Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ОАВ иштироки
  • 31 Март 2017

Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ОАВ иштироки

Асл моҳиятига кўра, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, одамларнинг  орзу-умидларини юзага чиқаришга яқиндан кўмаклашиш, давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида туб ижобий ўзгаришларни амалга ошириш йўлидаги аниқ мақсад ва вазифалар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган. Уларни рўёбга чиқаришда фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги, ташаббускорлиги муҳимдир.

Бинобарин, ОАВ ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кафолатлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида шаффоф муносабатни қарор топтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.  

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ҳудудларда ташкил этилган семинар-тренинглар Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг ролига бағишланди. 

Андижон шаҳрида ўтказилган семинар-тренингга ҳудуддаги босма ОАВ, интернет-медиа воситалари вакилларидан ташқари, Фарғона ҳамда Наманган вилоятларида фаолият юритаётган журналистлар ҳам жалб қилинди. 

Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш, Давлат дастури ижроси доирасидаги ишларни жамоатчиликка тизимли ҳамда муфассал етказиш ва фуқароларнинг ҳаётий позициясини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг таъсирчан ўрни хусусида атрофлича сўз юритилди. Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди. 

— Асосий эътибор кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида журналистлар олдида турган долзарб вазифаларга қаратилди, — дейди халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Садбархон Мамитова. — Шубҳасиз, ОАВ мамлакатни модернизациялаш шароитида жамият ва давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Шу нуқтаи назардан семинар иштирокчилари фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини самарали ташкил этиш, юртимиз ҳамда хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикрлар хилмахиллигини, сиёсий плюрализмни -таъминлаш масалаларини қизғин муҳокама қилдилар.

Самарқандда ўтган семинар-тренингда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб бергани алоҳида таъкидланди. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани юксалтириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритишнинг устувор йўналишларини қамраб олган дастуриламал ҳужжатда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш ҳамда журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш масалалари ҳам инобатга олинган.

— “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларни ўйлантираётган муаммолар билан яқиндан танишиб, ечимини топиш ва фаровон яшашига кўмаклашишдек хайрли ишларга туртки бермоқда, — дейди “Самарқанд” газетаси мухбири Умид Алимов. —  Халқ билан мулоқот қилиш, кенг жамоатчилик фикри билан қизиқиш қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам муҳим ўрин тутаяпти. Сўнгги пайтларда мамлакатимизда қонунлар ва муҳим қарорларни қабул қилишдан олдин жамоатчилик фикри ўрганилаётгани, қонун лойиҳалари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, соҳа мутахассислари томонидан кўриб чиқилаётгани уларнинг ҳар томонлама пухта бўлишига хизмат қилмоқда. Қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказишда, табиийки, оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият тушади. Бундай семинар-тренинглар ушбу йўналишда янада чуқур билим ва кўникма ҳосил қилишимизга ёрдам беради.

Термизда ташкил қилинган семинар-тренинг ҳам маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун касбий билим ва маҳоратини янада ошириш баробарида, соҳа ривожини жадаллаштириш, бу йўлдаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўзаро фикр алмашиш имкониятини яратди. Тадбир давомида ОАВ фаолиятини давр талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириш мақсадида қонунларга ҳамда қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратига ҳам тўхталиб ўтилди. 

Кенг жамоатчиликка Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини етказиш, унда белгиланган вазифаларни атрофлича тушунтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. 

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn