Қатъий мақсад, пухта режа, қулай шароит муваффақиятларга эришишнинг муҳим омилидир
  • 23 Февраль 2017

Қатъий мақсад, пухта режа, қулай шароит муваффақиятларга эришишнинг муҳим омилидир

Кейинги йилларда Наманган вилояти мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бирига айланмоқда. Ҳудудда, айниқса, тўқимачилик ва енгил саноат жадал ривож топиб, ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли тайёр маҳсулотларга нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам харидорлар кўпаймоқда. Бу ҳудудларнинг саноат салоҳиятини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар юксак самаралар бераётганидан далолат.

Бугунги кунда кичик бизнес субъектлари вакиллари саноатнинг мазкур тармоғида самарали фаолият юритиб, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бахтиёр Умаров етакчилик қилаётган “Истиқлол дизайн текстиль” масъулияти чекланган жамияти ана шундай илғор субъектлар сирасига киради. 

...Бахтиёр мактабдан чиқибоқ, биринчи устозининг устахонасига чопарди. Бу ерда у Намангандаги энг зўр усталар ишини қунт билан кузатиб, тикувчилик сирларини ўрганарди. Бора-бора бу қизиқиш улкан орзу, аниқ мақсадга айланди: “Катта бўлсам, ишчилар учун энг қулай шароитлар яратилган катта фабрика қураман”, дея ўзига ўзи сўз берди.

Эзгу ниятнинг рўёбга чиқишида истиқлол йилларида давлатимиз томонидан тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ишбилармонларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар қўл келди. Наманган туманининг Равнақ маҳалласидаги қаровсиз ётган бино негизида замонавий корхона барпо қилинди.

Тўғри, дастлаб ўн беш киши билан иш бошлаган жамоа оддий тикув машиналари ва бичиш дастгоҳларидан фойдаланиб, илк маҳсулоти — эркаклар костюмларини чиқарди. Уларнинг сифати юқори бўлса-да, тез орада шитоб билан ўзгараётган мода талабларига жавоб бермай қолиши аниқ эди. Бозорда рақобатдош бўлган янги-янги моделларни яратиш, уларни изчил ишлаб чиқариш эса замонавий дастгоҳлар, илғор асбоб-ускуна ва машиналарсиз бўлмайди. Шу боис банк кредитларидан унумли фойдаланилиб, Италия, Германия, Япония ва Туркиянинг энг илғор технологик линиялари сотиб олинди. Шу тариқа янги цехлар очилиб, ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб бораверди. Натижада қисқа вақт ичида ёш жамоа муваффақиятлари тилга тушди. Турли кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиш буюртмалар портфелини шакллантириш ҳамда хорижлик ҳамкорлар топишда катта роль ўйнади.

— Халқимизда фарзанд дунёга келса, комил инсон бўлиб ўссин, дея унга, аввало, яхши исм берилади, — дейди тадбиркор Бахтиёр Умаров. — Ишбилармон учун чиқарган маҳсулоти ўз боласидек гап: у ҳам муносиб ном билан аталиши керак. Шунинг учун биз ўз брендимизни жарангдор ва жозибадор бўлишига интилиб, “Идеал” деб атаганмиз. Ҳар доим ушбу сифатга мос маҳсулот етказиб бериш мақсадида тинмай изланиб, амалиётга янгиликларни изчил қўллаймиз. Бу эса кутилган самарани бераётгани жамоамизни янги марралар сари руҳлантиради.  

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Истиқлол дизайн текстиль” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюриб, ишчи-мутахассислар билан учрашув чоғида берган тавсиялари корхона ҳаётида янги давр бошланишида муҳим омил бўлди. Гап шундаки, ана шу йўл-йўриқ ва кўрсатмалар асосида Наманганда уч қаватли дизайн ва моделлаштириш маркази бунёд этилди. Фирма дўконлари, дизайнерлик лабораторияси, замонавий кўргазма зали ва тикув цехи шу ерда жойлаштирилди. Ўз навбатида, бир гуруҳ ёш мутахассислар Италияга малака оширишга жўнатилди. 

Бу каби саъй-ҳаракатлар бугун ўз мевасини бермоқда. Истеъдодли ёшлар томонидан янгича дизайндаги либослар бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаяпти. Пировардида “Истиқлол дизайн текстиль”да нафақат эркаклар костюмлари, балки катталар ва болалар учун кўйлаклар, пальтолар, камзуллар ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш муваффақиятли ўзлаштирилди. 

Кийим-кечакларнинг юқори сифатини таъминлаш мақсадида малакали ишчиларнинг тажрибаси ҳам оммалаштирилмоқда. Ўз навбатида, ишга қабул қилинган ҳар бир ходимга тажрибали мутахассислар томонидан “Устоз — шогирд” мактаби асосида касб сирлари ўргатилади. Бу эса илғор ишчилар сафи кенгайиши, маҳсулот сифати юқорилиги таъминланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Айтиш жоизки, ўтган давр ичида дизайн ва моделлаштириш маркази ўзига хос тўқимачилик саноати платформасини шакллантиришда энг асосий бўғинлардан бирига айланди. Зеро, у илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини жадаллаштириб, саноат корхоналари ўртасида  кооперация алоқаларини тобора мустаҳкамламоқда. Бу эса янги моделдаги маҳсулотларга талаб тўхтовсиз ошиб бораётган ҳозирги шароитда жуда муҳимдир. 

Айтганча, марказда “CAD — Computer Aided Design” автоматлаштирилган лойиҳалаштириш, 3D-моделлаштириш, рақамлаштириш, эскизларни чоп этиш, андаза олиш каби усулларда либослар бичимлари олинади. Ёш йигит-қизлар эса ушбу инновацион марказда ўқиб, ўз профессионал маҳоратини оширар экан, жамиятдаги ўрнини ҳамда келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаб бораверади.

Буларнинг барчаси юқори технологияли корхоналар очиш, тўқимачилик ва енгил саноатни янада тараққий эттиришга пухта замин ҳозирлайди.

А. НУРБЕКОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn