Ўзбекистон Миллий университетида уюштирилган “Ёш мутахассис — 2017” меҳнат ярмаркаси юзлаб битирувчи талабаларнинг ишга жойлашишларида қўл келди.
2016/2017 ўқув йилида мазкур таълим даргоҳини бакалавриат таълим йўналишида 1545 нафар ҳамда магистратура мутахассислиги бўйича 421 нафар йигит-қиз тамомлайди.
Ярмаркада 150 га яқин иш берувчи ташкилот ва корхоналар, илмий-тадқиқот институтлари, вазирлик ҳамда идоралар вакиллари билан битирувчилар ўртасида бевосита мулоқот ўтказилди. Шу аснода кўплаб ёшлар ўз мутахассислиги бўйича иш топишга муваффақ бўлдилар.
— Марказимизда бешта бўш иш ўрни мавжуд эди, — дейди Ўзбекистон Фанлар акаде-миясининг Геномика ва биоинформатика маркази бўлим бошлиғи Рисолат Норбобоева. — Уларни иқтидорли ёшлар билан тўлдириш мақсадида ярмаркада қатнашиб, ёш мутахассислар билан шартномалар имзоладик. Ўйлайманки, бу каби тадбирлар битирувчи ҳамда ташкилотлар ўртасида муҳим кўприк вазифасини ўтайди.
Икки кун давом этган меҳнат ярмаркасида 300 нафардан ортиқ битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича турли ташкилот ҳамда таълим муассасалари билан шартномалар имзоладилар.
Раҳимжон ШЕРҚУЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.