«Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...»
  • 23 Март 2017

«Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...»

Улуғ маърифатпарвар Абдулҳамид Чўлпоннинг бу сўзлари барча замонлар учун долзарб. Зеро, ҳикмат ҳам, қудрат ҳам, хайр-барака ҳам халқдадир. Элнинг назарига тушган одам азиз ва мукаррам бўлиши сабаби шунда. “Сен халққа қанча яқинлашсанг, халқ ҳам сенга шунча ёндашади”, дейилади кўҳна мақолларимиздан бирида. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши замирида теран моҳият мужассам. Янги йил остонасида, декабрь ойининг сўнгги кунларидаёқ давлатимиз раҳбарининг фандаги энг юксак илмий даража эгалари — академиклар билан мулоқот уюштирганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Ўзбек давлатчилигининг буюк намояндаси соҳибқирон Амир Темур давлат бошқарувининг ўндан тўққизини кенгаш асосига қурганини ёдга олсак, бу мулоқотнинг аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлади.

Халқ билан мулоқот борасида мамлакат раҳбарининг ўзи шахсан ўрнак кўрсатаётгани, айниқса, таҳсинга лойиқ. Республикамизнинг барча ҳудудида Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган қоида бу фаолиятнинг асосий мезони этиб белгилангани, мамлакатимизда инсон манфаатлари юксак қадрият даражасига кўтарилгани халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Президентимизнинг кейинги кунларда вилоятларга қилган сафарлари мамлакат ободлиги йўлида бажарилаётган улкан ишларнинг яна бир тасдиғи бўлди, десак, асло муболаға эмас.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, жамият ҳаётининг бирор-бир соҳаси давлатимиз раҳбарининг эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Йирик саноат корхоналаридан қишлоқ хўжалигигача, бунёдкорлик фаолиятидан тадбиркорликни янада ривожлантиришгача, деҳқончилигу чорвачиликдан балиқчилик ва паррандачиликкача, енгил саноат ва тўқимачиликдан соғлиқни сақлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришгача, фан ва таълимдан тарихий обидаларни асраб-авайлашгача — барча-барчасига бирдек диққат қаратилаётир. Илм-фан, адабиёт ва санъатга кўрсатилаётган алоҳида эътибор халқимиз маънавиятининг юксалиши ҳамда ёшларимиз маърифий даражасининг ўсишида, айниқса, муҳим ўрин тутади. 

Қашқадарё мамлакатимизнинг қадимий ва бой маданиятга эга масканларидан экани барчага маълум. Бу заминдан жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган Насафий, Кеший, Паздавий, Касбавий тахаллусли юзлаб олиму уламолар етишиб чиққан. Яқинда “Ўзбекистон” нашриёти томонидан чоп этилган “Буюк юрт алломалари” номли китобда Қашқадарё заминидан етишиб чиққан ўндан ортиқ ана шундай алломалар тўғрисида қимматли маълумотлар келтирилган. Мазкур вилоятга ташрифи давомида Президентимиз ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган калом илмининг улуғ алломаси Абул-Муъийн Насафий қадамжосини кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу масканда кутубхона ташкил этиш, аллома асарларини таржима қилиб, халққа етказиш бўйича аниқ амалий тавсиялар берди. Насафийлар сулоласининг сардори бўлган катта бобоси Макҳул Абул Фазл Насафий йўлидан борган Абул-Муъийн Насафий калом илмига оид “Табсирату-л-адилла”, “Қасийду-л-қавоидфи илми-л-ақоид”, “Ал-Ифсодли ҳадъ ал-илҳод”, “Маноҳиж ал-аиммати фи-л-фуруъ”, “Баҳру-л-калом” сингари ўнлаб асарлар муаллифидир. Ислом тарихи бўйича атоқли олим Убайдулла Уватовнинг ёзишича, алломанинг асарларида мотуридия, ашъария ва муътазилия таълимотларидаги асосий фарқлар илмий далиллар асосида алоҳида ажратилиб кўрсатилган, турли фирқа ва оқимларнинг ислом маърифати ва эътиқоди борасидаги хато қарашлари кескин танқид қилинган. Маълум бўладики, бу улуғ аллома асарларини замонамиз ёшлари қалбу шуурига етказиш беқиёс маърифий аҳамиятга эга. 

Давлатимиз раҳбарининг китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш масалаларига бағишланган фармойиши бугунги куннинг энг долзарб муаммолари ечимига эришиш жиҳатидан қимматлидир. Зеро, китоб ўқишдан бебаҳра ақл занглайди, мутолаадан йироқлашган тафаккурни мудроқ босади. Бугунги ёшлар юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар ҳаётида китобнинг ўрни нечоғлиқ катта бўлганини англашлари зарур. Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳида барпо этилажак кутубхона ақлларни ўткирлайдиган, зеҳнларни чархлайдиган, тафаккурни юксалтирадиган, улуғ алломаларнинг янгидан-янги авлодларини етиштиришга хизмат қиладиган маърифат маскани бўлиши, шубҳасиз.

Президентимиз Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов ҳайкалини бунёд этиш бўйича ҳам маслаҳатлар берди. Абдулла Орипов номидаги мактаб ва улуғ шоир ижодий меросига бағишланган музей ташкил этишни таъкидлади. Бу маърифат маскани ёшлар учун фахр ва ғурур тимсоли, маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилиши зарурлигига алоҳида урғу берди. 

Дарҳақиқат, Абдулла Орипов ХХ — ХХI асрлар ўзбек шеъриятининг феноменал намояндаси, мактаб яратган беназир шоир. Ижодкорнинг ҳар бир шеъри кўнгилларда акс садо берди. “Жаннатга йўл”, “Ҳаким ва ажал”, “Соҳибқирон” сингари достонлари ўзбек эпик шеърияти тараққиётида янги босқични бошлаб берди. 

Шоир мустақилликни катта ишонч ва умид билан қаршилади. “Истиқлол, кетма юрт пешонасидан”, дея белига ҳиммат камарини маҳкам боғлаб, мустақилликни мустаҳкамлаш жараёнларида чинакам фидойилик кўрсатди. “Ўзбекистон асри” — шеърларидан бирига қўйилган бу сарлавҳа ижодкорнинг истиқлол даври шеърияти моҳиятини тўлақонли мужассам этгани билан алоҳида аҳамиятга эга.“Истиқлол манзаралари” асари ўзбек достончилигини янги миқёсларга юксалтирди. Мустақилликнинг дастлабки йигирма йилини у ифодали қилиб, уфққа солинган кўприк, дея баҳолади. 

Абдулла Ориповдай ноёб салоҳият эгаси бўлган ижодкорнинг хотирасига муносиб ҳурмат кўрсатилаётгани -Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга, бадиий ижодга юксак эътибори тасдиғидир. Буюк шахслар, улуғ шоиру адиблар, алломаларга бундай эҳтиром кўрсатилиши, ўз навбатида, ёш авлоднинг улар даражасига эришмоқ учун астойдил интилишига сабаб бўлади. Интилганга эса толе ёр. Бу ҳол, шубҳасиз, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшадиган янги замон шоиру адиблари, алломалари етишувига мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Мақоламизни улуғ Чўлпоннинг “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...” деган ҳароратли даъвати билан бошлаган эдик. “Бутун кучни халқ ичидан олайлик”, деган сўзлар билан давом этади ушбу шеър. Дарҳақиқат, халқ манфаатларини устувор билиш, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, халқни рози қилиш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг мана бу сўзлари барча поғонадаги раҳбар ходимлар фаолияти учун дастуриламал бўлиши жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга: 

“Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.

Шундай экан, биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан.

Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади.

Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.

Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.

Самимий айтилган бу сўзларга оғишмай амал қилиш юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигининг асосидир.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn