Хусусан, интернетда “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуасининг ишга туширилиши тадбиркорлар фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган лицензиялаш ва рухсат беришга оид ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини электрон тарзда амалга ошириш имконини яратади.
Пойтахтимизда янги тизимнинг ишга туширилиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш ҳамда Тараққиёт стратегияси марказлари томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идораларнинг лицензиялаш бўлими раҳбарлари, ишбилармон қатлам вакиллари, журналистлар қатнашди.
Айтиб ўтилганидек, ушбу лойиҳа асосида интернетда licence.gov.uz портали йўлга қўйилди. Мазкур тизимда “ягона дарча” марказлари орқали хизмат кўрсатадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатлар ҳамда лицензиялар олиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш, тадбиркорлар учун қулай шаклда рухсатнома ва лицензиялар олиш тартиби ҳамда муддатлари ҳақидаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланиш мумкин.
Ҳозирги кунда портал орқали 40 фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар олиш учун электрон ариза топшириш мумкин. Аниқроғи, тадбиркорларга транспорт, архитектура ҳамда қурилиш, биржа, кўчмас мулк, савдо, тиббиёт, дорихона, таълим, маданият, спорт, туризм ва реклама каби йўналишларда лицензиялар электрон шаклда тақдим этилмоқда. Жорий йилнинг охиригача рухсатномаларнинг барча тури босқичма-босқич порталда жорий этилади. 2018 йилнинг 1 январидан рухсатномалар бериш жараёни автоматлаштирилиб, лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар электрон тизим орқали тақдим қилинади.
Ф. ИБРОҲИМОВА.