Тасвирий тарғиботнинг таъсирчан кучи
  • 14 Март 2017

Тасвирий тарғиботнинг таъсирчан кучи

Тошкент вилоятида “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ташаббусига кўра “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Жумладан, улар саноат корхоналари, спорт иншоотлари, таълим ва маданият муассасаларида бўлди. Айниқса, Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси фаолияти, “Максам Чирчиқ” қўшма корхонаси, Чирчиқ шаҳридаги Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, Зангиота зиёратгоҳида амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари анжуман қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. 

Семинарнинг асосий қисми Чирчиқ шаҳридаги Кимёгарлар маданият саройида бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда узоқни кўзлаб олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларда улкан ютуқлар омили бўлиши баробарида, фуқаролар онгу тафаккурида ҳам туб бурилиш ясаётганлигини алоҳида таъкидлашди. Мазкур жараён “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси олдига ҳам янги вазифаларни қўяётир.

Эътироф этиш керакки, уюшманинг барча бўғинида фаолият кўрсатаётган ижодий ходимлар юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини акс эттирувчи, юртдошларимизни она-Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга эҳтиром руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи, тинчлик ва барқарорликни улуғловчи, янгиланишлар жараёнини, замондош қаҳрамонларимиз сиймосини ўзида ифодалаган тасвирий тарғибот воситаларини тайёрлаб, уларни аҳоли эътиборига ҳавола этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси миллий тараққиёт дастури сифатида мамлакат ҳамда жамият ривожини янги босқичга кўтаришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Ушбу дастуриламал ҳужжатда илгари сурилган қоида ва тамойилларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилишнинг услублари ҳамда йўл-йўриқлари белгилаб олинди. 

“Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан йилларнинг номланиши мавзуида тавсиялар тайёрлаш яхши анъанага айланган. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бажарилиши лозим бўлган вазифалар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деб номланган қўлланмага жамланди. Рисолага давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 

24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи ҳамда мамлакатимизни 2016 йилда -ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 

2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан олинган қайдлар асос қилиб киритилган.

Тадбирда ўтган йили уюшма томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб этилиб, танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилинди.

Билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn