Фаоллик, уюшқоқлик ва юқори самара
  • 24 Февраль 2017

Фаоллик, уюшқоқлик ва юқори самара

Президентимиз таклифи билан “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” сифатида белгиланиб, шу мақсадда жойларда ўтказилаётган тадбирлар тобора изчиллик касб этмоқда. Муҳими, уларда нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, балки давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, умуман, юртдошларимиз фаоллик кўрсатаётир.

Чунончи, Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудида ички ишлар органлари ходимлари, прокурорлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, -Хотин-қизлар кўмитаси вакиллари иштирокида уюшқоқлик билан ўтказилган тадбирларда жойларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинди. 

— Иш пухта режа асосида ташкил қилингани ўз самарасини бермоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори Уснатдин Рзамуратов. — Давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакилларидан таркиб топган гуруҳлар маҳаллалар, оилалар, ўқув муассасаларида аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан кенг тушунтиришлар берилди. 

Ана шундай учрашувлардан бири Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошидаги академик лицейда бўлиб ўтди.

— Тадбир бизда катта таассурот қолдирди, — дейди лицей ўқувчиси Гулхумар Омирбаева. — Иштирокчилар томонидан ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик турлари, уларнинг олдини олиш, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш бўйича берилган маълумотлардан керакли хулосалар чиқариб олдик. Бундай мулоқотлар тез-тез ўтказиб турилса, барчага фойдали бўлади.

Наманган вилоятида ташкил этилган “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни”да аҳоли, айниқса, ёшларнинг фаоллиги яққол сезилиб турди.

Хусусан, Тўрақўрғон туманида уюштирилган тадбирларда маҳаллалар, таълим муассасалари ҳамда хонадонлардаги аҳвол атрофлича ўрганилди. Унинг натижаларини -муҳокама қилиш чоғида вилоят прокурори 2016 йилда туман ҳудудида содир этилган жиноятчилик ҳолатлари бўйича атрофлича маълумот берди. Таъкидланганидек, 7 та маҳалла фуқаролар йиғинида ушбу кўрсаткич ошган, жумладан, ўғирлик, майда -безорилик кўпайган.

Маҳаллалар фаоллари ва профилактика инспекторлари томонидан тушунтириш ишлари изчил олиб борилмаётгани бунинг асосий сабабидир. Таълим муассасалари давоматида ҳам муаммолар бор. Масалан, Тўрақўрғон иқтисодиёт ва сервис коллежи ўқувчиларининг 87 фоизи дарсга қатнайди. Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида бу кўрсаткич 83 фоизни ташкил этади.

— Профилактика тадбирлари ҳозирдан ўз самарасини бера бошлади, — дейди Шаҳанд қишлоғидаги хизмат кўрсатиш коллежи директори Гулнора Содиқова. — Ўтган ҳафтада ишчи гуруҳи ўрганган пайтда давомат 

82 фоиз эди. Бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирокида ота-оналарни жалб этган ҳолда муҳокама қилинди. Фарзанди мунтазам дарс қолдираётган 11 нафар ота-онага таъсир чораси кўрилди. Натижада ўқувчиларнинг дарсга қатнови 90 фоиздан ортди. Маҳалла фаоллари ва профилактика инспектори билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, давоматни юз фоизга етказишга ҳаракат қилаяпмиз. 

Сирдарё вилоятида профилактика тадбирларини ташкил этишга катта масъулият билан ёндашилмоқда. 

— Бир неча кун илгари унга пухта тайёргарлик кўрдик, — дейди Ширин шаҳридаги 35-милиция таянч пункти профилактика инспектори Умарали Мирохуров. — Натижада  учрашувлар самарали кечди. Қувонарлиси, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларни қонунларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга йўналтирилган бундай тадбирлардан ота-оналар ўз мамнунлигини билдирган ҳолда, мазкур хайрли ишга ўзларини дахлдор, деб билмоқда. Бу фарзандларимизни маънан соғлом қилиб тарбиялаш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Шунингдек, кун давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, хусусан, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган шахслар ҳамда хонадонлар вакилларини қийнаётган масалаларни ҳал қилиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.       

Сурхондарё вилоятида ўтказилган профилактика тадбирлари чоғида таҳлилий маълумотлар тақдим этилишидан ташқари, кун тартибидаги масаланинг устувор жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Аввало, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ёшларни турли ёт таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳ аъзолари маҳалламиз ҳудудидаги Маданият мавзеси ва Куба қишлоғи аҳолиси билан суҳбатлашди, — дейди Денов туманидаги “Тасмасой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳматилла Муҳаммадиев. — Унда бугунги тезкор даврда ҳар бир инсон, жумладан, ёшларнинг янада ҳушёр ва огоҳ бўлиши кераклиги қайд этилди. Маҳалла нуронийлари — 

Р. Қосимов, И. Давидов ҳамда А. Кенжаевнинг ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда билдирган фикрлари ёш авлодни 

она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда беиз кетмайди, албатта. Айниқса, уларнинг китоб ўқиш ҳамда билим чўққиларини эгаллашга оид мулоҳазалари кўпчиликда алоҳида таассурот қолдирди.

“Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари республикамизнинг барча ҳудудида юртдошларимиз фаоллигида бўлиб ўтди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn