Чорраҳадаги камералар
  • 10 Март 2017

Чорраҳадаги камералар

ҳушёрликни ошириш ва қоидабузарликларни аниқлашга хизмат қилади

Пойтахтимизда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 115 та чорраҳага видеокузатув мосламалари ўрнатилган эди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 

15 мартидан бошлаб ушбу видеокамералар томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш механизми синов тариқасида ишга туширилади. Шу кундан эътиборан қоидабузарлик учун солинган жарима тўғрисидаги қарор транспорт воситаси эгаларига жўнатилади. 

Мазкур янгиликнинг асосий мақсади Тошкент кўчаларини замонавий технологиялар билан таъминлаш, йўл ҳаракати қатнашчиларини йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимоя қилиш даражасини ошириш, турли қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ва профилактика ишларини такомиллаштиришдан иборатдир. Бунинг учун назоратдаги ҳар бир объект, яъни чорраҳа ҳаракатни назорат қилувчи, қоидабузарликларни автоматик аниқловчи замонавий техник воситалар, интеллектуал детектор, контроллер ҳамда видеокамералар билан жиҳозланди.

Чорраҳалардан олинган маълумотлар марказий диспетчерлик хизматига узатилгач, электрон табло ҳамда видеомониторларга чиқарилади. Тизимга киритилган чорраҳалардаги светофорлар эса детекторлардан ҳаракат оқими тўғрисида олинган маълумотларни қайта ишлаш орқали автоматик тарзда бошқарилади.

Светофорлар иш фаолияти оптималлаштирилиши ҳисобига йўлларнинг ўтказиш қобилияти ошади. Натижада транспорт воситалари чорраҳаларда тўхтаб туриши 20 — 25, транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли газлар 5 — 10, ёнилғи сарфи 5 — 15 фоиз камаяди. Бу экологик ҳолатни яхшилашда айни муддаодир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишга кўра, маъмурий жазо қўллаш муддатлари икки ойдан бир йилга узайтирилди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани 60 кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмагани тўғрисида хабар берилган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай тўлаши лозимлиги ҳақидаги норма ҳам белгиланди.

Умуман, мазкур янгиликлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn