Одамларни ҳаётдан рози қилиш — пировард мақсад
  • 01 Апрель 2017

Одамларни ҳаётдан рози қилиш — пировард мақсад

Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий қилиш, шу орқали одамларни ўйлантираётган турли масалаларни, ижтимоий-иқтисодий жабҳалардаги муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этишга доир ишлар тобора жадал тус олмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада дастуриламал бўлаётир.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимининг янги босқичга чиқиши, шубҳасиз, жамиятда қонун устуворлигини, адолат ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Жойларда ташкил этилаётган Халқ қабулхоналари фуқароларнинг давлат идораларига ўз қонуний талаб ва истакларини тўғридан-тўғри баён этиш имконини бераяпти. Қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ҳамда мансабдор шахсларининг сайёр қабуллари ташкил этилаётгани аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратмоқда.

Андижон вилояти маркази, Қўрғонтепа, Бўз, Асака туманларида ўтказилган сайёр қабулларда Президентнинг виртуал қабулхонасига йўлланган 200 дан ортиқ мурожаатлар маҳаллий ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аҳоли дуч келаётган муаммолар ҳудудий жиҳатдан турлича. Мисол учун, Андижон шаҳрида фуқароларни тураржой ва доимий иш билан таъминлаш энг долзарб ҳисобланса, Пахтаобод тумани аҳолисини тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ечимини кутаётган вазифалар ўйлантирмоқда. Хўжаобод, Жалақудуқ ва Қўрғонтепа туманларида ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, газ ва электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш зарурати ортаяпти.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси 

Т. Худайбергенов, Бош прокурор ўринбосари У. Суннатов, ички ишлар вазири ўринбосари А. Мирзаев иштирок этган сайёр қабуллар чоғида шу каби масалаларнинг ечими топилди. 

Хўжаобод туманининг Кўприкбоши кўчасида яшовчи, уч фарзанднинг онаси Ўғилхон Холбоеванинг уй-жойи ер қатлами захлаши натижасида аянчли ҳолатга келиб қолган. Рўзғор ташвишларидан ортиб, етарли маблағ йиға олмаган аёл ёрдам сўраб, туман ҳокимиятига мурожаат этган. Бироқ берилган жавоб уни қаноатлантирмаган. 

— Сайёр қабул жараёнида мурожаатим адолатли кўриб чиқилди, — дейди Ў. Холбоева. — Туман ҳокимияти ва бошқа идоралар вакиллари хонадонимдаги вазиятни ўрганиб чиқишди ҳамда уйни бузиб, қайта қуриш керак, деган хулосага келдилар. Бу иш туман ҳокимияти ва бошқа ҳомийлар кўмагида амалга оширилиши белгилаб олинди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан миннатдорман.

Республикамизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали фуқароларнинг қўшимча даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш қамрови ҳам кенгайиб бормоқда. Айниқса, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган кўмак туфайли юртдошларимиз ўз хонадонларида паррандачиликни йўлга қўйиш, иссиқхоналар барпо этишга эришмоқда. Пахтаобод туманидаги Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи Барно Бекмирзаева ҳам ана шундай имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида туман ҳокимиятига мурожаат этган. Унинг режаси чорва молини кўпайтириб, оила даромадини янада яхшилашдан иборат эди. Лекин унга кафиллик кўрсатувчилар топилмади. Юзага келган муаммони ҳал қилишда амалий кўмак сўраб мурожаат этган фуқарога “Агробанк”нинг туман бўлими суянч бўлди. Банк кафилликни ўз зиммасига олди.

Инсон учун энг бебаҳо бойлик унинг соғлиғидир. Пахтаобод туманидаги “Уйғур” фуқаролар йиғини Илтифот кўчасида истиқомат қилувчи Нигора Комилова ҳам икки оёғидаги нуқсони туфайли кўп азият чекди. Шахсий жамғармаси ҳисобидан бир оёғига 2 минг АҚШ доллари қийматидаги эндопротезни сотиб олди-ю, иккинчи оёғига келганда маблағ топа олмади. Бу масаладаги мурожаати Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилди ва аёлга кредит маблағи ажратилишига келишиб олинди.

Сайёр қабул жараёнлари шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда фуқароларни тинглаш, уларнинг мурожаатларига жиддий ёндашиш, бу борада маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралар раҳбарлари масъулиятини кучайтириш билан бир қаторда, аҳоли кенг қатламининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳасида ҳам бажарилиши керак бўлган вазифалар бисёр. Бунинг учун жойларда ҳуқуқий тарғибот ишларини изчил ривожлантириш, профилактик тадбирлар кўламини кенгайтириш, оилалар ва маҳалла ҳамкорлигига катта эътибор қаратиш даркор. Ана шунда жойида ҳал этилиши мумкин бўлган аксарият масалалар юзасидан ҳукумат даражасидаги мурожаатлар юзага келмайди. Бу эса халқ билан давлат идоралари ўртасида шаффоф муносабат ўрнатилишига, одамларни ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига замин яратади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn