Барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган
  • 01 Март 2017

Барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи воҳа аҳлининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Шу билан бирга, уларни бундан-да юксак марралар сари руҳлантирди. Буни юртдошларимизнинг қуйидаги дил сўзларидан ҳам яққол англаш мумкин.

Миркомил МУРОДОВ, Қарши шаҳридаги “Гулшан” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи милиция таянч пункти профилактика катта инспектори, капитан:

— Маҳалла — эзгу ишлар бешиги. Ҳудудлар ободлиги, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ёшлар таълим-тарбияси, оилавий бизнес билан боғлиқ хайрли ташаббусларнинг аксарияти шу масканда туғилиб, қанот ёзади. Президентимиз мазкур тузилма адолат тарозисига айланиши лозим, деган фикрни билдирдилар. Чунки маҳалла идораси одамлар дарду ташвишлари билан яшаса, уларни хайрли мақсадлар сари ундаса, ҳақиқатни қарор топтириш учун интилса, кўплаб муаммоларга шу ернинг ўзида тезкор ечим топилиши аниқ. Қолаверса, ушбу тизимнинг самарали ишлаши турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш имконини беради. Бунинг учун фуқаролар йиғини мутасаддилари ҳамда профилактика инспекторлари ўзаро ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда меҳнат қилиши зарур.

Бунга ўз фаолиятимиздан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Жумладан, маҳалламиз учун янгидан барпо этилган идора биносидан нафақат фуқаролар йиғини ходимлари, балки профилактика инспектори учун ҳам алоҳида хоналар ажратилган. Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашда ўзаро кенгашиб иш тутаяпмиз. Тарғибот-ташвиқот тадбирларини бамаслаҳат ўтказаяпмиз. Хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир оиланинг ҳолидан хабардор бўлмоқдамиз. Эндиликда ҳафтанинг пайшанба куни “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” деб белгиланиши билан бу йўналишдаги чора-тадбирлар янада изчиллик касб этди. 

Тажриба ва кузатувларимиздан келиб чиқиб айтай: профилактика инспектори доимо огоҳ ва сергак бўлмаса, кўзланган натижаларга эришиш мушкул. Амалда аниқ иш вақтимиз белгиланмаган. Зарурат туғилганда, яримтунда ҳам, эрта тонгда ҳам ҳозиру нозирмиз. Шу маънода, маҳалла идораси, яъни иш жойимизнинг ёнгинасидан оилам учун шинам тураржой қуриб берилгани катта қулайлик яратди. Бу ғамхўрлик учун давлатимиздан беҳад миннатдорман. Шунингдек, Президентимизнинг маҳалламиз фаолияти билан танишиш асносида хонадонимизга ҳам ташриф буюргани оиламиз учун унутилмас воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари келгусида Қарши шаҳридаги барча профилактика инспекторлари учун шундай шароитлар яратиб бериш, ўз навбатида, милиция таянч пунктларини бир-бири билан боғловчи оптик толали тизим барпо этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Бу янгилик, албатта, ишимизга янада унум бағишлайди. 

 

Илҳом ХАЛИЛОВ, “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамияти корпоратив бошқаруви раиси: 

— Вилоятимиз тоғлар, бепоён қиру адирлардан иборат. Уларда кўплаб турдаги ноёб гиёҳлар ўсади. Ана шу шифобахш неъматларни қайта ишлаш орқали фармацевтика саноатини изчил ривожлантириш мумкин. Давлатимиз раҳбари шу ҳақда тўхталар экан, мазкур соҳада ҳар бир тадбиркорга зарур имтиёз ва қулайликлар яратиш лозимлигини таъкидлади. 

Ҳозирги кунда ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири акциядорлик жамиятимиз томонидан Буюк Британиянинг “Rodex Trading Limited” компанияси билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилаяпти. У йилига 4 миллион дона кукун шаклидаги антибиотик дори воситаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бундан ташқари, доривор ўсимликлар қайта ишланиб, 11 турдаги тиббий мойлар тайёрлаш ўзлаштирилади. 

Президентимиз ушбу лойиҳа ижросини жорий йил охирига қадар якунлаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш бўйича чет давлатларда савдо уйларини очиш ҳамда дори воситалари экспортини кенгайтириш бўйича ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.  Айни пайтда фаолиятимизни ана шу талаблар асосида жонлантириш чораларини кўраяпмиз.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn