Навқирон авлод учун кенг имконият
  • 01 Апрель 2017

Навқирон авлод учун кенг имконият

Пойтахтимизда “Таълим ва мутахассислик” XVI халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим, Меҳнат вазирликлари ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг кўплаб олий ўқув юртлари, чет тилларини ўқитиш марказлари, йирик корхоналар, бандликка кўмаклашиш марказлари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ёшларни баркамол қилиб тарбиялашда муҳим ўрин тутаётгани, эришилаётган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилаётгани алоҳида таъкидланди. 2016 йилнинг 15 сентябридан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни бу йўналишдаги чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади. Мазкур кўргазма ҳам ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. 

Мамлакатимиз ёшларини Ўзбекистон ва хорижий давлатлар таълим тизими билан яқиндан таништириш, ўғил-қизларимизнинг қизиққан соҳалари бўйича таълим муассасаларини танлашларига кўмаклашиш ҳамда мутахассислик фаолиятидаги маълум йўналишлар бўйича иш ўринларини тақдим этишга қаратилган ушбу тадбирнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилларда иштирокчиларнинг салкам ўттиз фоизи айни шу лойиҳа орқали олий ўқув юртлари ва келгусида эгаллайдиган мутахассисликларини танлаш имконига эга бўлган. Бундан ташқари, бу ердаги бўш иш ўринлари -ярмаркасида 2,5 мингдан зиёд йигит-қизларнинг бандлиги таъминлангани ҳам диққатга сазовордир.

Жорий йилги халқаро форумда иштирокчилар сони ҳар қачонгидан-да кўп. Чунончи, мамлакатимизнинг 35 дан ортиқ олий ўқув юртлари, 40 дан зиёд ўқув марказлари, шунингдек, Германия, Россия, Польша, Латвия, Буюк Британия, Хитой, Япония каби қатор давлатлар етакчи олий таълим муассасалари, турли марказлар вакиллари, иш берувчилар қатнашмоқда. 

...Ёшлар ижод саройининг иккала қавати ҳам  гавжум. Кимдир таълимнинг кейинги босқичини чет элда давом эттириш, яна биров хорижий тилларни пухта ўргатувчи марказлар фаолияти билан танишиш, қизлар эса ўқув марказларида билим ва тажриба тўплаш пайида. Юртимиздаги турли корхоналар, Меҳнат вазирлигининг Тошкент шаҳридаги бандликка кўмаклашиш марказлари стендлари ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборида. 

Кўргазма давомида бозор иқтисодиёти шароитида энг рақобатдош, талаб қилинаётган мутахассисликлар билан таништирувчи таълим дастурлари намойиш этилаётгани бу галги тадбирнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

— Ушбу кўргазманинг доимий иштирокчилариданмиз, — дейди Польшанинг Таълим тизимини ривожлантириш фонди бош мутахассиси Катажина Жоховка. — Ўзбекистонлик ёшларнинг салоҳияти юқори. Бугун улар бир эмас, бир неча хорижий тилларда эмин-эркин сўзлашаяпти. Йигит-қизларингиз мамлакатимизда таҳсил олишга қизиқиш билдиришаяпти. Стендимизда Польша олий таълим муассасаларидаги йўналишлар бўйича маълумотлар тақдим қилинмоқда. 

“Таълим ва мутахассислик” XVI халқаро кўргазмаси бугун ўз ниҳоясига етади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn