Истеъмолчилар билан очиқ мулоқот
  • 15 Март 2017

Истеъмолчилар билан очиқ мулоқот

муаммолар ечимида қўл келмоқда

Мамлакатимизда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида, аҳолининг истеъмол маданиятини оширишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаол иштирок этаяпти.

2016 йилда федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига қарийб 10 мингта мурожаатлар келиб тушгани, уларнинг 9 минг 222 таси ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 3 миллиард 860 миллион 414,8 минг сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилингани шундай дейишимизга асос бўла олади. 

Пойтахтимизда 15 март — Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ташкил этилган анжуманда шулар хусусида сўз юритилди. 

— “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридан келиб чиқиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида марказий ҳамда ҳудудий тузилмаларда ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги “Мулоқот кунлари” этиб белгиланган, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Нодирбек Юсупов. — Шу билан бирга, ҳудудий тузилмалар негизида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилди. Натижада шу йилнинг ўтган даврида корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда аҳоли билан 300 га яқин учрашувлар ўтказилди. Уларда газ таъминоти, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, савдо-сотиқ, соғлиқни сақлаш ва жамоат транспорти соҳалари бўйича муаммоларга ечим топишга эришилаяпти.

Тадбирда “Рақамли асрда истеъмолчилар ҳуқуқлари” шиори остида нишонланаётган сана муносабати билан федерация томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, келгусидаги устувор вазифалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn