Оилалар билан самарали мулоқот
  • 01 Апрель 2017

Оилалар билан самарали мулоқот

Шу кунларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида туман ва шаҳарларда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари учун “Мулоқот маданияти — оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили” мавзуида кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, Андижон шаҳрида ўтказилган ана шундай тадбирда мамлакатимизда оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Табиийки, ушбу йўналишдаги хайрли саъй-ҳаракатлар маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

— Оила билан самарали ишлаш маслаҳатчидан етарли билим ва малакани талаб этади, — дейди “Маҳалла” фондининг -вилоят бўлими бош мутахассиси 

О. Ибрагимова. — Шу боис тадбирда маслаҳатчиларнинг фуқаролар билан мулоқот жараёнини ташкил қилишдаги фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Унда Андижон шаҳридаги 100 нафардан зиёд маслаҳатчилар қатнашди.  Бундай семинарлар туман ва шаҳарларда 10 апрелгача давом этади ҳамда уларга вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчилари қамраб олинади.

Тошкент вилоятида ўтказилган анжуманда маслаҳатчилар иштирокида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, миллий, диний анъаналар ва урф-одатларни сақлаш ҳамда ривожлантириш, маънавий муҳит барқарорлиги, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинди.

— Бугунги анжуманга биз каби маслаҳатчилар таклиф этилиши бежиз эмас, — дейди Қибрай туманидаги “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Р. Эргашева. — Негаки, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, шу орқали турмуш фаровонлигини юксалтиришда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Албатта, бу жараёнда мулоқот маданиятини чуқур ҳис этиш биздан катта ҳаётий тажрибани талаб қилади. Шу маънода, бугунги семинар жуда фойдали бўлди.

Самарқанд шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари ва фаол аёллар иштирок этган тадбирда Президентимиз ташаббусига кўра “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган жорий йилда Давлат дастури асосида аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизимини татбиқ қилиш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётгани айтилди. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларда юртимиздаги жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам фаол қатнашмоқда.

— Халқимизда “Оиланг тинч —  сен тинч” деган нақл бор, — дейди Самарқанд шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. -Суярова. — Ўз уйида ҳаловати бўлмаган кишининг тинчи йўқолади, ишида унум бўлмайди. Бундай вазиятда инсонлар кўпинча маҳаллага мурожаат қилади. Шундай пайтда маҳалла фаоллари масалага жиддий ёндашиши зарур. Зотан, бугунги кунда маҳалла фаоллари, жумладан, маслаҳатчилар ҳудуддаги хонадонларга кириб, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, турмуш тарзидан хабардор бўлиши кўп масалаларни жойида ҳал этиш имконини беради. Семинарда айнан шу жиҳатлар эътиборга олиниб, оилалар билан ишлашда маслаҳатчиларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳам тушунтирилди.

Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган бундай тадбирларда ҳудудларда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар билан мулоқотда бўлиш, уларга зарур ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам кўрсатиш, манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мутасадди ташкилотлар кўмагида сайёр қабуллар ташкил қилишнинг аҳамияти хусусида ҳам маълумотлар берилмоқда.

Намунавий семинарлар туман ва шаҳарларда давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn