Деҳқончиликнинг муқобил тури
  • 24 Февраль 2017

Деҳқончиликнинг муқобил тури

Унинг афзалликлари нимада?

Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалиги ривожида органик деҳқончиликнинг роли масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, -Фермерлар кенгаши, тегишли вазирлик ҳамда идоралар масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, олимлар, шунингдек, хорижий компаниялар вакиллари қатнашди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш давримизнинг энг долзарб масалаларидан бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Чунки иқтисодий юксалиш, саноатлашиш жараёнининг жадаллашиши, дунё аҳолиси нуфусининг ўсиб бориши туфайли кундалик истеъмол товарларига бўлган эҳтиёж йил сайин ортаяпти. Ушбу талабни барқарор қондириш мақсадида эса иқтисодиётнинг муҳим тармоғи ҳисобланган агросаноат мажмуини ривожлантириш, боғ ва дала неъматлари етиштириш ҳажмини ошириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бироқ аксарият давлатларда қишлоқ хўжалиги интенсив технологияларга асосланган бўлиб, озиқ-овқат экинларини парваришлаш, уларни касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоялашда кимёвий воситалар кенг қўлланилаяпти. Бу, ўз навбатида, табиий ландшафтларнинг ёмонлашиши, тупроқ унумдорлиги пасайиши, экологик тизим издан чиқишига сабаб бўлаётир. Айни шу ҳолатлар деҳқончиликнинг муқобил турлари, жумладан, органик усулни ривожлантиришни тақозо қилаяпти. Зеро, у кимёвий ўғит ва препаратлардан фойдаланмаган ҳолда тупроқнинг табиий унумдорлигини тиклашга қаратилгани билан -ажралиб туради. 

Тадбирда сўзга чиққанлар қайд этганидек, Ўзбекистонда шаклланган кўп мингйиллик деҳқончилик маданияти органик технология талабларига ҳамоҳангдир. Шунинг учун кейинги йилларда мазкур усулни ривожлантиришга жиддий аҳамият берилиб, қишлоқ хўжалиги тармоқларида маҳаллий ва биоўғитларни кўпроқ ишлатиш орқали экологик тоза маҳсулот етиштириш, ресурс тежамкор технологияларни амалиётга татбиқ этиш эвазига табиат неъматларидан оқилона фойдаланишга муваффақ бўлинаётир. 

Ўсимлик зараркунандаларига қарши курашишда ҳам биологик усул бирламчи ўринга кўтарилгани эса яна бир эътиборга молик жиҳатдир. Бунда республикамизда фаолият кўрсатаётган 700 дан ортиқ биолабораториялар томонидан керакли миқдорда фойдали ҳашаротлар етказиб берилаётгани қўл келаяпти.         

— Ўзбекистонда органик деҳқончиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, айниқса, соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратиш, чет эллик инвесторларга имтиёзлар -бериш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар иқтисодиётингизга бўлган қизиқишимизни янада кучайтирмоқда, — дейди “Bionovatic AG” компанияси (Швейцария)нинг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Рустам Рамазанов. — Чунки компаниямиз илғор агробиотехнологиялар ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ қилишга ихтисослаштирилган. Бундан ташқари, ҳозирги кунда 16 хилдаги биоўғитлар тайёрлаш, 32 турдаги фойдали ҳашаротлар етказиб бериш йўлга қўйилган. 

Шу каби лойиҳаларни Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш ниятидамиз. 

Хусусан, инновацион биолаборатория ҳамда замонавий корхона очиш мақсадида ички бозорни ўрганаяпмиз. 

Таҳлилларга қараганда, ривожланган давлатларда органик маҳсулотларга талаб ҳар доим катта. Аммо юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига махсус тизимларга мувофиқлик сертификатлаштириш ҳали йўлга қўйилмагани экспорт ҳажми ҳамда улар нарх-навосига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Тадбирда шу каби ташкилий-ҳуқуқий масалаларни тезроқ ҳал этиш, органик деҳқончиликни оммалаштиришга тўсқинлик қилаётган бошқа масалалар кенг муҳокама этилиб, уларнинг ечими юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn