Экскурсия етакчилари салоҳияти
  • 23 Февраль 2017

Экскурсия етакчилари салоҳияти

туризм хизматлари равнақида ҳал қилувчи аҳамиятга эга

Тошкент шаҳрида I Республика гидлар форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Республика маркази томонидан ташкил этилди.

Иқтисодиётимизнинг стратегик сектори мақомига эга бўлган туризм индустриясининг ривожи кўп жиҳатдан соҳада меҳнат қилаётган мутахассислар, айниқса, гидлар малакасига боғлиқ. Чунки экскурсия етакчиларининг салоҳияти ҳамда маҳорати юқори бўлсагина, тақдим этилаётган туристик маҳсулотларнинг рақобатдошлиги таъминланади, кўрсатилаётган хизматлар сайёҳларга манзур келади. Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам соҳа учун малакали кадрлар етказиб бериш тизимини тубдан такомиллаштириш, гидлар (экскурсия етакчилари) тайёрлаш, туризм фаолияти субъектлари ходимларининг мунтазам равишда малакасини ошириш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилган. 

Айни пайтда унинг изчил ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаяпти. Мазкур форум ҳам ана шу чора-тадбирлар доирасида уюштирилгани билан диққатга сазовор.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига қараганда, бугунги кунда мамлакатимизда 400 нафардан зиёд гидлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти юртимизнинг сайёҳлик индустрияси ривожланган ҳудудлари — Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри улушига тўғри келади. Шунингдек, кейинги пайтларда Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида ҳам зиёрат етакчилари сафи кенгайиб бораётгани қувонарли ҳолдир.

Бироқ анжуманда сўзга чиққанлар қайд этганидек,  Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тақдим қилиш, туристик маҳсулотлар тарғиботини кучайтириш учун замонавий билимларни пухта ўзлаштирган, айни чоғда тарихимиз, миллий маданиятимизни чуқур биладиган экскурсия етакчиларини тайёрлаш долзарб вазифадир. Бинобарин, юртимизда 7 мингдан зиёд тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар, бетакрор меъморлик намуналари сақланиб қолингани, ранг-баранг табиат дурдоналари мавжудлиги, миллий маданият, санъат ва ҳунармандчиликнинг кўп асрлик анъаналари асраб-авайлаб келинаётгани туризм ин-дустрияси истиқболида кенг имкониятлар эшигини очмоқда. 

— 2000 йилдан эътиборан Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Республика маркази томонидан гидлар тайёрланиши билан бирга, уларнинг малакаси ҳам ошириб келинаяпти, — дейди ушбу марказ директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Барно Мамметова. — Мазкур касб эгаларига талаб юқорилигини инобатга олиб, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларида унинг филиаллари очилган эди. Жорий йилда ана шундай тузилмаларни Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса ҳудудларда туризмни -ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Форумда тегишли вазирлик ҳамда идоралар масъул ходимлари, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, республикамизнинг турли жойларидан ташриф буюрган тажрибали гидлар қатнашди. Улар тадбир доирасида бўлиб ўтган илмий-амалий конференция, давра суҳбати ва маҳорат дарсларида фаол иштирок этиб, сайёҳлик хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, юқори малакали гидлар ютуқларини оммалаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. 

Якунда соҳада узоқ йиллар меҳнат қилиб, мамлакатимизда туризм хизматлари кўрсатиш сифати ҳамда даражаси ошишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган экскурсия етакчиларининг бир гуруҳи ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

 

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn