Барқарор тараққиётимиз кафолати
  • 01 Март 2017

Барқарор тараққиётимиз кафолати

Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантириш билан боғлиқ устувор вазифалар кўзда тутилган бўлиб, юртдошларимиз бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Акром ХЎЖАМОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси:

— Бугун давлат ёки жамоат ташкилотида фаолият юритаётган ҳар бир ходимдан халқ орасига кириш, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш талаб этилмоқда. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам  халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу муносабат билан ҳозирги пайтда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш ҳамда маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш назарда тутилаяпти.

Бундан ташқари, “Электрон ҳукумат” тизимини жадал тараққий топтириш бўйича чора-тадбирларни рўёбга чиқариш режалаштирилганини мамнуният билан таъкидлаш зарур.

Комил СИНДАРОВ, юридик фанлар доктори:

— 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жамият ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли вазифалар белгилаб берилган. Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу вазифалар ижроси йўлида дастлабки қадам бўлди. 

Табиийки, бугунги тезкор замонда ҳар бир соҳа равнақи бевосита малакали кадрлар билан узвий боғлиқ. Шу сабабли ҳам Ҳаракатлар стратегиясида ушбу масалага кенг урғу берилган бўлиб,  суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимларини ўқитиш, танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш тизими янада такомиллаштирилади.

Бахтиёр РАҲМАТОВ, Бухоро шаҳридаги “Технолог прогресс гарант” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Ҳар томонлама тараққий этган давлатлар тажрибаси кўрсатмоқдаки, иқтисодиётни тадбиркорлик, жумладан, кичик бизнес ривожисиз тасаввур этиб бўлмайди. Стратегияда шу жиҳат алоҳида  назарда тутилгани диққатга сазовордир.

Унда  жойларда ишбилармонлик муҳитини яратиш, фуқароларнинг бу борадаги имкониятларини юзага чиқариш, фаоллигини ошириш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш сингари давлат ва жамият тараққиётига туртки берадиган вазифалар қамраб олинган. 

Мамлакатимизда тадбиркорлик учун қулай сармоявий муҳит яратилган. Бунинг самарасини  корхонамиз фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Хориждан ёғочга ишлов берувчи замонавий компьютерлаштирилган ускуналарни харид қилиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Бунга 550 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Шунинг 400 миллион сўмини банк кредит тариқасида ажратди. Стратегиядаги вазифалар бизни изланишга, янги бизнес лойиҳаларни рўёбга чиқаришга ундайди.

 

Ориф АЛИМОВ, Боёвут туманидаги Дўстлик қишлоқ врачлик пункти мудири:

— Ҳаракатлар стратегиясининг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган йўналишида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани замирида ҳам инсон манфаатлари мужассам. Шундан келиб чиқиб, биз, соҳа ходимлари одамлар саломатлигига нафақат уларнинг беморлигида, балки соғломлигида ҳам масъул эканлигимизни теран ҳис этиб, зиммамиздаги вазифаларни сидқидилдан бажаришимиз талаб қилинади. Бунда, энг аввало, патронаж ишларини кучайтиришимиз, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига янада масъулият билан ёндашишимиз зарур бўлади.

Айни чоғда Стратегияда белгиланган вазифалар ижросининг илк натижалари кўринаётганини ҳам мамнуният билан -айтиш лозим. 

 

Мушарраф ҚЎЧҚОРОВА, Фарғона вилояти қирғиз миллий-маданий маркази раҳбари:

— Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни таъминлашга оид вазифалар ҳам назарда тутилгани кўп миллатли халқимизнинг айнан дилидаги гап бўлди, десак, асло янглишмаймиз. 

Ҳозирги кунда Фарғона водийсида 300 минг нафарга яқин  қирғиз миллатига мансуб аҳоли тўлақонли Ўзбекистон фуқароси сифатида тинч ва хотиржам яшаб келаяпти. Дарҳақиқат, биз бир неча асрлар мобайнида битта минтақада истиқомат қилиб келаётган оға-ини халқмиз. Тилимиз, дилимиз, динимиз ўзаро муштарак. Тарихимиз ҳам, тақдиримиз ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шу йил  14 — 16 февраль кунлари  Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри жамоасининг ижодий сафар билан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига ташрифи ҳам ана шундай анъаналаримизнинг узвий давоми сифатида намоён бўлди.     

Ҳаракатлар стратегияси мазкур йўналишдаги ишларимизни янги босқичга кўтаришда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

«Халқ сўзи» мухбирлари

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn