Мулоқотда ҳақиқат намоён бўлади
  • 04 Март 2017

Мулоқотда ҳақиқат намоён бўлади

Президентимиз ташаббусига биноан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб аталган йил миллионлаб юртдошларимизга дил-дилдан қувонч бахш этди. Зеро, салкам чорак аср муқаддам қабул қилинган Конституциямизда ҳам “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деган олтин қоида абадий муҳрлаб қўйилган.

Албатта, тегишли Давлат дастурида халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларининг яхлит вазифа қилиб қўйилиши юртимизда бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги саҳифасини очиб берди. Бу Президентимиз томонидан ҳаётга татбиқ этилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳияти, мақсадига ҳам тўла уйғундир. 

Таъкидлаш жоизки, бундай эзгу саъй-ҳаракатларга кеча ёки бугун эмас, ўтган йил Президент сайлови жараёнларида тамал тоши қўйилганди. Ўша пайтда давлатимиз раҳбари ҳаммамиз учун ибрат бўлган анъанани жорий этганди. Бу сафарги учрашувлар янгича шаклда ўтказилди. Президентликка номзод билан учрашувлар Қорақалпоғистоннинг Шуманайида, Наманганнинг Учқўрғонида, Сирдарёнинг Сардобасида, Жиззахнинг Арнасойида ва ҳоказо чекка ҳудудларда бўлиб ўтди. Уларда барча ҳудуддан видеоалоқа орқали минг-минглаб аҳоли қатнашди. Натижада сайловолди учрашувлари юксак савияда, конструктив мулоқот руҳида кечди. 

Бинобарин, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, депутатлар, сенаторлар олдига халқ ичига чуқур кириб бориш, унинг турмуш тарзи билан танишиш, муаммоларни таҳлил этиш, халқ билан бевосита мулоқот қилишдек ўта масъулиятли -талаблар қўйилиши ана шу демократик қадриятни сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттириш деганидир. Сабаби, кўз кўзга тушган бундай паллаларда аҳоли кайфияти ўрганилади, жойлардаги қатор ижтимоий-иқтисодий масалалар аниқланади. Мавжуд ҳолат юзасидан аниқ манзара, ҳақиқат, одамларнинг муносабати намоён бўлади. Учраётган камчиликларга ечим изланади, хулосалар чиқарилади. 

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, маҳаллий Кенгашлар аъзоларининг жойларга бориб, одамлар билан ҳар қандай расмиятчиликдан холи тарзда, самимий ва халқчил муҳитда суҳбатлашиши айни муддао бўлмоқда, десак, бор ҳақиқатни айтган бўламиз. Келинг, аниқ мисолларга тўхталиб ўтсак.

Парламент юқори палатаси аъзоси Солижон Мўминов, қуйи палатаси депутатлари Наргиз Халилова ва Раҳимжон Ҳакимов, Иброҳим Ҳожиев Наманган вилоятининг Чуст туманида ана шундай мулоқот уюштирди. Жумладан, Боғи Эрам, Навбаҳор, Деҳқонобод, Хўжаобод, Наврўз, Истиқлол, Шўрбулоқ маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳоли турмуш тарзи, уларни ўйлантираётган муаммолар билан қизиқилди. Пировардида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, электр ва газ таъминоти, ички йўлларни созлаш, транспорт хизмати сифатини ошириш каби долзарб йўналишларда ечимини кутаётган масалалар юзага чиқди. Уларни қонуний ҳал этиш бўйича аниқ амалий-ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилди.

— Одамларимиз яхши яшаш учун шароит яратилаётганидан хурсанд. Шундай пайтда бунчалик эътибор, расмийликдан холи мулоқотлар кайфиятни янада кўтаради, — дейди “Боймоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Мавлуда Имомова. — “Ҳорманг” деган сўзнинг салмоғи қанча. Бизни яна хурсанд қилгани, депутатлар қонунчиликка ўзгартириш киритиш ҳақидаги таклифларни оддий одамлар ҳаётидан олишди. Мана, бевосита мулоқотнинг кучи қаерда, самараси нимада!

Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги учрашувлар ҳам мазмунли ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Қаҳрамон Эргашев, Гулшана Худоёрова, Ўткир Бўтаев туманнинг 626 та хонадонида бўлди. Ҳамюртларимизнинг яшаш тарзи ўрганилди. Кўтарилган камчиликларнинг бир қисми жойида бартараф этилди, қолганлари тегишли идораларга юборилди.

Сурхондарёда ҳам мазкур йўналишда фаоллашув кузатилаяпти, десак, муболаға бўлмайди. Масалан, халқ депутатлари Денов тумани Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Раъно Саломованинг айтишича, қисқа вақт ичида туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга аҳоли мурожаатлари ҳамда мавжуд қонунчилик асосида 15 дан ортиқ депутатлик сўровлари жўнатилди. Уларнинг аксариятига ижобий ечим топилди. Бундай мурожаатларнинг асосий қисми бандлик, уй-жой, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, -тиббиёт соҳасига оид эканлиги эса уларга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари масъулиятини тубдан оширишни талаб этади.

— Депутат учун масаланинг катта-кичиги бўлмайди, — дейди Р. Саломова. — Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Ёқуб Умаров, Саҳобиддин Арзиқулов, Дилмурод Саъдуллаев эса Самарқанд вилоятининг Иштихон туманига ташриф буюрди. Улар аҳолининг турли соҳалар, айниқса, иш билан таъминлаш масаласи бўйича фикрларини тинглашди. Ҳақиқат қишлоғидаги маҳалла, қишлоқ врачлик пункти, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги ҳақиқий аҳволни кўриб чиқди. Якунда муайян ечимлар билдирилди, тавсиялар, таклифлар ўртага ташланди.  

— Президентимиз томонидан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши депутат ҳамда сенаторлар фаолиятини жонлантириб юборди, — дейди Зарафшон қишлоғилик меҳнат фахрийси Келдиёр Убайдуллаев. — Одамлар халқ вакилларига кўнглидаги гапларни бемалол айтишаяпти. Бу ҳар икки томон муносабатларида эркин ва очиқ муҳит яратилгани шарофатидандир.

Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси аъзолари жами 10023 та объектни ўрганиб, мулоқотларда 92 мингга яқин аҳолини қамраб олишди. Одамларни ташвишлантираётган -долзарб масалалар ҳисобга олинди. Асосий мақсад масалалар мониторингида эмас, балки амалий натижаларда, деб белгиланди. Шу маънода, аҳоли билан бевосита мулоқот олиб бориш, уйма-уй юриш жойлардаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатадиган энг самарали механизм эканлиги маълум бўлди. Ҳар бир ҳудудда халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари ўтказилиб, туман ҳокими, прокурори ва ички ишлар бўлими бошлиқларининг -ахборотлари эшитилди. Мулоқотларда фуқароларни иш билан таъминлаш, тадбиркорларга кредит ажратиш, таълим муассасалари ҳамда ҚВПларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини банк терминаллари билан таъминлаш каби муҳим масалалар жойида ҳал этилди. Ўрганишлар бўйича 2 та парламент эшитуви, битта парламент сўрови, 45 та депутат ҳамда сенатор сўровлари тайёрланди.

Умуман айтганда, халқ билан мулоқот ҳар бир мансабдор ва масъул шахс қалбида ўзликни англаш, эртанги кунга ишонч, ҳалол меҳнат қилиш туйғусини мустаҳкамлайди. Бундан ҳам муҳими, оддий одамларда ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш имконини беради. Ана шундай фаол ижтимоий-иқтисодий кайфият доимий намоён бўлиши эса улкан янгиланишларга йўл очади, ҳаммамизни тараққиёт ва фаровонликнинг янги уфқлари сари чорлайди.

Шуҳрат ЖАББОРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn