Маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш — давр талаби
  • 22 Апрель 2017

Маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш — давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Маълумки, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳудудларни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини ҳал этиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолар ҳамда камчиликларни бартараф қилиш Олий Мажлис палаталари фаолиятининг асосий вазифалари сифатида белгиланган. Айни пайтда барча даражадаги халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш борасидаги ваколатларини кенгайтириш зарурати юзага келмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққан эксперт ва мутахассислар маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини кучайтириш масалаларига тўхталдилар. Хусусан, маҳаллий Кенгаш депутатларининг сессия кун тартибига киритилган масалалар билан танишиши ҳамда унга жиддий тайёргарлик кўришини таъминлаш ва доимий комиссиялар кўриб чиқадиган масалалар бўйича тегишли ташкилотларни жалб этиш тизимини аниқлаштириш мақсадида намунавий регламентга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш кераклиги айтиб ўтилди.

Иштирокчилар Кенгашнинг назорат функциясини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни ҳам алоҳида кўрсатиб ўтишди. Масалан, кўпинча ижро ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бермай туриб, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига депутат сифатида рўйхатга олинаяпти.

Тадбирда муҳокама қилинган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Депутатлар фикрича, айтиб ўтилган таклифларни ҳаётга изчил татбиқ этиш бугунги куннинг долзарб талабларидандир.

Якунда Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа бир қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрланиши белгилаб олинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn