Эзгу ниятлар тимсоли
  • 04 Март 2017

Эзгу ниятлар тимсоли

Соғлом фарзанд — жамият таянчи, оила бахти. Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир ота-она етук ўғил-қизни тарбиялашни ҳаётидаги энг улуғ мақсад, деб билади. Бинобарин, мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳам баркамол авлодни вояга етказишга қаратилгандир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил  4 мартдаги Фармонига мувофиқ таъсис этилган, мустақил Ватанимизнинг илк ордени “Соғлом авлод учун” деб номлангани ҳам юртимизда бу масалага нечоғли улкан эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

Соғлом авлодни тарбиялашдек эзгу ниятни амалга ошириш учун улкан имкониятлар айнан мустақиллик шарофати билан юзага келди. Қатор таълим масканлари, кутубхоналар қад ростлади. Буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганишга эътибор кучайди.  

Фарзандларимизни айни пайтда жисмонан етук этиб тарбиялаш борасидаги ишлар ҳам диққатга сазовор. Хусусан, ҳар йили республикамиз ҳудудларида кўркам спорт мажмуалари барпо қилинмоқда. Уларда миллионлаб ёшлар машғулотларда қатнашаётир. Бу эса турли нуфузли халқаро мусобақаларда йигит-қизларимизнинг муваффақиятли иштирок этишига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилаётир.  Чунончи, ўтган йили Бразилия мезбонлик қилган XXXI ёзги Олимпия ҳамда XV Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз юксак ғалабаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон фарзандлари маҳорат ва салоҳият бобида ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир карра дунёга намоён қилди. Олимпиада ўйинларида 4 та олтин, 

2 та кумуш, 7 та бронза медални қўлга киритиб, икки юздан ортиқ мамлакатлар орасида Ўзбекистон спорт делегацияси умумжамоа ҳисобида 21-ўринни банд этди. Паралимпиячиларимиз ҳам дунёни лол қолдирди: 8 олтин, 6 кумуш, 17 бронза — жами 31 медаль жамғаришди. Баҳсларда улар томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди янгиланди. Бу ҳам давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, кўрилган пухта тайёргарлик -ҳосиласидир.

“Соғлом авлод учун” ордени билан мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлиғини мустаҳкамлаш, уни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишида алоҳида хизмат кўрсатган юртдошларимиз тақдирланадилар.

Бу орден билан, шунингдек, бошқа давлатлар фуқаролари ҳам мукофотланиши мумкин. Орден таъсис этилганидан бери соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш борасида фидойилик кўрсатган, жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилаётган, Ватанимиз тараққиётига муносиб улуш қўшган кўплаб юртдошларимиз ушбу юксак мукофотга сазовор бўлдилар.

Орденнинг ўнг қисмидаги қуёш нурлари аксида фарзандини бағрига олиб, меҳр улашаётган мўътабар она сиймоси ифодаланган. Эзгу орзу-интилишлар рўёби бўлмиш беғубор бола эса иштиёқ ва қувонч билан қуёш нурларига талпинмоқда.

Орден бириктирилган дастанинг ички қисми яшил рангли товланадиган лента билан ўралган. Лентанинг ўртасида ўрик дарахтининг гуллаб турган шохи тасвирланган. Гуллаётган ўрик — кўклам, табиат ва онгдаги уйғониш тимсоли. Бу тасвир яшариш ҳамда янгиланиш рамзи бўлган яшил ранг фонида янада гўзал жило ва теран мазмун ифода этади.

Халқ ва Ватан манфаати йўлида хизмат қилаётган фуқароларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон омили турганлигини яна бир бор тасдиқлайди. “Соғлом авлод учун” ордени Ватанимизнинг бошқа мукофотлари каби халқимизнинг фахру ғурури рамзи, соғлом авлодни тарбиялаш йўлидаги эзгу ниятлар тимсоли бўлиб қолаверади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn