Бунёдкорлик ғоялари ва бағрикенглик ифодаси
  • 10 Март 2017

Бунёдкорлик ғоялари ва бағрикенглик ифодаси

Миллатлараро ва динлараро тотувлик — мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги энг катта ютуқларидан бири, юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий омили, десак, муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилмоқда. Миллатлараро тотувлик, дўстлик ва диний бағрикенглик давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, асрлар давомида халқимиз менталитети ҳамда дунёқарашининг ажралмас қисмига айланди.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон аҳолиси диний эътиқодининг ўзига хос хусусиятлари ва тенденциялари мониторинг таҳлили ўтказилди. Социологик сўровда республикамизнинг барча ҳудудидан 1100 нафардан ортиқ аёлу эркак, ёшу кексалар қамраб олинди. Унга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қилади.

 

Ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалий рўёби

Сўровда қатнашганларнинг мутлақ катта қисми, яъни 93,2 фоизи давлат томонидан диний соҳада динлараро бағрикенгликни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолайди ҳамда дунёвий давлат қуриш йўлидаги собит сиёсатни қўллаб-қувватлайди. Иштирокчиларнинг 77 фоизи мамлакатда диний тикланиш жараёнига “ижобий” ёки “нормал” деб қарайди. Халқимиз муқаддас қадамжолар обод қилинаётганини, уларни зиёрат этиш учун шарт-шароит яратилаётганини алоҳида -таъкидламоқда.

Респондентларнинг 86,6 фоизи мамлакатимизда фуқароларнинг диний амалларни бажаришлари учун яратилган шарт-шароитларни ижобий баҳолайди. Уларнинг 94 фоизи эса фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги ишларни эътироф этган.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, жамиятда ислом динига эътиқод қилишда ижобий муҳит сақланиб қолмоқда. Масалан, сўровда иштирок этганларнинг 77 фоизи мамлакатда мусулмон урф-одатлари, расм-русмлари ва маросимларини бажариш учун барча шароит яратилган, деб ҳисоблайди. 

 

Эътиқодга муносабат

Жамиятимизда динга маънавий-ахлоқий ҳаётимизнинг манбаи сифатида муносабат шаклланган бўлиб, одамлар диний нуқтаи назардан мўътадил турмуш тарзини олиб боришади. Буни респондентларнинг 92 фоиздан ортиғи эътироф этган. Қатнашчиларнинг бор-йўғи 6,5 фоизи ўзларини диндор сифатида билади ва кундалик турмушда диний тартиб-таомилларга фаол амал қилади. Эътиборлиси, бундай кишилар 50 ёшдан ошган шахслар орасида кўпроқ кузатилади.

Ҳар йили муқаддас Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун беш минг нафардан зиёд юртдошларимиз Макка шаҳрига сафар қилмоқда. Жорий йилда бу рақам етти минг нафардан ортади. Ҳаж зиёратига бориш истагидагилар сони эса кам эмас. Буни тадқиқот -натижалари ҳам тасдиқлайди. Бундан ташқари, сўровда қатнашганларнинг 73,6 фоизи, чунончи, таълим, соғлиқни сақлаш вакиллари, уй бекалари, ўқувчи ва талабалар, деҳқонлар, фермерлар, ишсизлар ҳамда пенсионерлар муқаддас қадамжоларни зиёрат қилган. 2016 йилда моддий аҳволи яхши бўлган респондентларнинг 81,3 фоизи, моддий имконияти чекланган шахсларнинг 20 фоизи юртимиздаги қадамжоларга боришган. 

Аҳоли орасида Имом Бухорий мажмуаси, Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси, Термиз ота мажмуаси сингари ислом динининг муқаддас қадамжолари оммалашиб бораётгани кузатилаяпти. Заркент ота, Занги ота, Исо ат-Термизий, Султон Увайс бобо, Ҳазрати Довуд, Шоҳи Зинда ва бошқа қадамжоларга ҳам зиёратчилар кўп ташриф буюрмоқда. 

Тадқиқотда шу маълум бўлдики, сўровда иштирок этган аҳолининг учдан бир қисмидан кўпроғи Рамазон ойида рўза тутади. Жамиятимизда рўзага эътибор юқори даражада бўлиб, одамларда рўзадорларга ҳурмат муносабати шаклланган, бу даврда муҳтожларга ёрдам бериш урфга айланган.

 

Тарбия маскани

Шубҳасиз, ҳар бир инсоннинг диний эътиқоди айнан оилада шаклланади. Шунинг учун ҳам сўровда қатнашганларнинг аксарияти оилани инсоннинг дунёқараши ва ҳаётий позициясини, шу жумладан, диний тафаккурини шакллантиришга таъсир кўрсатадиган ижтимоий институт сифатида эътироф этган. Ўз навбатида, ислом дини талаблари у ёки бу даражада оилавий муносабатларда аксини топади.

Тадқиқотда иштирок этганларнинг 90 фоиздан ортиғи жамиятда одамлар томонидан номақбул хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишда оилавий тарбия асосий ўрин тутишини алоҳида таъкидлаган. Бунда хулқ-атвор, инсоннинг ахлоқий фазилатлари, давлатнинг ҳуқуқий чоралари ҳам муҳим омил саналади. Айнан диний тарбия, иймон ва гуноҳ қилишдан қўрқиш ҳам жамиятдаги ножўя қилмишларга барҳам беришга хизмат қилади.

Сўровда қатнашганларнинг 67,3 фоизи 2016 йилда дунёвий турмуш тарзини олиб борганини қайд этган. Шундай бўлса-да, диний тартиб-таомиллар фарзанд тарбияси, оила қуриш, эр-хотин ўртасидаги муносабатларга, қолаверса, ёш ва катта авлод ўртасида мулоқотга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Респондентлар дин маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қавм-қариндошлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда ҳам катта ўрин тутишини билдиришган. Қисқача айтганда, диндор кишилар ҳаётида дин ҳали ҳам ижтимоий-психологик вазифани бажаришда давом этмоқда.

Жамиятимиз динлар ва маданиятлар уйғунлиги, анъанавий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича якдил ёндашув шаклланганлиги билан ҳам ноёб ҳисобланади. 

 

Билим — маънавият булоғи

Агар киши дин ҳақида билимга эга бўлса, уни тўғри тушунади ва иймони бутун бўлади. Билим диннинг асосий йўриқларини тўғри талқин қилишни ва ислом динининг асл моҳиятига мос келмайдиган ақидаларнинг ўрнашишига қарши ғоявий иммунитетни шакллантиради. Ҳар ўн респондентдан бири дин ҳақидаги билим уларнинг ҳаётий позицияларини қарор топтиришда алоҳида ўрин тутишини кўрсатиб ўтди.

Таҳлиллар ҳозирги кунда сўровда иштирок этганларнинг аксарияти дин тўғрисидаги билимларини ён-атрофдагилардан олаётгани асосий манба бўлиб қолаётганини кўрсатган. Жумладан, 43,4 фоиз қатнашчи оиласи, яъни ота-онаси, бува ва бувисидан дин ҳақида билимини бойитса, 32,4 фоиз киши қўшнилар, дўст-ёрлари ёрдамида шакллантиришини билдирган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали диний билим олаётганлар сафи бирмунча кенгайган. Улар 40,5 фоизни ташкил қилмоқда. Респондентларнинг 8,5 фоизи маҳалласидаги масжидлар ва уларнинг имом-хатиблари берган сабоқлар асосида ўрганган.

 

Диний экстремизм ва терроризм таҳдиди — огоҳлик талаби

Диний экстремизм ва терроризм бутун дунё учун таҳдид бўлиб қолмоқда. Қатор мамлакатлардаги террористик гуруҳларнинг бузғунчилик ҳаракатлари, Сурия, Ироқда ҳукумат кучлари ва ИШИД, “Жабҳат-ан-Нусра” сингари террористик гуруҳлар ўртасида давом этаётган қуролли ва ғоявий қарама-қаршилик реал таҳдидларни юзага келтирмоқда. Дунё ҳамжамияти Европа мамлакатлари ва Туркияда юз берган қатор террористик хуружлардан ларзага тушди. Афғонистонда ҳарбий-сиёсий беқарорлик сақланиб қолмоқда. Булар мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликни тараққиётимизнинг асоси сифатида қадрлайдиган Ўзбекистон халқини ҳам хавотирга солмай қўймайди. 

Респондентларнинг 98,9 фоизи, яъни мутлақ кўпчилиги диний-экстремистик оқимларнинг бузғунчилик ҳаракатларига салбий қарайди. Айрим ёшларимизнинг диний-экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолишига асосий сабаблардан бири, уларнинг фикрича, йигит-қизларимиз халқимизнинг ислом дини асосидаги анъаналарини яхши билмаслиги ва маънавий-ахлоқий фазилатлари саёзлигидадир. Респондентларнинг 20,7 фоизи ёшларимизни яхши таълим олмаслик, ишсизлик бу қабиҳ йўлга етаклайди, деб ҳисоблайди. Уларнинг 13,4 фоизи бу оиладаги тарбиянинг оқибати, 10,4 фоизи эса айрим ёшлар экстремистлар тузоғига алданиб қолгани туфайли юз беради, деб билади. 

 

Долзарб масала

Социологик тадқиқотни умумлаштириш ва таҳлил қилиш марказ мутахассисларига бир қатор таклиф ҳамда тавсияларни ишлаб чиқиш имконини берди. Давлатнинг дин соҳасидаги сиёсатини мустаҳкамлаш, глобаллашув шароитида, айниқса, халқимизнинг маънавий-ахлоқий, маданий ва тарихий меросини сақлаш ва бойитиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, маҳалланинг бу борадаги ролини ошириш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бузғунчи кучлар томонидан жамиятнинг маънавий-ахлоқий, маданий қадриятларига ва асосларига бўлаётган таҳдидларга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир. 

Бу тавсиялар, ўз навбатида, респондентлар билдирган асосий фикрлар билан уйғундир. Хусусан, сўровда қатнашганларнинг 70 фоизга яқини оилада тарбияни яхшилаш тарафдори бўлса, 55,5 фоиздан ортиғи таълим муассасаларида йигит-қизларимизни маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, 38,2 фоизи ёшлар учун мазмунли дам олишни ташкил қилиш зарурлигини айтган. Айни пайтда респондентларнинг 33,2 фоизи фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, 33 фоизи эса аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш кераклигини қайд этган. Қолаверса, оммавий ахборот воситалари ролини ошириш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, фуқаролар ижтимоий фаоллигини юксалтириш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.

 

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида 

Қобил ХИДИРОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn