Ички йўллар ички муаммоми?
  • 01 Апрель 2017

Ички йўллар ички муаммоми?

Автомобиль йўллари. Улар қандай стандартларга жавоб бериши лозим? Бугунги кунда мазкур инфратузилма тармоқларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш ишларига йўналтирилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги қай даражада? Умуман, мамлакатимиздаги автомобиль йўлларининг ҳолати талабга жавоб берадими?! 

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда айни шу соҳадаги муаммолар ҳақида сўз юритилиб, уларнинг ечимига доир устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, ҳужжатда келтирилганидек, юртимизда автомобиль йўллари тармоғи бўйича юзага келган ҳақиқий ҳолат ва ривожланиш даражаси йўл хўжалигининг барча йўналишига доир аниқ ҳамда самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Мазкур жараёнда эса иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжлари алоҳида ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқдир.  

Бинобарин, йўлсозлик — улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Халқимизнинг “Йўл қуриш — савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассам, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади. Аммо бугун барча соҳада бўлганидек, йўлсозликда ҳам танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳал қилувчи ўрин тутмоғи керак. 

Келинг, шу ўринда фикримизни республикамизнинг энг йирик, саноатлашган ҳудудларидан бири — Тошкент вилояти мисолида давом эттирсак. Вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда бу ерда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг узунлиги 3965 километрни ташкил қилади. Шундан 379 километри халқаро, 1272 километри давлат, 2314 километри маҳаллий аҳамиятга молик йўллардир. 

Вилоятда ушбу йўлларни соз ҳолатда сақлаш, янгиларини қуриш борасида, айниқса, ўтган йилда муайян ишлар амалга оширилди. Бунинг учун Инвестиция дастури доирасида жалб этилган 6,613 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди. Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг 63-километрини Бектемир — Чирчиқ — Fазалкент — Чорвоқ йўли билан боғловчи, Сергели массивини янги йўналиш бўйича айланиб ўтувчи 22 километр узунликдаги автомобиль йўлини қуриш, Тошкент — Чирчиқ — Чимён автомобиль йўлининг 66 — 76,5 ҳамда 80-81-километрини таъмирлаш, Паркент — Заркент — Сўқоқ йўналишидаги йўлнинг 10 километрлик, Тошкент — Тўйтепа йўлининг 11 — 13,5 километрлик қисмини тўла таъмирлаш ишлари шулар жумласидандир. Мазкур юмушларни ўз вақтида бажаришда 40 дан ортиқ замонавий техникалар харид қилингани қўл келди. 

Буларнинг барчаси яхши, албатта. Бироқ бугун ички йўлларнинг ҳолати қандай? Бундан аҳоли розими? 

Вилоят ҳокимиятидан берилган маълумотга кўра, бу борада ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига шу йилнинг ўтган даврида Тошкент вилоятидан ички йўллар ва йўлакларни таъмирлаш бўйича 1102 та, автомобиль йўлларининг талабга жавоб бермаслиги юзасидан 55 та шикоят келиб тушган. 

Шунингдек, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари билан аҳоли ўртасида ўтказилган учрашув ҳамда мулоқотларда ҳам ушбу мавзу хусусида фикр юритилиб, биргина Қуйи Чирчиқ туманида йўл инфратузилмаси ҳолати қониқарсизлиги, ҳудуддаги давлат аҳамиятидаги 96 километр йўлнинг 68 километри, маҳаллий аҳамиятдаги 99 километр йўлнинг 73 километри таъмирталаблиги қайд этилганди. 

Бундай мурожаатлар бош бошқарманинг ўзида ҳам мавжуд. Яъни бу ерга жами 137 та мурожаат бўлган бўлса, шундан 58 таси қаноатлантирилган, қолганларига эса тушунтириш берилган. Шулардан бири — Бекобод тумани, Хонобод маҳалласида яшовчи фуқаро А. Шодиевга тегишлидир. 

А. Шодиев 2017 йил 4 январда йўллаган хатида умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган “4Р-20” Жумабозор — Қушчи автомобиль йўлининг бир километрлик қисмини таъмирлаш бўйича ёрдам сўраган. Ариза муаллифи билан соҳа мутахассислари учрашиб, мазкур йўлнинг 2 километрлик қисмига асфальтбетон қопламаси ётқизиш -ишлари жорий йилги иш режага киритилганини билдиришди. 

Ёки Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-4, 14-уй, 5-хонадонда истиқомат қилувчи Ф. Қурбонбоев томонидан Янги Тошкент айланма йўлининг участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш, Юқори Чирчиқ туманидаги “Agro Eko Grand”  фермер хўжалиги раҳбари Т. Ниёзовнинг Янгибозор — Арганчи — Мамут автомобиль йўлининг 11-14-километридаги қопламасини таъмирлаш ҳамда ушбу автойўл 1 километрлик қисмидаги қувурнинг аянчли ҳолатда эканлиги мазмунидаги мактублари ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, тегишли чоралар белгилаб олинган.  

— Корхоналаримиз томонидан ўтган йили 119,8 километр масофадаги ички хўжалик йўллари, намунали лойиҳалар асосида қурилган мавзеларга олиб борувчи йўллар, шунингдек, шаҳар кўчаларида капитал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди,  —  дейди Тошкент вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Худойберган Тўлаганов. — Бу етарли эмас, албатта. Чунки ҳозирги кунда вилоятдаги мавжуд 8 минг 696 километрлик ички хўжалик йўлларнинг 60 фоизи таъмирталаб аҳволда. Шу боис жорий йилда ушбу йўналишдаги ишларга жиддий эътибор қаратилаяпти. Мазкур юмушларни ўз вақтида амалга ошириш учун шаҳар ва туман ҳокимиятлари билан биргаликда манзилли рўйхатлар тузилиб, ҳар бир кўчада қилинадиган ишлар белгилаб олинди. Айни пайтда зарур хом ашё ва маҳсулотлар тўпланмоқда. 

Масалан, Янгийўл туманидаги “Туябўғиз” МФЙ ҳудудидаги Дўстлик, “Чаманзор” МФЙдаги Чаманзор, “Самарқанд” МФЙдаги Наврўз, “Ўзбекистон бекати” МФЙнинг марказий кўчалари сингари 78 та объект мазкур рўйхатга киритилди. Жорий йилда ушбу туманда 22,9 километрлик ички хўжалик йўллари таъмирдан чиқарилади. Умуман, бу йил вилоят бўйича 512 километр ички хўжалик йўлларида шундай ишлар амалга оширилади. Жумладан, 138 километр тупроқли йўлга тош-шағал ётқизилса, 38 километрлик шағал-тош йўл қора қоришмали йўлга ўтказилади. 80 километр тош-шағалли йўлларга эса асфальтбетон қопламаси ётқизилади. Бунинг учун 38,2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Вилоят йўлсозлари томонидан Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи “М-34” автомобиль йўлининг 14 — 18 километрлик қисмида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Пировардида йўл тўрт қаторлига айлантирилди. Бундан ташқари, унинг ён-атрофи ободонлаштирилиб, бир қанча хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. Зангиота зиёратгоҳига  пиёдалар ўтиши учун ер ости йўли барпо қилинди. Қисқача айтганда, бу ҳудуд обод манзилга айланди. Бугун бундай қулайликлардан аҳоли ва зиёратчилар мамнун. 

Мазкур катта йўлнинг шундоққина ёнида “Зангиота” қишлоқ фуқаролар йиғини жойлашганки, бу ҳудуд йўлларига бундай таъриф бериш мушкул. Чунки ички кўчалардаги ўйдим-чуқур йўллар йўловчию ҳайдовчига бирдек ноқулайлик туғдиради. Аҳвол қор-ёмғирли кунларда, айниқса, оғирлашади. Балчиқ сувдан қочган чуқурга ёки аксинча, чуқурни айланиб ўтишга уринган киши сувга тушиши аниқ.

— Ҳудудимизда еттита маҳалла жойлашган бўлиб, уларда 20 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди йиғин раиси Наргиза Аҳмедова. — Ички кўчаларимиз узунлиги 178 километрни ташкил қилса, кейинги ўн йилликда 5 километр йўл ҳукумат маблағлари, 15 километрга яқини ҳомийлар ҳисобидан таъмирланди. Лекин таъмирталаб кўчаларимиз ҳам талайгина. Жумладан, Боғзор маҳалласидаги 5 километрлик кўча қарийб 40 йилдан буён асфальт қилинмаган, Хўжамозор маҳалласидаги Катта сув кўчасининг 350 метр, Ўрта маҳалладаги Мустаҳкам оила кўчасининг 350 метрлик қисми эса ўта абгор аҳволга келиб қолган. Умуман, ҳудудимиздаги 75 километр йўл таъмирга муҳтож.  

Шу ўринда қибрайлик тадбиркор Ботир Собировнинг ташаббусини келтириб ўтиш жоиз. У маҳалласидаги ишбилармонларга ўзлари яшаб турган кўчани асфальтлаштириш, ободонлаштириш борасида маслаҳат солди. Кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқди. Кимдир керакли тош ва шағал етказиб беришни зиммасига олган бўлса, яна бири пудратчи ташкилот топди. Шу тариқа икки километрлик масофали кўчани асфальтлаш тўғрисида шартнома тузилди. Бугун “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ибн Сино кўчаси туманнинг намунали масканларидан бирига айланган. Бу каби ташаббускорлар сафи кенгайса айни муддао. 

Лекин ҳозирги кунда нобоп ички йўллар, йиллар давомида эътибор кутиб ётганлари ҳам оз эмас. Бу эса, табиийки, аҳоли орасида “Йўлнинг эгаси ким?” деган саволни юзага чиқараётган эди. 

— Президентимиз томонидан шу йил 14 февралда имзоланган Фармон билан ушбу саволга жавоб топилди, — дейди Оққўрғон туманидаги Қаҳрамон қишлоғида яшовчи фуқаро Илҳом Ҳотамов. — Бинобарин, унга кўра, нафақат йўлсозлик соҳасидаги ташкилий-бошқарув тизими янгиланаяпти, балки ички йўлларни соз ҳолатга келтириш юзасидан мутасадди ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди. Бу барчамизнинг дилимиздаги гап бўлди.

Йўллар элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Давлатимиз томонидан йўл қурилиши соҳасига қаратилаётган жиддий эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта. 

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Бахтиёр АКРАМОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn