Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар
  • 23 Март 2017

Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар

Маълумки, 20 март куни Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида баҳор айёми — Наврўз байрами муносабати билан халқ сайли ва ранг-баранг концерт дастурининг намойиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳам қатнашди. Улар “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирлари билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида халқимизни ушбу кўҳна ва ардоқли айём билан табриклашар экан, Наврўзи оламнинг юртимизда нишонланиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам баён этдилар.

Миеко ЯБУТА, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ваколатхонаси раҳбари:

— Мен бугунги тадбир иштирокчиси бўлиб турганимдан хурсандман. Зеро, Наврўз баҳор, янгиланиш байрами ҳисобланади. Табиатда кезиб юрган хурсандчилик кайфияти бу ерга келганларнинг чеҳраларида акс этмоқда.

Қувонарлиси шундаки, халқ сайлида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам иштирок этди. Шу ўринда бу ерда расмий кишилар, вазирлик ва идоралар ҳамда дипломатия корпуси вакиллари билан биргаликда оддий одамлар ҳам сайилга чиққани муҳим аҳамият касб этади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон аҳолисига саховатли Наврўз, мустаҳкам соғлиқ ва гўзал баҳор ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилайман!

Криста ПИККАТ, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Ажойиб об-ҳаво, атрофни ўраб турган байрамона муҳит, одамларнинг бахтиёр чеҳралари барчамизнинг кайфиятимизни кўтармоқда. Наврўз инсоният тарихидаги энг қадимий байрамлардан бири бўлиб, уни нишонлаш анъанаси аждодлардан авлодларга ўтиб келмоқда. Ушбу кунда халқ сайилларида куй-қўшиқ ва рақслар ҳавола этилади, байрам турли тансиқ таомлар, хусусан, сумалак тайёрлаш билан ўтади.

Бу бирдамлик ва янгиланиш байрамидир. Умуминсоний қадриятларни сақлашда тутган ўрни ҳамда аҳамияти ҳисобга олинган ҳолда, Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Қулай имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг барча аҳолисини мазкур айём билан қутлайман!

Мосуд МАННАН, Бангладеш Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Наврўз ташкилий жиҳатдан юқори даражада нишонланди. Буни ушбу боққа келган Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларининг кўтаринки кайфиятида ҳам кўриш мумкин. Наврўзни нишонлашга табиатнинг ўзи кўмаклашди. Бугун ҳаво ажойиб, илиқ. Ўзбекистонда интиҳосига етган узоқ қишдан сўнг биз гўзал баҳор нафасидан баҳраманд бўлишимиз мумкин.

Биз бу ерда беқиёс таъмга эга бўлган сомса, сумалак, ҳалим каби ўзбек миллий таомларини татиб кўриш имкониятига эга бўлдик. Бугунги тадбирда мамлакат аҳолиси барча қатлами вакилларининг иштирок этгани менда катта таассурот қолдирди. Анъанавий қўшиқ ва рақслар кайфиятнинг янада кўтарилишини таъминлади.

Ўзбекистон халқига Наврўзнинг хайрли бўлишини тилайман!

СУНЬ Лицзе, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Анъанавий умумхалқ байрами — Наврўз кириб келди. ХХР ҳукумати номидан ўзбек халқини ушбу айём билан табриклайман. Ҳар кун худди Наврўздек ўтишини тилайман.

Ушбу байрам билан нафақат баҳор, балки барча ишларни, хусусан, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни изчил олиб бориш учун янги илҳом ҳам келади.

Тадбирнинг янгича шаклда ўтказилиши мени жуда мафтун қилди. Ушбу байрамни Тошкентнинг оддий аҳолиси хорижлик меҳмонлар ва мамлакат раҳбарияти билан биргаликда кутиб олди. Бу ерга тўпланган одамларни бахтли ва шод кўриш қувонарлидир.

Владимир ТЮРДЕНЕВ, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Наврўз — қадимий анъаналарга эга бўлган гўзал байрам. У халқаро даражада — БМТ томонидан эътироф этилган. Бу бежиз эмас, зеро халқнинг ушбу айёмни қандай кутиб олганини кўриб, қалбинг  қувончга тўлади. Наврўз ўзи билан баҳор келганини англатади. Табиатда барча нарса янгиланади. Шунинг учун ҳар гал ушбу байрамнинг нишонланишида иштирок этар эканман, унда худди биринчи марта қатнашаётгандек ҳис этаман ўзимни.

Бу йилги Наврўз жуда муҳим сана — Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 25 йиллигига тўғри келди. Шу муносабат билан давлатларимиз раҳбарлари табрик мактублари алмашдилар, улар кўп қиррали ва узоқ муддатли стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш истагини тасдиқладилар. Наврўз бизнинг икки томонлама ҳамкорлигимиз янада равнақ топишига кўмаклашишидан умидворман.

Ўзбек халқини ушбу байрам билан қутлайман ҳамда барчага мустаҳкам саломатлик, фаровонлик ва омадлар тилайман.

Памела СПРАТЛЕН, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Уч йилдан буён Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган бўлсам-да, мамлакатингизда Наврўзнинг нишонланишида биринчи маротаба иштирок этмоқдаман. Шу боис бугун бу ерда сизлар билан бирга бўлиш мен учун катта шарафдир.

Халқ сайлида қатнашаётган ҳар бир инсоннинг чеҳрасидаги табассум бу куннинг ўзбекистонликлар учун жуда катта шодиёна эканлигидан далолат беради.  

Республика аҳолисини Наврўз байрами билан табриклашни ва энг эзгу тилакларимни изҳор этишни истайман.

Нобуаки ИТО, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Энг аввало, мана шундай муҳим тадбирда қатнашиш учун таклиф этилганимга миннатдорлик билдиришни истар эдим.  

Наврўз байрами муносабати билан шундай ажойиб кунда очиқ осмон остида халқ сайлининг ташкил этилгани том маънодаги байрам муҳитидан баҳра олиш имконини берди. Тун ва кун тенглиги, баракали баҳор кириб келишини кенг нишонлаш анъанаси бизда, Японияда ҳам мавжуд. Шу боис биз бахтиёр чеҳралари бу байрамга дўстлик ва шодонлик бахш этиб турган Ўзбекистон аҳолисининг қувончига чин дилдан шерикмиз. 

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини Наврўз байрами билан табриклайман, бардавом тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Содиқ ИМОМИ, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Қардош ўзбек халқини қутлуғ Наврўз байрами билан чин дилдан табриклайман, мусаффо осмон, тинчлик-хотиржамлик ва бардавом фаровонлик тилайман! Истардимки, ўзбек халқига хос бўлган келажакка ишонч туйғуси сизларни асло тарк этмасин, бугун кузатиб турганимиздек, мана шундай фаровонлик ва тўкинлик ҳар бир хонадонни безаб турсин. 

Халқларимизни бир-бирига тарихий яқинлик боғлаб туради. Шу кунларда Тожикистонда ҳам Наврўзга бағишланган халқ сайиллари бўлиб ўтмоқда. Бугун Тошкентдаги ушбу тантанада иштирок этаётганимдан бахтиёрман. 

Бизнинг қардош давлатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларда кузатилаётган ўсувчанликдан чуқур қониқишни ҳис қилаётганимизни қайд этишни истардим. Биз яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор вазифалари қаторидан жой олганидан хабардормиз. Шу боис бизларни турли йўналишларда жадал ишлар кутмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида икки томонлама аҳамиятга молик бўлган 50 дан зиёд тадбирлар режалаштирилган. Бу ўзаро муносабатлар кун тартибининг мазмундор эканлигидан далолат беради. 

Аҳмет Башар ШЕН, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Ушбу фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларнинг барчасини Наврўзи олам билан табриклашга ҳамда уларнинг ҳар бир куни бугунги гўзал баҳор байрамидек ёруғ ва қувончли бўлсин, дея тилак билдиришга ижозат берсангиз.

Қалбимни қувонч ҳисси чулғаб олган, чунки мен биринчи марта Наврўзни ўзбек халқи билан бирга нишонламоқдаман. Бизнинг мамлакатда ҳам худди Ўзбекистондагидек бу байрам кенг ва шоду хуррамлик билан нишонланади. Тантаналарда ашула ва рақслар намойиш этилади, ҳамма бир-бирини ҳар хил миллий ширинликлар билан меҳмон қилади. Бу байрам янги ҳаёт ибтидоси, орзулар рўёбининг рамзи эканлиги бежиз эмас, чунки қалблар меҳр-муҳаббат, хайр-саховат сингари эзгу ҳис-туйғуларга тўлади. 

Наврўз — ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган эзгу урф-одатлари ва анъаналарининг давомидир. Биз сизлар билан ўзаро мулоқот асносида ушбу байрам билан боғлиқ Шарқ тарихи ҳамда унинг бой мероси ҳақидаги билимларимизни янада бойитамиз. 

Юрий САВЧЕНКО, Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Бу йил еттинчи маротаба Ўзбекистонда баҳорни қаршиладим. Бизнинг халқимизда етти бахтли рақам ҳисобланади. Шу боис Наврўз тантаналарида иштирок этаётганимдан хурсандман.

Бу йил баҳор ўзгача кириб келди, у инсонлар қалбида ҳам ўзгача акс этмоқда. Мана шу баҳорий руҳ ўзбекистонликлар қалбини сира тарк этмаслигини тилайман. Мамлакатнинг янги раҳбариятидан катта умидларнинг рўёби кутилмоқдаки, у  ўзининг биринчи қадамлари билан жамият ва давлат ҳаётини ташкил этишда замонавий ёндашувларга эга эканлигини тасдиқлади. Бу йўлда катта муваффақиятлар қўлга киритилишига умид қиламиз. 

Ўзбекистон катта ҳаво лайнерига ўхшайди. Мустақилликнинг 25 йили уни осмонга олиб чиқди ва қанотларида тутиб турди. Ҳозир эса у янада юксакликка кўтарилмоқда, янги мақсадлар томон интилмоқда. Шу боис бу парвоз барқарор, ажойиб ва муваффақиятли бўлишини тилайман. 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn