Бунёдкорлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ифодаси
  • 14 Март 2017

Бунёдкорлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ифодаси

Истиқлол шарофати билан миллий урф-одатларимиз ва улар замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, ижтимоий ҳаётда вужудга келаётган турли масалаларни биргаликда ҳал қилишдек эзгу ҳамда ибратли қадриятлар ҳаётимиздан тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу борада кўпчилик билан бамаслаҳат ташкил этиладиган, маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашарнинг алоҳида ўрни бор.

Жумладан, Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби олижаноб фазилатларни юксалтириш, маҳаллаларни ва аҳоли тураржойлари атрофини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, ҳудудларнинг -санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 11-12 март кунлари республикамиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари зўр уюшқоқлик билан ўтказилиб, унинг доирасида кенг кўламли ишлар бажарилди. Бу борада, шубҳасиз, мамлакатимиздаги барча ташкилот, корхона ва муассасаларда аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, шу асосда саъй-ҳаракат қилингани муҳим омил бўлди. 

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари ва мамлакатимиздаги мавжуд 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ҳамда ҳовлилар атрофи, хиёбон, зиёратгоҳ ва қабристонлар, кўчаю йўлакларни тартибга келтириш, маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, дарахтларни оқлаш ҳамда буташ каби юмушлар ҳамжиҳатликда амалга оширилди.

Умумхалқ хайрия ҳашари жойларда қизғин ташкил қилиниб, унда 22 миллион нафардан зиёд юртдошларимиз қатнашгани ва шундан 14,5 миллион нафардан кўпроғи ёшлар экани қувонарлидир. Улар томонидан икки кун давомида 48 минг гектардан зиёд майдон ободонлаштирилди, 32,3 минг километрдан ортиқ ариқ-зовурлар тозаланди ҳамда 9,2 мингдан зиёд қабристон ва 800 га яқин зиёратгоҳ тартибга келтирилди. 

Бундан ташқари, 21 миллион тупга яқин дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Шунга мос ҳолда 13 миллиондан ортиқ манзарали, 11 миллиондан зиёд мевали дарахтлар ҳамда 17 миллиондан кўпроқ гул кўчатлари ўтқазилди. Эътиборлиси, уларнинг 15 фоизга яқини академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти ҳамда Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ҳиссасига тўғри келган бўлса, қолган қисми фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда тадбиркорлар ва аҳоли томорқасида етиштирилган кўчатлардир.

— Ҳашарда халқимизнинг инсонпарварлик, олижаноблик ҳамда саховатпешалик фазилатлари янада яққолроқ намоён бўлди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Дилшода Мирзажонова. — Кекса ва ногиронлар, уруш ҳамда меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга кўрсатилган меҳр-мурувват ёрдамлари бунинг ёрқин мисолидир. Хусусан, 26 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларнинг 618 минг квадрат метрдан ортиқ уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирдан чиқарилди. Шу билан бирга, 31 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар вакиллари, шундан 12 мингдан ортиқ ногирон ҳамда ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Бу хайрия тадбирлари учун 4 миллиард 411 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

Шунингдек, маҳаллаларда 126 тадан зиёд ижтимоий, савдо ва маиший объектлар, жумладан, 36 та маҳалла идораси ҳамда гузари, 5 та болалар ва спорт майдончаси фойдаланишга топширилгани ҳам халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин ифодаси бўлди.

— Кексаларга, ёрдамга муҳтож кишиларга бўлган меҳр-мурувват туйғуси ҳашар кунларида янада яққолроқ кўринди, — дейди Нукус шаҳридаги “Боғчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи онахон Генжегул Айдарбекова. — Мен ҳам ана шу эътибордан баҳраманд бўлдим. Маҳалла фаоллари хонадонимга келиб, ҳолимдан хабар олди. Уйимни таъмирлаш ва томорқани тартибга келтиришда кўмак берди. Халқимизга, юртимизга, эзгу қадриятларимизга кўз тегмасин.

— Бу гал ҳам уруш ҳамда меҳнат фахрийлари, кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатилиши, ён-атроф ораста кўринишга келтирилиши билан бирга, маҳаллаларнинг моддий-техника аҳволини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди, — дейди  “Нуроний” жамғармаси Жиззах вилояти бўлими раиси Норқул Нўшаров. — Масалан, Шароф Рашидов туманидаги “Қўшбармоқ”, Жиззах шаҳридаги “Нурлиобод” фуқаролар йиғинларининг замонавий бинолари қурилиб, ишга туширилди.

— Тошкент вилоятида, хусусан, касб-ҳунар коллежимизда умумхалқ хайрия ҳашари юқори савияда ўтказилди, — дейди Қибрай туманидаги Чингелди маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Феруза Базарбаева. — Ўқувчиларимиз ён-атрофни ораста кўринишга келтиришдан ташқари, ёши улуғ инсонлар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиб, уларга уй-рўзғор юмушларида кўмаклашди. Шу маънода, ҳашарнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳамда аҳамияти беқиёсдир.

Умуман олганда, бунёдкорлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган умумхалқ хайрия ҳашари кунларида юртимиз бўйлаб кенг кўламдаги ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари бажарилди, хайру саховат юмушларига қўл урилди. Пировардида нафақат ён-атрофимиз, айни чоғда кўнглимиз ҳам обод бўлди. Демак, тобора яқинлашиб келаётган баҳор айёми —  Наврўзи оламни кўркам манзилларда шоду хуррамлик билан кутиб оламиз.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn