Пенсионерлар учун имтиёз
  • 10 Март 2017

Пенсионерлар учун имтиёз

Шу йилнинг 15 мартидан эътиборан пенсионерлар метрополитен хизматидан бепул фойдаланишлари мумкин. Кеча Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган брифингда шу ҳақда маълум қилинди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсаддир. Бу жараёнда, айниқса, ёши улуғ инсонларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, мазмунли ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани нуронийларнинг умрини узайтираяпти, десак, айни ҳақиқат. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашув чоғида кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш, пенсионерлар учун метрополитен хизматидан фойдаланишда қўшимча имтиёзлар бериш хусусида алоҳида тўхталган эди. Бугун халқ билан юзма-юз мулоқот чоғида айтилган ана шу каби вазифаларнинг изчил ижроси таъминланаяпти. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йил 9 мартда қабул қилинган қарорларига биноан, пенсионерларга 15 мартдан бошлаб соат 10:00 дан 16:00 гача Тошкент метрополитенида бепул хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. 

— Бунинг учун йўловчилар метрополитенга тушганда пенсионерлик гувоҳномасини кўрсатсалар кифоя, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари — “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси раҳбари Ойбек Худойқулов. — Шундан сўнг уларга операторлар томонидан бир марталик махсус жетон берилади. Унинг ёрдамида алоҳида ажратилган турникетлардан ўтишлари мумкин.

Анжуманда ушбу янгиликни ҳаётга татбиқ этиш учун кўрилган чора-тадбирлар, тайёрланган махсус жетон, шунингдек, кексаларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn