Фарзандлар камоли — юрт истиқболи
  • 01 Март 2017

Фарзандлар камоли — юрт истиқболи

Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.

Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, ҳокимиятлар қошидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар раислари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоятда халқ билан мулоқот, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда кам таъминланган ҳамда вояга етмаган фарзандлари бўлган оилалар, ишламайдиган оналар, шу жумладан, -вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг самарали ижтимоий муҳофазаси давлат ҳамда жамиятнинг устувор вазифаларидан бири эканлиги қайд этилди. Бундай кафолат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида Қашқадарё вилоятида вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бугун вилоят аҳолисининг 1 миллион нафардан зиёди вояга етмаганлардир. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз шахслар 1 минг 456 нафардан иборат. Ҳудуддаги имконияти чекланган болалар учун мўлжалланган 4 та ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида мингдан ортиқ кўзи ожиз, яхши эшитмайдиган болалар ўқитилади.

Етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ҳомийлар ҳисобидан Қарши шаҳрида 30 ўринга мўлжалланган ётоқхона барпо этилди. 

Вилоятдаги 660 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органида ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар фаолият кўрсатмоқда. Улар 2 ёшгача фарзандлари бўлган кам таъминланган оилаларга, 14 ёшгача вояга етган фарзандлари бўлган муҳтож оилаларга ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларга нафақа тайинлайди ва моддий ёрдам ажратади. Жумладан, 2016 йилда ушбу мақсадларга 155 миллиард 970 миллион сўм бюджет маблағи сарфланган.

Сенаторлар вилоятда вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини амалга ошириш борасида айрим камчилик ва хатолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратишди. Масалан, вилоят молия ҳамда назорат-тафтиш бошқармалари ўтказган текширишлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялари томонидан ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам белгилаш ҳамда тўлашда молиявий хато ва суиистеъмолликка йўл қўйилганлигини кўрсатди. Ижтимоий нафақа ҳамда моддий ёрдам олган оилаларда вазият яхши томонга ўзгаргани бўйича мониторинг олиб борилмаяпти. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари томонидан депутатлик назорати йўлга қўйилмаган. Мазкур комиссиялар 2016 йилда бу масалаларни ўз мажлисларида бирон маротаба ҳам муҳокама қилмаган. 

— Тадбир давомида айтиб ўтилган фикр-мулоҳазалардан тегишли хулоса чиқариб олдик, — дейди Деҳқонобод тумани “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси Давлат Қулматов. — Албатта, камчиликлар бор. Мисол учун,  Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида фуқаролар йиғинлари раисларига берилган ваколат доирасида нафақа тайинлаш мезони белгиланган. Айрим вазиятларда ушбу мезон талабларини билиб туриб бузиш ҳолатларига йўл қўйилган бўлса, баъзида фуқароларга берилган моддий ёрдамлар бу мезонга тўғри келмайди. 

Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn