Истиқлол меъморига эҳтиром
  • 25 Февраль 2017

Истиқлол меъморига эҳтиром

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан, Тошкент давлат техника университетига Ислом Каримовнинг номи берилиши муносабати билан мазкур таълим муассасасида илмий-амалий конференция ўтказилди.

“Ўзбекистонда таълим, фан ва маданиятнинг модернизациясини таъминлашда Ислом Каримовнинг роли” мавзуида ташкил этилган ушбу тадбирда академиклар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. 

Унинг очилиш маросимида сўзга чиққан университет ректори Ф. Ризаев ва бошқалар таъкидлаганидек, халқимиз ўтган 25 йил мобайнида эришилган улкан ютуқларни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан узвий боғлайди.

Истиқлол меъмори ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, қатъияти ва матонати, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Буюк шахс ва давлат арбоби сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юксак ҳурмат ва обрў-эътибор қозонди.

— Дарҳақиқат, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ҳамда сиёсат арбоби, халқимизнинг улуғ ва ардоқли фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади, — дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессори Мамлакат Маҳкамова. — Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ҳамда таҳликали вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди. Бугунги тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад у киши бошлаб берган улуғвор ишларнинг беқиёс аҳамиятини талабаларимизга кенг тушунтиришдан иборатдир.

Озод ва обод Ватан қолдиришдек эзгу орзу йўлида меҳнат қилган, фаолияти меҳр-муҳаббат, мардлик, олижаноблик, ватанпарварликка йўғрилган Ислом Каримов умрини мамлакатимиз тинчлиги, осойишталиги, тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, юртимизнинг ҳар бир манзили гуллаб-яшнаши, одамлар ундан рози бўлишига бағишлади.  

— Мазкур тадбир биз, ёшларда катта таассурот қолдирди, — дейди университет талабаси Фаррух Турдиев. — Айниқса, анжуман муносабати билан Биринчи Президентимизнинг бу ерда ўтган талабалик йилларига оид ҳужжатлар намойиши ҳар бир тенгдошимиз учун ибрат ва сабоқ вазифасини ўтайди.  Хусусан, Ислом Каримовнинг талабалик гувоҳномаси, ўз қўллари билан ёзган таржимаи ҳоли, аризаси, у кишига сабоқ берган ўқитувчиларнинг ижобий фикрларини кўриб, очиғи, жуда-жуда ғурурландик. Таълим муассасамизга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан бизни ўзимнинг фарзандларим, менинг болаларим, деб ардоқлаган улуғ Йўлбошчимизнинг номи берилиши барчамизга улкан масъулият юклайди. Зеро, биз, ёшлар Биринчи Президентимиз орзу қилганидек, ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаяпмиз. 

Анжуман шуъба мажлисларига бўлинган ҳолда давом этди. Уларда Ислом Каримовнинг Ватанимиз тараққиётидаги беқиёс хизматлари, тарихимиздаги ўчмас ўрни ва аҳамияти, айниқса, таълим-тарбия соҳасини юксалтиришдаги фикр-мулоҳазалари ҳамда бошқа йўналишларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган 100 га яқин маърузалар тингланди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn