Дахлдорлик ҳисси ва масъулият
  • 31 Март 2017

Дахлдорлик ҳисси ва масъулият

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида содир этилган жиноятлар сабаблари ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича профилактика куни муносабати билан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳими, ички ишлар органлари ходимлари томонидан прокурорлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, Республика Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда кўрилаётган чора-тадбирлар ўз натижаларини бера бошлади.

Самарқанд вилоятида ўтказилаётган профилактика тадбирларида ҳам ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар сабаблари, ўқишга бормаётган ўқувчиларнинг ота-оналари, маҳаллалардаги нотинч оилалар, жиноят содир этишга мойил шахсларнинг хатти-ҳаракатлари кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмоқда.

— Профилактика тадбирлари сабаб туманимиз қишлоқлари аҳолиси билан ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги ҳамкорлик янада кучайди, — дейди Қўшработ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Отабек Сайдаҳмедов. — Ҳозирги пайтгача профилактика  кунларида жами 389 та тарғибот тадбири уюштирилди. Тумандаги мактаб ва коллежларда 146 марта “давомат” тадбирлари ўтказилиб, дарсга доимий қатнашмаётган 13 нафар ўқувчи ҳамда уларнинг ота-оналарига тегишли чоралар кўрилди. Айни чоғда 5127 та хонадон аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди. Саъй-ҳаракатларимиз натижасида ҳудудимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эришилмоқда.

Жиззах вилоятида ўтказилган профилактика тадбирларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ўқувчиларнинг давомати, содир этилган жиноятлар сабаб ва оқибатлари ҳамда мазкур соҳада аҳолини ўйлантираётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Ана шундай учрашувлардан бири Жиззах саноат ва сервис касб-ҳунар коллежида ташкил этилди. 

— Йиғилишда ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг олдини олиш, тарғиботни кучайтириш, ўқувчилар интизомини, уларнинг давоматини назорат қилиш борасидаги ишлар таҳлил этилди, — дейди Шароф Рашидов тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими инспектори Акрам Гулмуродов. — Ўқувчи-ёшларга Ватанни, ўз оиласи ва касбини севиш, эл-юрт олдидаги масъулиятини ҳис этиш, қонунларни ҳурмат қилиш ва одоб-ахлоқ меъёрларини сақлаш бўйича зарур тушунчалар берилди.

Фарғона вилоятида бўлиб ўтган навбатдаги профилактика тадбирларида ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган шахсларнинг турмуш тарзи ва оилавий шароитини ўрганиш, улар билан якка, умумий ҳамда махсус суҳбатлар ўтказишга эътибор қаратилди. Ҳудуддаги Ифтихор, Ўрмончилар, Шодиёна, Дўстлик, Наврўз, Машъал, Ойбек, Бешбола каби маҳаллаларда аҳоли билан учрашувлар бўлиб ўтди.

— Кун давомида 2-Фарғона тиббиёт коллежида ўқувчилар, ота-оналар ва шу ҳудуддаги маҳаллалар фаоллари иштирокида учрашув ташкил этилди, — дейди Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи Ҳаётжон Салиев. —  Ёшлар билан мулоқот жараёнида турли зарарли иллатларнинг салбий таъсири, хусусан, гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари аниқ мисоллар асосида очиб берилди.

Сирдарё вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, ҳудудда ўтказилаётган профилактика тадбирларига ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотларининг 2 мингдан зиёд вакиллари жалб этилган. Эътиборлиси, мазкур саъй-ҳаракатлар йўлга қўйилганидан буён ҳудудда жиноят содир этиш кўрсаткичи сезиларли даражада пасайди. Ўтган йилнинг биринчи чорагида 786 та қонунбузарлик қайд этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 184 та камайди. Аёллар томонидан содир қилинган жиноятлар 2016 йилнинг биринчи чорагидагига қараганда икки баравар қисқарган.

— Қўмитамизнинг бу борадаги фаолияти учун махсус дастур тузганмиз, — дейди Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддас Ўринбоева. — Унда аёллар ўртасида бўладиган жиноятларнинг олдини олиш бош вазифа сифатида белгиланган. Тадбирларда нафақат қўмитамиз жамоаси, балки таълим муассасалари бошланғич ташкилотлари вакиллари, маҳаллалардаги фаол аёллар ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳам иштирок этмоқда. Хотин-қизлар билан суҳбатларни барчага қулай тарзда ташкил қилишга катта эътибор қаратилаяпти.

Навбатдаги профилактика тадбирлари юртимизнинг барча ҳудудида юқори савияда ўтказилди. 

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn