Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ривожида янги босқич
  • 14 Март 2017

Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ривожида янги босқич

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи воҳада олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига янада кенг кўлам ҳамда жадал суръат бахш этди. Айни пайтда Президентимиз томонидан ушбу сафар давомида белгилаб берилган устувор вазифалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар жойларда қизғин ўрганилмоқда. 

Миршод ҲАЛИМОВ, Бухоро шаҳридаги “Де люкс фабрик” корхонаси раҳбари:

— Давлатимиз раҳбари вилоятимизга сафари чоғида ҳудуддаги “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонаси, “Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти каби бир қатор корхоналарда бўлиб, енгил саноатни жадал ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ҳозир Бухорода етиштирилаётган пахта толасининг 20,6 фоизи воҳанинг ўзида саноат усулида қайта ишланмоқда. “Ўзбекенгилсаноат” акция-дорлик жамияти томонидан тайёрланган дастурга мувофиқ, вилоятимизнинг 7 шаҳар ва туманида 13 та йирик саноат субъекти фойдаланишга топширилади. Натижада ҳудудда етиштириладиган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш, 5 мингга яқин иш ўринларини ташкил этиш имконияти юзага келади. Бу каби эзгу мақсадлар соҳа мутахассислари қатори, менга ҳам куч-ғайрат бағишламоқда.

Муҳими, юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун қулай сармоявий муҳит яратилган. Бу янгидан-янги бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришимизда қўл келаяпти. Биз тижорат банки томонидан ажратилган 3,4 миллиард сўмлик кредитдан самарали фойдаланиб, модернизациялаш тадбирларини ўтказдик. 2011 йилда атиги тўрт киши билан иш бошлаган бўлсак, айни пайтга келиб, ишчи-ходимларимиз сони салкам юз нафарга етди. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.

Аброр ЖЎРАЕВ, Бухоро давлат университетининг туризм факультети декани вазифасини бажарувчи:

— Юртимизда сайёҳликни ривожлантиришнинг ҳали фойдаланилмаётган катта имкониятлари мавжуд. Зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, қишлоқ, гастрономик, спорт каби туризм турлари шулар жумласидандир. Президентимиз вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ошириш дастури тақдимотида буларни алоҳида таъкидлади. Ҳар биримиз ўзимизни хорижий сайёҳ ўрнида тасаввур этиб кўришимиз зарурлигини уқтирди.

“Бухоро” халқаро аэропортининг замонавий қиёфа касб этгани, ўтган йили мустақиллик байрами арафасида Тошкент — Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Аfrosiyob” электр поездининг қатнови йўлга қўйилгани соҳа инфратузилмасининг изчил ривожланаётганини кўрсатади. Эътиборлиси, шу билан чекланиб қолинаётгани йўқ. 350 километрдан зиёд узунликдаги Бухоро — Мискин темир йўли қурилаётгани, логистика тизими такомиллаштирилаётгани иқтисодиётимиз, чунончи, ички ва ташқи туризмда янги истиқболларни очади. 

Таъкидланганидек, дастур доирасида 39 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Кўҳна шаҳарда шарқона бозорнинг асл қиёфасини тиклаш, сайёҳларбоп кичик меҳмонхоналар қурилиши, қадимий кўчаларни ёритиш, уларда кечаю кундуз ҳаёт қайнаб туришига эришиш, сервис хизматини оқилона йўлга қўйиш — буларнинг барчаси воҳамизда туризмни иқтисодиётнинг етакчи бўғинларидан бирига айлантиради. Бунда яқинда -ташкил этилган факультетимиз жамоаси соҳа учун малакали кадрлар етказиб бериш билан ўз ҳиссасини қўшади.

Самад АЗИМОВ, меҳнат фахрийси:

— Давлатимиз раҳбари ўз сафарини Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилиш билан бошлади. Бу юртимизда миллий ҳамда диний қадриятларга эътибор юксак даражада эканлигининг яна бир тасдиғи бўлди. 

Улуғ аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг таълимоти, неча асрларки, ўз аҳамиятини -йўқотгани йўқ. Чунки унинг мазмун-моҳияти замирида тинч ва осойишта меҳнат, ҳалоллик, она-юртга садоқат, бунёдкорлик, ободончилик, фаровон турмуш кечириш каби эзгу мақсадлар мужассам. Бинобарин, Президентимиз томонидан бу табаррук зотнинг ўлмас ғояларини кенг тарғиб-ташвиқ этиш, зиёратгоҳни янада ободонлаштириш, жумладан, мазкур гўшада Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш хусусидаги фикр-мулоҳазалари бизни бениҳоя қувонтирди.

Бу ерда амалга ошириладиган кенг қамровли ишлар ота-боболаримизнинг бой маънавий мероси давлатимиз томонидан кўз қорачиғидек асраб-авайланаётганидан далолат беради.

«Халқ сўзи» мухбири

 Истам ИБРОҲИМОВ 

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn