Медиа майдон
  • 03 Март 2017

Медиа майдон

Қулай ва самарали мулоқот.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олган ушбу ноёб -дастуриламал ҳужжатдаги мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда мазкур демократик институтларнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Айнан улар -жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашда асосий воситалардан бирига айланмоқда.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Адвокатлар палатаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси муассислигида “Тараққиёт стратегияси” маркази ташкил этилиши кенг жамоатчилик билан очиқ мулоқотни таъминлаш йўлида яна бир амалий қадам қўйилганидан далолат беради.

Мазкур нодавлат нотижорат ташкилоти фаолияти Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг экспертлик ва жамоатчилик муҳокамасини олиб боришдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, фуқаролик жамияти институтларини, мутахассис, олимларни мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнларига фаол жалб этишга қаратилган.

Эътиборлиси, “Тараққиёт стратегияси” маркази Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишининг бориши, қабул қилинган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар юзасидан доимийликка асосланган жамоатчилик муҳокамасини йўлга қўйишга киришди. Аниқроғи, ушбу ҳамкорлик доирасида давлат ва жамият ўртасида мулоқот ўрнатишнинг ҳар томонлама қулай омили ҳисобланган медиа майдон ташкил қилинди. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятини бошлаши ҳамда медиа майдоннинг тақдимоти муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари аъзолари, экспертлар, журналистлар ҳамда мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари иштирокида тадбир ўтказилди. Унда қатнашганлар янги ННТнинг мақсад ва вазифалари, истиқболдаги режалари билан танишишди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn