодни АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Нидерландия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва шу каби бошқа давлатларнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида таҳсил олиши ҳамда улар билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига замин ҳозирлайди.

Таълим ва ўқитиш сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида янги ваколатли давлат органи ташкил этилиши ҳам қарорнинг эътиборга молик -жиҳатларидандир. Бу эса Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг келгусида бир қатор обрўли нашрлар тарафидан ҳар йили эълон қилинадиган дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари қаторида бўлишига мустаҳкам пойдевор яратади. 

Бундан ташқари, ҳар йили 350 нафардан ортиқ хорижлик юқори малакали олимлар, ўқитувчи ҳамда мутахассисларнинг мамлакатимиз олий таълим муассасалари ва қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига кенг жалб этилиши белгиланди. Бундай ёндашув улар билан нафақат тажриба алмашиш, балки ҳамкорликда янги авлод ўқув қўлланмаларини яратиш ҳамда уларни олий таълим тизимига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, жумладан, энг янги хорижий адабиётларни сотиб олиш ҳамда таржима қилиш негизида ахборот-ресурс марказлари фондини мунтазам янгилаб боришга имконият яратади.

Умуман, таълим-тарбия ва илм-фан соҳасига йўналтирилаётган маблағлар, кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлодни юксак интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялашнинг мустаҳкам пойдеворидир. 

Акмал УМИРЗАКОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn