Ҳар бир мурожаат эътиборда
  • 04 Март 2017

Ҳар бир мурожаат эътиборда

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жамоатчиликни тизимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнидан хабардор қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун -медиатур уюштирди.

Тадбир доирасида журналистлар ушбу вазирликнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими ҳамда “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг Қўнғироқларни қайта ишлаш маркази фаолияти, мурожаат этувчилар ва мурожаатларни қабул қилувчиларга яратилган қулайликлар ҳамда шарт-шароитни яқиндан ўргандилар.

Маълумки, бугун мамлакатимизда аҳолини қийнаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, халқ дардига шерик бўлиб, ташвишларини аритиш ҳар бир раҳбар, ҳар қайси мутасадди шахснинг муҳим вазифаларидан бирига айланди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қисқа вақт ичида талай ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, йил бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали жисмоний ҳамда юридик шахслардан 1600 дан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали вазирлик ҳамда унинг тизимидаги корхоналарга электрон шаклда 433 маротаба мурожаат қилинган.

— Мазкур мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг аксарият қисмига бевосита вазирликка мурожаат қилиш билан ҳам ечим топиш мумкин эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамолиддин Пўлатов. — Бугунги кунда юридик ҳамда жисмоний шахслар мурожаатлари билан янада тезкор ишлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган телекоммуникация ҳамда почта хизматларида юзага -келаётган муаммоларга имкон қадар қисқа вақт ичида ечим топиш мақсадида murojaat.mitc.uz манзилида вазирлик раҳбариятининг виртуал қабулхонаси фаолият юритмоқда. 

— Шу ўринда аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва мурожаат маданиятини шакллантириш долзарб масалага айланиб бораётганини ҳам айтиб ўтиш зарур, — дейди “Ўзбектелеком” АКнинг Қўнғироқларни қайта ишлаш маркази раҳбари Шаҳноза Шукурова. — Масалан, айримлар уйидаги телефони бузилиб қолса ҳам, дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат этади. Ваҳолонки, бу каби носозликни uztelecom.uz сайти орқали ёки (+998 71) 244-34-43 телефон рақами, шунингдек, 1084, 1086 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб, тез ва осон ҳал этиш мумкин.

Медиатур доирасида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn