Глобал тармоқдаги сирли найранглар
  • 25 Апрель 2017

Глобал тармоқдаги сирли найранглар

“Ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг тезкор ва қулай воситаси интернетдир.

Айримлар унинг қулайликларидан билимини бойитиш йўлида оқилона фойдаланаётган бўлса, баъзилар маънавий таназзулга сабаб бўладиган сайтларга кириб, ўзлари ва атрофдагиларнинг онгини заҳарлаётир. Бундай шароитда дунё ахборот маконидан ҳар ким ўзига керакли нарсани олади, деб тарбияни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ярамайди.

Зеро, бугун курашлар жанг майдонларида эмас, балки мафкура полигонларида кечаяпти. Ёвуз ниятли кимсалар ёшлар онгу қалбини интернет сайтлари орқали эгаллашга уринмоқда. Масалан, сўнгги бир йил мобайнида “ўргимчак тўри” деб аталмиш интернет орқали “Кўк кит” деб номланган хавфли ўйин МДҲ мамлакатлари орасида кенг тарқалди. Баъзи маълумотларга кўра, 2016 йилда Россияда 720, Қирғизистонда 95, Қозоғистонда 33 ўсмирнинг ушбу ўйин туфайли ўз жонига қасд қилишга урингани қайд этилган. Россиянинг “Vkontakte” ижтимоий тармоғида “Кўк кит”, “f57”, “f58”, “4:20 да мени уйғот”, “Китлар денгизи”, “Югурасан ёки ўласан” номи билан 300 дан ортиқ разил суиқасд гуруҳлари мавжуд. Ачинарлиси, уларнинг домига илинаётганлар, асосан, ҳаётнинг аччиқ-чучугини ҳали англаб етмаган ўсмирлардир.

Ўсмирлик — энг нозик палла. Баъзан ота-оналар уларни  тушунмаётгандек, мактаб эса фақат муаммолардан иборатдек туюлади. Афсуски, манфур мақсадли кимсалар ижтимоий тармоқлар воситасида ёш болалар ва ўсмирларнинг ана шундай ҳолатидан фойдаланиб, турли бузғунчи ўйинлар гирдобига тортиш, сўз, видео, расм, мусиқа ва турли шаклдаги карахт қилувчи овозлар орқали уларни тушкунлик ҳолатига туширишга ҳаракат қилаётир. Натижада болалар уларнинг қўлидаги “қўғирчоқ”га айланиб, ҳатто, ўз жонига қасд қилишгача бормоқда.

Гуруҳ маъмури ёки “раҳнамо” ўсмирларни ўз назоратида доимий ушлаб туриш учун топшириқни бажарган ёки бажармагани ҳақидаги суратни айнан ўзига юборишни талаб қилади. “Суиқасд гуруҳи” уни ўз жонига суиқасд қилишига туртки бериш мақсадида алдовчи сўзларни юборади. Манбанинг таъкидлашича, агар бола буюрилган вазифани бажармаса, унга таҳдид қилиш ҳолатлари учраган.

Хўш, таҳдид қандай амалга оширилади? Улар махсус дастур орқали фойдаланувчининг IP-манзилини аниқлаб, унинг уй манзилини билишади ва шу орқали “Сен шу манзилда яшайсан, шартни бажармасанг, оиланг билан йўқ қиламиз, орқага йўл йўқ, бажаришинг шарт”, дея таҳдид қилишади ёки бўлмаса, ўйин давомида иштирокчининг турли хил ўта шахсий суратлари алдов йўллари билан олинади ҳамда сўнгги босқичда суиқасдга мажбурлаш воситаси сифатида қўлланилади.

Таассуф шундаки, бу каби ғаламисларнинг бузуқ ниятларига чув тушаётганлар оз эмас. Буни халқаро янгиликлар дастурларида ҳам кўриш мумкин. “Ўлим гуруҳи”нинг топшириғи, асосан, эрталабки ширин уйқу вақтида — 4:20 — 4:50 атрофида берилиши таъкидланмоқда. Уларга сўнгги вазифа буюрилишида,  “бу туш экани, шартни бажариши билан уйғониши ва натижаси қандай бўлганини билиш мумкин”лиги каби гипноз усулларидан фойдаланилган. 

Бу ўйинларда “топшириқ”лар босқичма-босқич мураккаблаштириб борилади ва энг охирги топшириқ ўз жонига қасд қилиш билан якун топади. Маълумотларга кўра, “ўлим гуруҳлари”га қарши курашишда муайян қийинчиликлар бор, чунки гуруҳ бошловчиларининг кўпчилиги хориждан туриб фаолият юритмоқда.

Шу ўринда ўйин асосчиларидан бири, дея гумон қилинаётган Филипп Лис тахаллуси билан танилган 22 ёшли йигит ҳақида тўхталсак. Эътибор беринг: у ўз муаммолари, қийинчиликлар, тушкун ҳолати ҳақида ижтимоий тармоқда ёзувлар қолдиргач, бунга кўпчилик муносабат билдирган. Бошқаларнинг муносабати эса унга хайрихоҳдек туюлиб, у бундан илҳомланади ва кейинчалик, алоҳида гуруҳ очади. Ҳозирги кунда “Кўк кит” номи остидаги гуруҳлар анча-мунчани ташкил этади. Лекин дастлабки очилган гуруҳ ёпилиб, унинг асосчиси қўлга олинган. Филипп Лис билан суриштирув ишлари олиб борилганда, у бу ўйинни шунчаки унинг гуруҳига обуначиларнинг сони кўпайишини хоҳлагани учун очганини айтган. Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ ижтимоий тармоқлардан ғайирли мақсадда фойдаланаётганлар сафи кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Бундай носоғлом гуруҳга аъзо бўлган боланинг феъл-атвори тезда ўзгаради. У камгап ва одамови, кун бўйи уйда ўтириши, ўзининг доимий ўртоқлари ва синфдошларидан ажралиб, янги танишлари билан кўпроқ вақт ўтказиши, оила аъзолари билан кам мулоқот қилиб, сал нарсага жаҳли чиқадиган бўлиб қолиши мумкин.

Техника тараққиёти даврида хавф-хатар кутилмаган туйнуклардан кириб келмоқда. Ёшлигида компьютерни кўрмаган, интернет нималигини билмаган ота-оналар бугунги кунда уларда қандай хавф-хатар яширинганини тасаввур ҳам қила олмайди. Уларнинг дилбандлари эса компьютерни жуда мукаммал билишади. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандининг интернетда нима иш билан машғуллиги, ундан қандай мақсадда фойдаланаётганини кўздан қочирмаслиги шарт. Демак, биринчи навбатда, катта авлод вакилларининг замонавий ахборот технологиялари борасидаги билимларини ошириш, интернет маданиятини кучайтириш керак. Бу борада мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларининг ота-оналари ўртасида онлайн-танловлар ҳам ташкил қилиш мумкин. Бу танлов бир вақтнинг ўзида ҳам ота-она, ҳам фарзандни жалб қила олади. Болаларга интернетни буткул тақиқлаш билан мақсадга етиш қийин. Ота-она ўзи ҳам бола билан биргаликда ўйин ўйнаса ёки бошқа фойдали сайтларга кирса, болада ўз-ўзидан интернет маданияти шакллана бошлайди. 

Яна бир масала — ўсмирларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда, асосан, ўзлари учун тақиқланган маълумотлар билан қизиқади. Мисол учун, ўғил болалар қиз болалар билан, қиз болалар эса ўғил болалар билан танишиш ниятида бўлади. Балоғатга етиш даврида кузатиладиган физиологик жараёнлар билан қизиқадилар. Бунинг оқибатида ўзлари билмаган ҳолда “Кўк кит” сингари оқибати фожиага олиб келиши мумкин бўлган гуруҳларга қўшилиб қоладилар. Шунинг учун тегишли вазирликлар ва мутасадди идоралар биргаликда мактаб, лицей ва коллежларда сўровномалар ўтказиши, мазкур сўровномалар орқали интернетда улар қайси сайтлардан фойдаланиши, қидирув сайт-ларидан кўпроқ қайси мавзуларни қидириши ва интернетга қай вақтда кириши ҳақидаги маълумотларни тўплаб, таҳлил қилиб, мазкур таълим муассасаларида ўғил болалар учун алоҳида, қиз болалар учун алоҳида тўгараклар ташкил этиши мақсадга мувофиқ. Ушбу тўгаракларда ёшларни интернетда қизиқтираётган масалалар очиқ-ойдин муҳокама этилади. Ёшларга бу ҳақда тўлиқ ва қизиқарли маълумотлар бериб борилади. Токи жонли, юзма-юз мулоқотлар онлайн мулоқотга эҳтиёж қолдирмасин.

Мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларига мазкур таълим даргоҳларида мобиль телефондан фойдаланишни қонунан чеклаш вақти келди, деб ўйлаймиз. Тўғри, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг қаерда эканлигини билишга қизиқиши табиий. Бунда ўқитувчи, таълим муассасасининг рақамини билиш, улар билан боғланиб туриш кифоя. Чунки вазифаси беҳисоб бўлган смартфонлар болаларни дарсдан чалғитади, асосий вақт беҳуда сарфланади. Айни ўқиш, ўрганиш палласида турган фарзандларимизга телефон эмас, китоб совға қилсак, уларни мутолаага ўргатсак янада яхши. Зотан, битта телефоннинг пулига 30 — 40 та китоб харид қилиш мумкин. Бу китобларни ўқиб-ўрганиш бебаҳо бойлик орттириш эмасми?! 

Яна бир таклиф: Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази фаолиятини янада кучайтириш лозим. Бугун марказнинг асосий фаолияти техник томонга йўналтирилган бўлиб, фақат маълумотлар базаларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Унинг фаолият кўламини кенгайтириб, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларнинг фаолиятини ўрганиш ва бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни огоҳлантириш, шу орқали барча таълим муассасасида ташвиқот ишларини олиб бориш зарур.

Ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни ўз домига тортаётган “Кўк кит” ва онгни заҳарлаши мумкин бўлган бошқа манфур “ўйин”лар қўлида “ўйинчоқ” бўлмаслик мақсадида ота-боболардан мерос бўлиб қолган, эзгулик таратадиган ҳамда -инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган миллий ўйинларимизни тарғиб қилиш лозим.

Аксарият ҳолларда ота-она кун бўйи ишда, боласи эса қўлида телефон билан ёки компьютер ёнида ёлғиз қолиб, хоҳлаган сайтига кириши, истаган гуруҳларга аъзо бўлиши мумкин. Ўз фарзандини ана шундай хавфлардан асраш учун ота-она унинг смартфон ва планшетида қандай ўйинлар ўйнаётганини, ижтимоий тармоқларда ким билан мулоқот қилаётганидан хабардор бўлиб туриши ўта муҳим вазифадир. Шу боис болани имкон қадар фойдали машғулотлар билан банд қилиш керак, токи интернет ўйинларига қизиқувчан ўсмирнинг ортиқча ишлар билан шуғулланишга на вақти, на кучи ва на хоҳиши қолсин. Зеро, ҳар қандай инсоннинг энг мўътабар орзуси, астойдил интилган асосий мақсади — соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш.

Шуҳрат САТТОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn