Ватан сарҳадлари ишончли қўлларда
  • 01 Март 2017

Ватан сарҳадлари ишончли қўлларда

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия барпо этилгани алоҳида таъкидланди.

Маълумки, дунё сиёсий харитасида Ўзбекистон сарҳадлари аниқ кўрсатилган. Озод ва обод юртимизнинг Ер шаридаги географик жойлашувини ўзида ифодалаган ушбу тасвир барчамизга болаликдан яхши таниш. Унинг Мустақиллик ва эзгулик монументига абадий муҳрланганида ҳам чуқур маъно мужассам.

Зеро, мамлакатимиз мустақиллиги чегараларимиз мустаҳкамлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, давлатимиз томонидан унинг дахлсизлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасининг ташкил этилиши бу борада муҳим қадам бўлди, -албатта. 

Соҳада яратилган пухта қонунчилик асоси, такомиллаштириб борилаётган инфратузилма ва моддий-техника базаси мазкур йўналишдаги вазифаларни самарали бажариш, барча хавф-хатарни ўз вақтида аниқлаб, бартараф қилиш имконини бераяпти. Ўтказиш пунктлари замонавий махсус текширув-назорат ускуналари билан жиҳозлангани,  уларда барча шарт-шароит яратилгани, илғор техника ва транспорт воситалари тақдим этилгани бунинг тасдиғидир.

Шу билан бир қаторда, чегара хизмати шахсий таркиби соҳада муваффақиятли фаолият юритишнинг бош омили ҳисобланади. Боиси, оддий аскарлардан тортиб, сержантлару офицерларгача — барча-барчаси куну тун диёримиз тинчлиги ҳамда осойишталигини муҳофаза қилиб келмоқда. Улар ўз зиммасидаги улкан масъулият ниҳоятда залворли эканлигини чуқур англаган ҳолда, сидқидилдан, ҳалол ва фидойилик билан хизмат қилаяпти. Чин ватанпарварнинг юрак амри ҳам аслида шудир. 

Чегарачилар сафига кириш учун мазкур шарафли касбга муносиблик, садоқат, фидокорлик, бу йўлда керак бўлса жонини фидо қилишга тайёрлик бўйича қатъий танлов ўтказилади. Қолаверса, мард, довюрак ҳамда жонкуяр бўлиш, бутун хизмат давомида шу фазилатларни ўзига энг яқин ҳамроҳ, деб билиш керак.

Бинобарин, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган катта ҳиссаси учун чегарачиларимиз давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда. Президентимизнинг жорий йил январдаги Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан қабул қилинган Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси вакиллари ҳам тақ-дирланди.

Улардан бири, МХХ Чегара қўшинлари гуруҳи командири Жамолхон Ҳамзаев навбатчилик қилаётган пайтида давлатимизнинг юксак мукофоти — “Жасорат” медалига лойиқ, деб топилгани ҳақида билди. Командирлари ва ҳамкасблари бундай хушхабарни эшитиб, шундай муносабат билдиришди: “У — ҳар томонлама муносиб. Чунки масъулиятли, меҳнаткаш, ташаббускор ва ёш чегарачиларга намунадир”.

Кичик сержант Ж. Ҳамзаев юртга садоқати ҳамда хизматига содиқлигини амалда бир неча бор исботлаган. У саккиз йиллик хизмати давомида юртимиз ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб кирилаётган қарийб 44 килограмм кучли таъсир қилувчи наркотик моддалар, умумий қиймати бир ярим миллиард сўмликдан зиёд бўлган товарлар ҳамда моддий бойликларни тўхтатиб қолди. 

— Камтарона меҳнатимга берилган юксак баҳо менга қўшимча куч бағишлайди, — дейди у. — Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ҳар томонлама ғамхўрликни биз, ҳарбий хизматчилар ҳамиша ҳис этамиз. Ана шундай эътиборга жавобан Ватанимиз тинчлиги, фаровонлиги йўлида янада қатъият ва матонат билан хизмат қиламиз. 

Оддий аскар Темурмалик Мирзаев ҳали 25 ёшга ҳам тўлгани йўқ. Уч йилдан ортиқ вақтдан буён чегара қўшинлари сафида. 2016 йилдан сарҳадларимиз қўриқчиларининг вафодор ёрдамчилари — хизмат итлари билан ишлашга ихтисослашди.

МХХ Чегара қўшинлари гуруҳ инструктори биргина ўтган йилнинг ўзида сарҳадларимизни бузиб ўтишга уринишга доир 12 та ҳолатни аниқлади. Т. Мирзаев навбатчилик қилаётган пайтда бир неча бор йирик миқдордаги рангли металлар, электр маиший техника воситалари контрабандасини ушлаб қолди. Ёш чегарачининг ҳушёрлиги туфайли 2016 йил ёз фаслида қўшни давлатдан нақд кўринишда икки ярим миллион АҚШ долларидан зиёд ва балансида 34 минг АҚШ доллари бўлган 18 та пластик карточкани  мамлакатимиз ҳудудига айланма йўллар орқали олиб ўтаётган икки нафар қонунбузар қўлга олинди. Жиноятчилардан олиб қўйилган валюта маблағлари давлат фойдасига ўтказилди.

— Ватанимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам чегарачилар зиммасидаги муҳим вазифа саналади, — дейди -Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Жасорат” медали билан тақдирланган Т. Мирзаев. — Ўз хизмат бурчимни ҳушёрлик билан давом эттираман. Менга билдирилган ишончни бор куч-ғайратим билан оқлашга ҳаракат қиламан. 

МХХ Чегара қўшинлари взвод назоратчиси Акбар Вакилов 11 йиллик хизмати давомида бир неча бор ноқонуний йўл билан товар ва моддий бойликларни олиб ўтишга бўлган уринишларни бартараф этди. Айни чоғда бузғунчилардан  қурол-яроғлар ва ўқ-дорилар, портловчи моддаларни мусодара қилишга эришди. 

А. Вакилов охирги икки йил мобайнидаги текширувлар ва назорат тадбирлари мобайнида 850 дан ортиқ психотроп таблеткаларни аниқлаб, мусодара қилди. У ўзи навбатчилик қилаётган пайтда юртимиз ҳудудидан тарихий қимматга эга ҳамда ноёб буюмларни олиб кетишга бўлган учта уринишни бартараф этди. Жорий йилнинг январь ойида тегишли Фармон билан “Содиқ хизматлари учун” медалига лойиқ кўрилган оддий аскар мазкур давр ичида умумий қиймати 2,2 миллиард сўмлик товар ва моддий бойликлар контрабандасини тўхтатиб қолди.   

Ўзбекистон сарҳадлари қалқонлари юртдошларимизнинг тинч ва осуда ҳаётини, давлат манфаатларини муносиб ҳимоя қилиб келаяпти. Уларнинг фидойилиги, жасорати, ишни бир тартибда олиб боришига гувоҳ бўлиб, барчамиз Ватанимиз чегаралари мустаҳкам эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Руслан КЕНЖАЕВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn