«Тадбиркор — бунёдкор»
  • 24 Февраль 2017

«Тадбиркор — бунёдкор»

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Ховос туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида ўтказилган кўргазмага касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, фермер хўжаликлари, ишбилармонлар ҳамда оилавий бизнесни йўлга қўйиш истагида бўлган аҳоли вакиллари таклиф этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш ускуналари етказиб берувчи компания, фирмалар, маҳаллий саноат, хизмат кўрсатиш корхоналари, тижорат банклари, чорвачилик ва аграр секторнинг бошқа йўналишлари билан шуғулланаётган хўжалик субъектларининг маҳсулот ҳамда хизматлари намойиш қилинди. “Машҳура” ўқув маркази томонидан  иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган пазандалик, тикувчилик, карвинг санъати, хорижий тилларни ўрганиш каби ўқув курслари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Натижада 200 нафарга яқин йигит-қизлар мазкур курсларда қўшимча касб ўрганиш истагини билдиришди.

Шунингдек, тадбир давомида туман маҳаллаларидан ташриф буюрган 150 нафардан зиёд кишилар оилавий ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида эканини айтиб ўтишди. Улар фаолиятини йўлга қўйиши учун эса 2,5 миллиард сўмлик турли ускуналар етказиб берилиши мўлжалланмоқда.

Айтиш жоизки, тадбирдан кўзланган мақсад аҳолининг ишбилармонликка қизиқишини янада ошириш, уларнинг бу борадаги интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўз бизнесларини муваффақиятли йўлга қўйишлари учун янада қулай шароит ва имкониятлар яратиб беришдан иборат.

Ш. АҲМАДАЛИЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn