«Олтин қалам»: имконият, рағбат ва масъулият
  • 08 Апрель 2017

«Олтин қалам»: имконият, рағбат ва масъулият

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ролини ошириш, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш масалаларига давлатимиз томонидан алоҳида  эътибор қаратилмоқда. Чунончи, Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш жараёнида ОАВни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Ўз навбатида, журналистлар меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида  ўтказилаётган ижодий танловлар бу борадаги ишларга янгича руҳ ва мазмун бағишлаётир.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда анъанавий тарзда уюштирилаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловининг ҳам бунда ўз ўрни бор.

Мазкур ижодий беллашувда бу йил бир қанча янгиликлар кутилмоқда. Ана шу каби ўзига хос жиҳатлар хусусида “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Саъдулла Ҳакимов билан суҳбатлашдик.

— Айни кунларда “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун эълон қилинган навбатдаги танлов барча оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорлар диққат-эътиборида турибди. Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад ва унинг аҳамияти ҳақида нималар дея оласиз? 

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизнинг орзу-умидларига кўмакдош бўлиш, жамият ҳаётида кечаётган ислоҳотларни янги, юқори босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар оммавий ахборот воситалари ходимларидан тезкорлик ва ҳаққонийлик баробарида, воқеликка чуқур танқидий-таҳлилий ёндашувни талаб қилмоқда. 

Эътироф этиш жоизки, мустақиллик йилларида юртимиздаги оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш, либераллаштириш борасида салмоқли ишлар бажарилди. Бугунги кунда юртимизда 1500 дан ортиқ ОАВ, жумладан, 691 газета, 309 та журнал, 15 та ахборот бюллетени, 4 та ахборот агентлиги, 65 та телеканал, 35 та радиоканал ва 395 та веб-саҳифа фаолият юритмоқда. Тобора фаоллашиб бораётган демократик ўзгаришлар шароитида нодавлат оммавий ахборот воситалари тизими вужудга келди. Хусусий матбуот нашрлари, телерадиоканаллар республикамиз ахборот майдонида ўз ўрнини эгаллади. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.  

Шу билан бирга, журналистларимиз  олдида турган долзарб вазифалар ҳам бисёр. Хусусан, матбуотимиз жаҳон ахборот майдонида юртимиз миллий манфаатларини тўлақонли ҳимоялаш, айниқса, дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, ўсиб келаётган ёш авлодни “оммавий маданият”нинг зарарли таъсирларидан асраш, уларнинг маданий савияси, билим ва дунёқарашини кенгайтириш, юртдошларимиз онгида демократик қадриятлар, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш каби мақсад-вазифаларни амалга оширишда ўз имкониятларини етарлича ишга солаяпти, дея олмаймиз.

Кези келганда айтиш жоизки, журналистларимизда танқидий-таҳлилий мушоҳада кўникмасини шакллантириш  жараёни ҳам ҳаёт талабларидан орқада қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Булар, аввало, журналистларнинг фаоллигини кучайтириш, касбий маҳоратларини юксалтириш юзасидан ихтисослаштириш жараёнларини ягона дастур асосида тизимли равишда амалга оширишни тақозо этади. Негаки, масалани ҳар тарафлама чуқур таҳлил этиш учун биргина  хоҳиш-истакнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун журналист муайян соҳа бўйича етарлича билим ва маҳоратга эга бўлиши лозим. Энг муҳими, ҳар бир қаламкаш қалбида юрт истиқболи, халқ дарду ташвиши билан ёниш ҳисси жўш уриши керак.

Бунда, таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан жорий қилинган “Олтин қалам” Миллий  мукофоти учун  халқаро танловнинг алоҳида ўрни бор. У демократик янгиланишлар жараёнини жадаллаштириш, ахборот эркинлигини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситаларини янада либераллаштириш, журналистларда танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни кучайтириш, соҳа ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодаси бўлиб келмоқда.  Танлов 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланиб, ғолиблар айни шу санада тантанали равишда тақдирланади. 

— Мана, танлов йўлга қўйилганидан бери орадан ўн бир йил ўтди. Шу давр мобайнида бир қанча янги номинациялар жорий этилди. Айтинг-чи, бу йил ҳам шундай ўзгаришларни кўришимиз мумкинми?

— Агар 2006 йили ўтказилган “Олтин қалам” I Миллий мукофоти учун халқаро танловда ғолиблар 13 та (3 та асосий ва 10 та рағбатлантирувчи) номинация бўйича  аниқланган  бўлса, жорий йилги XII миллий мукофот учун танловда 17 та (битта бош, 12 та асосий ва 4 та рағбатлантирувчи) мукофот таъсис этилган. Энди бевосита бу йилги янгиликлар хусусида айтиб ўтсак. 

Жумладан, илк бор “Оммавий ахборот воситаларида китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун” ва “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациялари бўйича ҳам рағбатлантирувчи мукофотлар жорий этилди.  

Кейинги пайтларда юртимиздаги кўплаб хорижий мамлакатларнинг ваколатхоналари ҳам танловда қатнашиш истагини билдираяпти. Улар сафига бу йил Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳам қўшилди. Жорий йилда икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан элчихона “Олтин қалам” XII Миллий мукофоти халқаро танловида учта номинация бўйича юртимиз ижодкорларини рағбатлантириши кўзда тутилган. Шундай қилиб, БМТ, ЮНЕСКО каби 9 та халқаро ҳамкорнинг 13 номинация бўйича мукофотлари ҳам топширилади.

Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳам танловда иккитадан тўртта мукофот билан иштирок этмоқда. Қисқача айтганда, танлов якунида жами 34 нафар журналистнинг ижодий ишлари муносиб тақдирланади.

Бундай эътибор ва рағбат журналистлар зиммасидаги масъулиятни янада кучайтириб, вужудга келган соғлом рақобат асосида уларда янгиликка интилиш фазилатларини ошираяпти.

— Энди XII миллий мукофот учун танловни ўтказишга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берсангиз. 

— Аввало, таъкидлаш жоизки, танлов Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг давлат ижтимоий буюртмасига асосан, Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг молиявий кўмагида ташкил этилмоқда. Хабарингиз бор, жорий йилнинг февраль ойида танлов ташкилий қўмитасининг дастлабки йиғилиши ўтказилиб, унда режалар муҳокама қилиб олинган эди. Ташкилий қўмитанинг ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди. Журналистика соҳасида “Олтин қалам”  Миллий мукофоти тўғрисидаги Низомга ўзгартиш киритиш ҳақида қарор қабул қилинди. Танлов шартлари матбуотда эълон қилинди. Телевидениеда махсус ролик мунтазам равишда эфирга узатиб келинмоқда. Малакали мутахассислардан иборат ҳайъат таркиби шакллантирилди.

Танловнинг ташкилий жиҳатлари янада самарали бўлиши учун миллий ҳамкорларимиз  — Маданият, Ташқи ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа қатор ташкилотлар яқиндан кўмаклашмоқда. 

«Халқ сўзи» мухбири

Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn