Ҳуқуқий тарбия ва юксак масъулият
  • 03 Март 2017

Ҳуқуқий тарбия ва юксак масъулият

Давлатимиз раҳбари таклифи асосида йўлга қўйилган “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари тобора самарали бўлиб бормоқда.

Андижон вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида аҳоли, меҳнат жамоалари, ўқув муассасаларида учрашувлар уюштирилди. Шундай мулоқотлардан бири Қўрғонтепа туманидаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

— Аҳоли билан юзма-юз ташкил этилган мулоқотлар чоғида тушунтириш-тарғибот ишларига кенг эътибор берилгани барча учун манфаатли бўлди, — дейди вилоят ИИБ  Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори, майор Мирзоҳид Мамиржонов. — Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ўқишга бўлган муносабатини яхшилаш, бу борада ота-она, ўқув муассасаси ва маҳалла фаолларининг ҳамкорлигини кучайтириш хусусида ўзаро келишиб олинди.

Профилактика тадбирлари жараёнида ўқув муассасаларида давомат ҳам ўрганилди. Жумладан, Қўрғонтепа иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 447 нафар ўқувчидан 122 нафари сабабсиз дарс қолдиргани аниқланди. Ота-оналар билан олиб борилган суҳбатлар натижасида улардан 48 нафари шу куннинг ўзида дарсларга жалб этилди. Шунингдек, тумандаги саноат ва транспорт, индустриал педагогика касб-ҳунар коллежларининг дарсларни мунтазам қолдираётган 162 нафар ўқувчиси таълим жараёнига қайтарилди.

Бухоро вилоятида профилактика тадбирлари доирасида ташкил этилган очиқ мулоқотларда жойларда ижтимоий-маънавий барқарорликни сақлаш, жамият ҳаёти учун зарарли бўлган иллатлар ва уларнинг салбий оқибатлари хусусида атрофлича сўз юритилди.

— Мулоқотларда ёшлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз зарурлиги аён бўлмоқда, — дейди Когон тумани ички ишлар бўлимининг вояга етмаганлар бўйича инспектори, катта лейтенант Ойбек Ҳакимов. — Шу боис профилактика тадбирлари бошланганидан буён туманимиздаги 21 умумтаълим мактаби, 2 та касб-ҳунар коллежи ҳамда 8 та мактабгача таълим муассасасида бўлиб, ўқувчилар ва педагоглар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказдик. Ўрганишлар асосида фарзандининг ўқишга боришига тўсқинлик қилган 21 нафар ота-онага нисбатан маъмурий чора кўрилди. Натижада биргина Когон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида давомат 75 фоиздан 90 фоизга кўтарилди. 

Профилактика тадбирлари давомида 400 дан зиёд таълим муассасаларида давомат масаласи ўрганилди, ҳисобда турувчи 645 нафар фуқаро билан суҳбатлар уюштирилди. 

Жиззах вилоятида ташкил этилган профилактика тадбирларида ички ишлар органлари, прокуратура, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари томонидан ота-оналар иштирокида жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари батафсил муҳокама қилинди.

— Тумандаги саноат ва сервис касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, маҳалла фаоллари, ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар қатнашди, — дейди Шароф Рашидов тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими инспектори Акрам Гулмуродов. — Унда ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, ўқувчилар интизоми ва давоматини назоратга олиш борасидаги ишлар таҳлил этилди. Ўқувчиларга Ватанни, ўз оиласи ва касбини севиш, эл-юрт олдида бурч ва масъулиятни ҳис этиб яшаш, қонунларни ҳурмат қилиш, одоб-ахлоқ меъёрларини сақлаш ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. 

Хоразм вилоятида ҳам маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳлар умумтаълим мактаблари касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларда, оилаларда бўлиб, кўплаб мулоқотлар ўтказди. Жойлардаги ҳақиқий аҳвол ўрганилиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича кенг кўламдаги тушунтириш ишлари амалга оширилди. 

Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Масалан, ҳозирги кунда ўқув муассасаларида давомат яхшиланаяпти. Авваллари вилоят бўйича давомат ўртача 80 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда касб-ҳунар коллежларида 90, мактаблар ва академик лицейларда 97-98 фоизга етди.

— Учрашувдан ўзимизга керакли хулосаларни чиқариб олдик,  — дейди Урганч саноат-транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муҳаммад Солаев. —  Юртимизда ёшларнинг таълим олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи ҳам доимий эътиборда. Тадбирда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари, уларнинг олдини олиш юзасидан маълумотлар берилгани, айниқса, биз учун фойдали бўлди.

“Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудида юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn