Оилаларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш
  • 23 Февраль 2017

Оилаларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш

ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларнинг асосий мезонидир

Президентимиз мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида «ғалаба рапортлари» ва қилинган ишга доир ҳисоботларга берилмасдан, асосий диққат-эътиборни мавжуд камчиликлар ҳамда уларнинг илдизларини пухта таҳлил қилишга қаратиш кераклигига алоҳида урғу берди.

Чиндан ҳам, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, бу жараёнда дуч келинаётган камчиликлардан кўз юммай, самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлаш ҳамда уларни амалга ошириш бугун давлат органлари ва жамоат ташкилотлари олдидаги асосий вазифа бўлмоғи жоиз. Зотан, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган эзгу ғоя қоғозда эмас, балки амалиётда ўз исботини топиши ҳаётий заруратга айланди.

Бу борадаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш, халқ билан очиқ амалий мулоқотларни олиб боришда, шубҳасиз, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти  институтларининг ижтимоий шериклиги муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Нуроний”, “Маҳалла” фондлари, “Камолот” ЁИҲ, “Оила” илмий-амалий маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Маънавият тарғибот маркази, Савдо-cаноат палатаси ва тижорат банклари раҳбар ҳамда ходимларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари жойларда оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни яқиндан ўрганаётгани диққатга сазовор.  Моҳиятан олиб қараганда, оила институтини мустаҳкамлаш, ҳар бир хонадонда фаровон турмушни, соғлом муҳитни қарор топтиришга қаратилган бу ташаббус ва фаоллик замирида, аввало, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига кўмаклашишдек эзгу мақсад мужассамдир. 

Хусусан, айни пайтда ишчи гуруҳлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари шаҳар ҳамда туманларида оилаларга кириб бориб, аҳоли турли қатлами, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишмоқда.

Очиқ мулоқотлар чоғида уларнинг талаб ва истакларига алоҳида эътибор қаратилаётир, мавжуд муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Айни жараёнда кунлик ўрганиш натижаларини таҳлил қилиш, маълумотларни умумлаштириш тизими амалиётга жорий этилган.

— Амалий мулоқотлар асносида жамиятдаги ўзгариш ва янгиланишларга, ҳокимлик, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот органлари, ўқув муассасалари, тиббиёт масканлари хизмати, қўйингки, барча масалада одамларнинг муносабатлари ўрганилмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова. — Юртдошларимиз ҳар бир жараёнга ўз фикрларини билдирар экан, мавжуд муаммо ва камчиликлар ечимини таъминлашда амалий ёрдам сўрамоқдалар. Асосан, пластик карточкалар билан савдо қилишда дуч келинаётган қийинчиликлар, бандлик, тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш соҳаларидаги муаммолар аҳолини ўйлантирмоқда. Қайд этилган муаммоларнинг жуда катта қисми тегишли мутасаддилар иштирокида жойида бартараф этилаяпти.

Андижон вилоятида ишчи гуруҳи вакиллари 411 маҳалладаги 106 мингдан зиёд хонадонларда бўлишди. 564 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти, 200 дан ортиқ соғлиқни сақлаш, 660 та таълим муассасаси  фаолияти ўрганилди.

Ўрганишлар аҳолини қийнаётган муаммоларнинг аксарияти иқтисодий масалаларга оид эканини кўрсатди. Шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишларига алоқадор долзарб масалалар ҳам мавжудки, бу ҳудудда мазкур соҳаларда олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслигидан далолат беради. 

— 2,7 сотихдан иборат хонадонда кўпчилик бўлиб истиқомат қиламиз, — дейди Андижон шаҳрининг Ҳаққулобод кўчасида яшовчи Ёқубжон Каримов. — Ишчи гуруҳи аъзолари уйимизга келиб, турмуш шароитимиз билан танишди. Очиқ суҳбатлашдик. Фарзандларимни иш ва уй-жой билан таъминлаш масаласида ёрдам сўрадим. Натижада ишчи гуруҳи кўмаги -билан тўрт ўғлим тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга киришди. Гап шундаки, фарзандларим устачилик ҳадисини олган бўлиб, улар хусусий қурилиш корхонасини очишди. Бундан оиламизнинг каттаю кичиги жуда ҳам мамнун. 

Андижон вилояти марказидаги 24-мактабгача таълим муассасаси 1961 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда таъмирталаб аҳволда. 180 ўринли масканда 121 нафар болажон тарбияланмоқда. Айни пайтда кунлар совуқ бўлишига қарамай, хоналар деярли иситилмайди, бинонинг томидан чакка ўтади. Деразалар аллақачон яроқсиз ҳолга келиб қолган. Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан тезкор чора кўрилиб, боғчани таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Балиқчи туманида бўлганида, “Ўрмонбек” қишлоқ врачлик пункти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Аниқланишича, бу ерда аҳолига олти нафар шифокор хизмат  кўрсатиши керак бўлгани ҳолда, 12 йилдан буён атиги бир нафар шифокор ишлаб келаётган экан. Нурли йўл маҳалласи аҳолисини эса ичимлик суви таъминоти қийнаб келмоқда. 

Халқ билан мулоқотлар давомида ҳудудда узоқ йиллардан буён эътибордан четда қолиб келаётган ана шундай ўнлаб муаммолар ўзининг амалий ечимини топди, муҳими, одамларда эртанги кунга умид ва ишонч ҳисси янада мустаҳкамланди. 

Оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий муҳитни ўрганиш  жараёни Наманган вилояти шаҳар ва туманларида ҳам самарали кечмоқда. 

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳозирги пайтгача 394 маҳалладаги юз мингга яқин хонадонларга ташриф буюрди. Бундан ташқари, ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий йўналишдаги бошқа муассасалар фаолиятига, аҳолининг бандлик даражасига диққат қаратилди. Фуқароларнинг беш мингдан зиёд мурожаатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

— Оилаларни ўрганишда оила аъзоларининг бандлиги, томорқа хўжалиги, чорва моллари ёки паррандачилик, касаначилик  имкониятларидан қандай фойдаланилаётгани каби жиҳатлар алоҳида инобатга олинди, — дейди Наманган вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳилола Юсупова. — Бундан ташқари, мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлиги, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун яратилган шароитлар,  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, маҳаллий ҳокимлик идораларининг оддий одамлар ҳаёти, ўй-ташвишларидан хабардорлиги, қолаверса, ҳудуд инфратузилмаси, маданий-маиший ва транспорт хизмати кўрсатишнинг аҳволи сингари масалаларни ўрганиш, фуқароларнинг бу соҳаларга доир фикрларини билишга ҳаракат қилинмоқда. 

Айтиш керакки, очиқ мулоқотлар чоғида аҳоли томонидан оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит олишда кўмаклашиш, ёшларни ишга жойлаштириш, пластик карточкалар орқали савдо, тиббий хизмат, маҳалла кўчаларини ободонлаштириш ва бошқа кўплаб кундалик масалалар бўйича мурожаатлар жойида ечимини топаётир. Масалан, Чуст туманидаги Қоракапа маҳалласида истиқомат қилувчи Каримжон Холиқов иссиқхона хўжалигини ташкил қилиш учун молиявий кўмакка муҳтож эканини билдирди. Унинг  муаммоси “Агробанк”нинг туман бўлими томонидан ҳал этилиб, вилоят марказидаги “Мехмаш” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилган тайёр ҳолдаги иссиқхона фуқаронинг томорқасига ўрнатиб берилди. Янгиқўрғон тумани, Булоқбоши маҳалласида яшовчи Юлдузхон Сатторова эса ишчи гуруҳи кўмаги билан ҳудуддаги касб-ҳунар коллежида доимий иш жойига эга бўлди.

Фарғона вилоятида 869 маҳалладаги 81 минг 600 дан зиёд хонадонларга ташриф буюрган ишчи гуруҳи томонидан аниқланган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг салмоқли қисми ижобий ечимини топди. Ишчи гуруҳи асосий эътиборни оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, болалар тарбиясига салбий таъсир қилаётган омилларни бартараф этиш масалаларига қаратди. Бу жараёнда 120 оила ажралишининг олди олинди. Мисол учун, ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасида Ёзёвон туманида 12 та оиладаги келишмовчиликлар барҳам топиб, ҳозирги пайтда бу оилаларда хотиржамлик ва тотувлик муҳити ҳукм сурмоқда.

— Коллежларда дарс ва машғулотларга қатнашмайдиган ўқувчининг ота-оналари билан суҳбатлашилди, — дейди -Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Озода Парпибоева. — Мана шундай тушунтириш ишлари натижасида қишлоқ туманларидаги касб-ҳунар коллежларининг дарсларга келмаётган 24 нафар ўқувчиси айни пайтда ўқишни давом -эттирмоқда. 

Бундан ташқари, ишчи гуруҳи аъзолари аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келувчи омилларни чуқур таҳлил қилдилар. Бундай иллатларга қарши кескин курашиш, хотин-қизлар, ўсиб келаётган авлод  ўртасида маънавий муҳитни соғломлаштириш, уларни турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, оилаларда тиббий маданиятни ошириш, моддий фаровонликни юксалтириш юзасидан давлат ва нодавлат тузилмалари ҳамкорлигида аниқ вазифалар белгиланиб, ижрога йўналтирилди. 

Ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудларда оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш ишлари давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn