Ҳуқуқий тарғибот ва самарадорлик
  • 10 Март 2017

Ҳуқуқий тарғибот ва самарадорлик

“Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудида содир этилган жиноятлар, уларнинг сабаблари ва олдини олиш бўйича қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги профилактика тадбирлари 9 март куни бўлиб ўтди.

Навоий вилоятида ташкил этилган шундай тадбирларда муаммоли ҳудудлар танланиб, уларга бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган маҳаллалар фаоллари ва -профилактика инспекторлари таклиф қилинди. Ана шундай учрашувлардан бири -Кармана туманидаги “Дўрман” фуқаролар йиғинида ўтказилди. Унга ички ишлар ва прокуратура органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуддаги Кармана озиқ-овқат саноати ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчилари жалб этилди.

— Вилоятимиздаги 41 маҳаллада 2016 йил мобайнида бирорта ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарлик қайд этилмаганлиги хусусида сўз юритилдики, бундан тегишли хулоса чиқариб олдик, — дейди маҳалла фаоли Шойқул Бебитов. — Маҳалламизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар кўп. Бундан фойдаланиб, ҳудудимизни ҳамма ҳавас қиладиган гўшага айлантириш фикрини дилимизга тугдик.

Мулоқот чоғида маҳалла ҳудудидаги 2 та умумтаълим мактаби  ҳамда касб-ҳунар коллежидаги давомат таҳлил этилиб, оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ёш оилаларда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди. 

Фарғона вилоятида уюштирилган профилактика тадбирларида ички ишлар органлари ходимлари билан бирга, ҳокимлик, “Камолот” ЁИҲ, фуқаролар йиғинлари масъуллари қатнашди. 

Ҳудудларга бириктирилган масъул раҳбарлар томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилиб, 39 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди.

— Кун давомида тадбирга жалб қилинганлар томонидан аҳолининг турмуш тарзини яқиндан билиш, ҳудудлардаги ижтимоий-сиёсий вазиятдан бохабар бўлиш мақсадида мавжуд 1037 та маҳалладаги 62 мингдан зиёд хонадонлар ўрганиб чиқилди, — дейди Фарғона  вилояти ички ишлар бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси бошлиғи Дониёржон Тешабоев. — Паспорт-виза қоидаларига риоя этиш, мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари давомати масалаларида фикр алмашилди. Узоқ муддатга хорижга чиқиб кетган ҳамда яшаш манзилига қайтиб келган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари билан тегишли тартибда профилактик ишлар олиб борилди.

Айни чоғда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 2 минг 151 нафар шахс аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шу билан бирга, паспорт-виза тартиб-қоидаларини бузган 289 нафар шахснинг 150 нафари доимий ёки вақтинча яшаш тартибини бузганлиги учун ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва натижалари умумлаштирилиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилинди.

Қашқадарё вилоятида ҳам профилактика тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилди. Хусусан, ички ишлар органлари, прокуратура, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа қатор жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан олиб борилаётган ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида мактаблар ҳамда касб-ҳунар коллежлардаги давомат яхшиланмоқда. Қолаверса, бу жараён ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари камайишида муҳим омил бўлаётир.

— Очиқ мулоқотларда жойлардаги ижтимоий-маънавий барқарорликни сақлаш, жамият учун зарарли бўлган иллатлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида атрофлича сўз юритилаётгани аҳоли, айниқса, ёшларимиз учун жуда фойдали бўлмоқда, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ходими Аҳрор Содиқов. — Унда ўқувчилар давомати ҳамда интизомини назоратга олиш борасидаги ишлар таҳлил этилиб, кўп дарс қолдирадиган ва тарбияси оғир болалар билан алоҳида суҳбатлар уюштирилаяпти. Бу уларнинг ўз юрти, ота-онаси ҳамда оиласи олдидаги бурч ва масъулиятни чуқур англаши ҳамда давлатимиз қонунларини ҳурмат қилиш борасидаги фикрлари тўғри шаклланишида катта аҳамият касб этмоқда.

Профилактика тадбирлари юртимизнинг барча ҳудудида юқори савияда бўлиб ўтди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn