Юрт ишончи, фахру ғурури
  • 04 Март 2017

Юрт ишончи, фахру ғурури

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, айни кунларда юртимизнинг барча жойида армиядан қайтаётган йигитларни тантанали кутиб олиш маросимлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент темир йўл вокзалида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мутасаддилари, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, “Нуроний” жамғармаси ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Ҳамманинг юз-кўзида ҳаяжон. Айниқса, бундан бир йил муқаддам катта орзу-умидлар, эзгу тилаклар билан фарзандларини муддатли ҳарбий хизматга кузатган ота-оналарнинг қувончи чексиз.

Ниҳоят, белгиланган вақтда поезд вокзал ҳудудига келиб тўхтади. Карнай-сурнай садолари остида вагонлардан тушаётган алпқомат аскарларни яқинлари қучоқ очиб қарши олишди. Гуллар тақдим этилди. “Баракалла, ўғлим!”, “Яшавор, азамат!”, “Ота-онангга раҳмат” деган ҳароратли сўзлар янгради. Маросимга ташриф буюрганлар йигитларни самимий табриклашди.

Ўғлини қайта-қайта бағрига босиб, бахтиёр дамлардан масрур оналардан бирини суҳбатга тортдик.

— Рости, болагинамни соғинибман, мана, дийдорига тўйиб, бугун ўзимда йўқ хурсандман, — дейди оддий аскар Фаррух Алихоновнинг онаси Санобар Исакова. — Йил бўйи ҳарбий қисм командирларидан хушхабарлар олиб турдик. Ҳаммага фарзандининг ортидан яхши сўз, раҳмат эшитиш насиб қилсин. Фаррухжоннинг бўйлари анча чўзилиб, янаям куч-қувватга тўлибди. Хизмат якунида ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлганини эшитиб, икки ҳисса қувондик. Бу унинг келгусидаги мақсадларига эришишида катта имкониятдир. Ёшларимизга ишонч билдириб, шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Маросимда мустақиллик йилларида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида олиб борилган ислоҳотлар туфайли сарҳадларимиз дахлсизлиги, аҳолининг тинч ва осуда ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ихчам, яхши таъминланган миллий армиямиз шакллангани алоҳида қайд этилди. Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими йўлга қўйилгани, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилганларнинг ишга жойлашиши ва олий ўқув юртларига ўқишга кириши билан боғлиқ имтиёзлар жорий қилингани эътироф этилди. Буларнинг барчаси ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланиб, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи кескин ошишида муҳим омил бўлгани таъкидланди.

— Армия ҳаёти йигит кишининг умр йўлидаги энг муҳим босқич, катта мактаб ҳисобланади, — дейди муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Диёрбек Набиев. — Ўтган бир йил давомида фикрларим, дунёқарашим анча кенгайди. Тартиб-интизомга -қатъий риоя этишга, вақтни қадрлашга ўргандим. Ҳарбий тайёргарлик машғулотларидан сўнг имкон қадар кўпроқ китоб мутолаа қилиб, билимимни мустаҳкамлашга интилдим. Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида яхши натижалар кўрсатганим, тест синовларида юқори балл тўплаганим учун ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлдим. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, олий ўқув юртида ўқиб, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Кутиб олиш маросими якунида йиғилганлар аскарларнинг барчасига келгуси ишларида муваффақият тиладилар.

* * *

Наманган вилоятида ҳам бундай тадбирлар маҳаллий ҳокимият, жамоат ташкилотлари, ота-оналар ва ёшлар вакиллари иштирокида юксак савияда ташкил этилмоқда. Бу туғилиб ўсган гўшасига “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўли орқали замонавий поездда қайтган ўғлонларни кутиб олишга бағишлаб ўтказилган тадбирда ҳам яна бир карра ўз ифодасини топди.

Аскарларнинг қадамлари ўктам, кайфияти чоғ. Уларнинг қадди-бастига боқиб, “Армия, ҳақиқатан ҳам, йигитни йигит қиладиган чинакам ҳаёт мактабидир”, деган ўй ўтади кўнгилдан. Зеро, мана шу бир йиллик давр уларнинг ҳар бирини жисмоний ва маънавий жиҳатдан тоблади, мустақил фикрлашга, зарур пайтларда тўғри қарор қабул қилишга ўргатди. Энг асосийси, ўғлонлар қалбида шу азиз Ватанга муҳаббат ҳиссини -янада мустаҳкамлади.

— Ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бирига эришдим, — дейди Наманган туманидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Исмоил Орифбоев. — Аскар деган шарафли номга муяссар бўлдим. Муддатли ҳарбий хизмат даврида жуда кўп нарса -ўргандим. Нафақат жисмонан чиниқдим, балки билимим ҳам ошди. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ўқимоқчиман. Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини қўлга киритганман. Бу менга тест синовларида белгиланган -имтиёздан фойдаланиш имконини беради.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Қуролли Кучлар резервига  бўшатилган йигитларга улар истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинлари, ёшлар ташкилотлари ва бошқа муассасаларда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб -қайтганларнинг бандлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилаяпти.

— Армиядан резервга бўшатилганларни ишга жойлаштириш учун ҳудудимиздаги хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда бошқа муассасаларда квоталанган иш ўринлари рўйхатга олинган, — дейди вилоят меҳнат бош бошқармаси бўлим бошлиғи Сайфиддин Ризаев. — Наманган шаҳри ва туманлар ҳокимликлари томонидан йигитларнинг ҳар бирига уч жойдан иш ўрни таклиф этилган кафолат хатлари тақдим қилинмоқда. Ҳозирги пайтгача муддатли ҳарбий хизматдан қайтганларнинг аксариятини бандлиги таъминланди. Уларнинг асосий қисми жойлардаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда таълим, хизмат кўрсатиш ташкилотлари меҳнат жамоалари сафига қўшилди. Ёшларнинг маълум қисми олий ўқув юртларига кириш учун тайёрланмоқда.

Маросимда санъаткорлар ва иқтидорли ёшлар ижросида янграган куй-қўшиқлар тантанага янада кўтаринкилик бағишлади.

Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида ташкил этилган бир пиёла чой устида армия ҳаёти ҳақида дилдан суҳбатлар қурилди. Аскарларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Шавкат ОРТИҚОВ,

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Баҳром АБДУРАҲИМОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn