«Ўзбекистон фуқароси бўлиш — катта бахт»
  • 01 Апрель 2017

«Ўзбекистон фуқароси бўлиш — катта бахт»

Ўзбекистонимиз истиқлол йилларида демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён қилиб келмоқда. Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асосида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилиши кафолатланаяпти.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 22 февраль куни имзоланган навбатдаги ҳужжат — “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги Фармон бунинг ёрқин тасдиғи бўлди. Шу боис мазкур эзгу чора-тадбир халқимиз томонидан юксак инсонпарварлик намунаси сифатида кутиб олинди. 

Айни кунларда жойларда ана шундай имкониятга эга бўлган ҳамюртларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилмоқда.

Чунончи, Олмалиқ шаҳридаги Қалмоққир маҳалласида яшовчи Фарҳод Усмонов ҳам шулардан бири. У куни кеча Тошкент вилояти ҳокимлигида ўтказилган тадбирда етти нафар воҳа вакили сафида фуқаролик паспортини қабул қилиб олди.  

— Ўзбекистонда туғилдим, шу юртда вояга етдим, — дейди у. — Жамиятда ўз ўрнимга, обрў-эътиборга сазовор бўлдим. Оила қурдим. Уйли-жойли бўлдик. Ҳаётимиздаги барча яхши кунлар учун давлатимиздан миннатдормиз. Аммо неча йилдирки, бир армоним бор эди. У ҳам бўлса, жонажон Ўзбекистоннинг фуқароси бўлиш. Чунки собиқ тузум давридаги баъзи бир англашилмовчиликлар туфайли шундай ҳолат юзага келганди. Бугун мен билан бирга икки укам — Ўктам ва Дилшод ҳамда синглим Ферузахон ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлди. Бундай бахтга эришганимиздан бутун оила аъзоларимиз, дўсту яқинларимиз жуда хурсанд. Шу кунларга етказганига шукр.  

Дарҳақиқат, ислоҳотларнинг янги босқичи бошланган юртимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоя ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном -берилиши ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак”. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги Фармони бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди. 

Андижон вилояти ҳокимлигида ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар бу ҳақда мамнуният билан таъкидладилар. Бу ерда юқорида номи келтирилган ҳужжатга мувофиқ, Фазлиддин Шадмановга фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди. 

— Бугун ҳаётимдаги энг унутилмас кун, — дейди “Андижонкимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Ф. Шадманов. — Энг катта орзуим рўёбга чиқди. Асли Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида туғилганман. 

1988 йилдан буён Ўзбекистонда истиқомат қилаяпман. Олий таълим муассасасида ўқидим, оила қурдим. Бутун меҳнат -фаолиятимни мана шу мамлакат — Ўзбекистонимиз истиқболига бағишладим. Турмуш ўртоғим Матлубахон ҳам ёшларга математика фанидан сабоқ беради. Ўғлим Давронбек эса Андижон машинасозлик институтида таҳсил олмоқда. Оила аъзоларимиз билан бахтимизни шу юртда топдик. Ўзбекистонимиздаги тинчлик-осойишталик, хонадонларимиздаги файзу барака, турмушимиздаги фаровонлик ҳар биримизни шукроналик туйғуси билан яшашга ундайди. 

Фарғона вилоятида ҳам Президентимиз Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган тўрт нафар юртдошимизга фуқаролик паспортини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. 

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз ҳаётини шу юрт тақдири билан чамбарчас боғлаган. Мавриди Панайот ҳам Украинада туғилган бўлса-да, жонажон Ватанимиз тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилиб, озод ва обод юрт барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган замондошларимиздан бири. У бу йил 79 ёшни қаршилади. Тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб, шу ерда ўз бахтини топди. 

— Инсон қадрланган жойда азиз экан, — дейди у. — Турмуш ўртоғим билан фарзандларимизни вояга етказдик. Бу юртда қарор топган аҳиллик, тотувлик, ҳамжиҳатлик туфайли мен ўзимни ҳеч қачон ўзга миллат вакили сифатида ҳис қилмаганман. Ўзбекистон фуқароси бўлганим эса толеимга битилган саодатимдир. 

— Дунёдаги энг бахтли мамлакатнинг бахтиёр аёлларидан бириман, — дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Нигора Исмоилова. — Рости, шу жаннатмонанд юртнинг фуқароси бўлишни орзу қилгандим. Президентимизга раҳмат, мана бугун ана шу ниятимга етдим. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинишим республикамизда инсон ва унинг манфаатлари нақадар юксак қадрланаётганини ифодалайди. 

Сирдарё вилояти ҳокимиятида бўлиб ўтган тадбирда Нигора Исмоиловага Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат — фуқаролик  паспорти топшириш маросими тантанали равишда ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёшлар қатнашди. 

Навоий вилоятида эса уч киши Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини қабул қилиб олди. Эътиборлиси, уларнинг барчаси бир оила вакилларидир.

— Тақдиримдан жуда розиман, — дейди Учқудуқ шаҳрида истиқомат қилувчи Неъмат Мўминов. — Бугун ўзим ва икки фарзандим расман Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сафидан жой олдик. Ҳозир Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат қилаяпман. Бизни ҳамиша ардоқлаб келаётган юртимиз равнақи учун бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятимизни аямаймиз. 

Айни пайтда бундай тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда. 

«Халқ сўзи» мухбирлари

 хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn