Улкан бунёдкорлик ишлари, изчил ислоҳотлар, самимий мулоқотлар халқимизни келажакка ишончини мустаҳкамлайди
  • 28 Февраль 2017

Улкан бунёдкорлик ишлари, изчил ислоҳотлар, самимий мулоқотлар халқимизни келажакка ишончини мустаҳкамлайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарёга ташрифини, жойлардаги учрашувлари, янги лойиҳалар тақдимотларида билдирган фикрларини вилоят аҳолиси катта қизиқиш билан кузатиб борди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу сафари ҳудудда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига жадаллик бахш этгани воҳа аҳли томонидан алоҳида мамнуният билан эътироф этилмоқда.

Саъдулла БОБОҚУЛОВ, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи:

— Вилоятимиз улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Табиий бойликларимиз етарли. Тупроғимиз унумдор. Одамларимиз меҳнаткаш. Хўш, ана шу имкониятлардан қай даражада фойдаланаяпмиз? Аҳоли олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнунми? Уларни қийнаётган масалалар нималардан иборат?

Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга сафари ушбу ҳаётий саволларга жавоб топишга қаратилди. Масалан, шу кунларда саноат йўналишида рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳаларни олинг. Уларнинг амалга оширилиши билан қанчадан-қанча иш ўринлари яратилади, маҳаллий бозорга янги-янги турдаги маҳсулотлар кириб келади, воҳа иқтисодий салоҳияти юксалади.  

Тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослаштирилган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” Ўзбекистон — Хитой — Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳаси — шулардан бири. Эътиборлиси, мазкур ишлаб чиқариш субъектининг фаолият бошлаши воҳада етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳоли реал даромадларини ошириш имконини беради. Йилига 22 минг тонна рақобатдош аралаш калава ип ва 50 миллион квадрат метр ип-газлама тайёрланиб, унинг 80 фоизи хорижга -сотилади. Ваҳолонки, Президентимиз учрашув чоғида таъкидлаганидек, Қашқадарё вилояти пахта толасини етиштириш бўйича мамлакатимизда етакчи ўринни эгаллайди. Шундай экан, уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида экспортга чиқариш катта иқтисодий самарадорлик омилидир.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи, турли масалалар бўйича берган кўрсатма ва тавсиялари аҳоли кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. Бу эндиликда янги-янги марралар, муваффақиятлар учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Феруза АВУЛОВА, (Қарши тумани):

— Ўксик кўнгил билан яшаш жудаям оғир. Эрта етим қолдим. Жудолик ситамлари ҳаёт ташвишларига уланиб кетди. Мурғаклигимдан қийинчилик кўриб улғайдим. Турмушга чиққач эса узоқ вақт ижарада турдик. Топганимизни шунга сарфладик. 

Яхши кунларимиз олдинда экан. Туманимизнинг Яккаёғоч массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилишини эшитиб, ариза бергандик. Мурожаатимиз тезда ижобий ечим топди. Шу манзилдан бизга уч хонали уй ажратилди. Жуда-жуда қувониб кетдик. Илгари ўз тураржойига эга бўлган тенгқурларимизга ҳавас қилган бўлсак, энди бошқаларнинг бизга ҳаваси келмоқда. Ана шу хурсандчилик сурури билан яшаётган кунларимизда Президентимизнинг “Кайфиятингиз қандай?” дея уйимизга кириб келишидан бошимиз кўкка етди. 

Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ, деб шунга айтсалар керак-да. Ортда қолган заҳмату машаққатларимизнинг барчаси унутилди. Яшашга завқимиз, иштиёқимиз янада ошди. Энди ҳеч кимдан кам эмасмиз! Ўз бахт кошонамиз бор! Бу ерда фарзандларимизни комил инсонлар этиб вояга етказамиз.

Давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат. Одамлар дардига қулоқ тутмоқда, уларни рози қилиш чораларини кўраяпти. Вилоятимизга сафари ҳам энди Қашқадарёмизнинг бундан-да гуллаб-яшнашига хизмат қилишига ишонамиз. 

«Халқ сўзи» мухбири

Аҳад МУҲАММАДИЕВ ёзиб олди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn