Ҳаракатлар стратегияси —  ислоҳотларнинг янги босқичи
  • 22 Февраль 2017

Ҳаракатлар стратегияси —  ислоҳотларнинг янги босқичи

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси кенг жамоатчилик вакиллари томонидан чуқур таҳлиллар асосида ўрганилмоқда.

Д. ОРИПОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати: 

— Ҳаракатлар стратегиясида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш назарда тутилгани биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Ишлаб чиқаётган қонунларимиз ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта бўлиши ва ижроси таъминланиши бугун долзарб масала ҳисобланади. 

Жорий йилда “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунларга -ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтиришга қаратилган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш кўзда тутилгани эътиборга молик. 

Аҳолининг сенаторлар ва депутатлар билан ўзаро муносабатларини, Олий Мажлиснинг халқ билан мулоқотини такомиллаштириш мақсадида “Электрон парламент” тизимини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгилангани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, парламент фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш халқ билан мулоқотни такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

 

Р. МАЖИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Навқирон авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фарзандларимизни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш Ҳаракатлар стратегиясидаги ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналиши қилиб белгилангани бежиз эмас. Болаларимизнинг соғлом турмуш омили бўлган спортга нисбатан қизиқишини кучайтириш орқали саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда мардлик, жасурлик ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш ҳаётий заруратдир.

Шу билан бирга, юртимизда болалар спортини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу соҳадаги қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг -амалиётга изчил татбиқ этилаётгани ўз самарасини бераётганини айтиш жоиз.

Буни Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳозирги кунда туманда 6 — 15 ёшли ўғил-қизларнинг салкам олтмиш фоизи спорт билан мунтазам шуғулланади. 

Стратегия доирасидаги аниқ чора-тадбирлар  жисмоний тарбия ва спорт соҳасида янада залворли ютуқларни қўлга киритиш, ёш авлодни, умуман, аҳоли кенг қатламини спортга оммавий жалб этиб, пировардида оилаларда ҳамда жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадларини рўёбга чиқаради. 

 

Э. ҲАМРОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқармаси етакчи маслаҳатчиси:

— Маълумки, истиқлолнинг дастлабки йилларида бозор иқтисодиётига ўтиш, хусусийлаштириш, товар ва молия бозорини ривожлантириш, банклар фаолиятини тижорат ташкилотлари сифатида йўлга қўйиш йўналишларида норматив-ҳуқуқий база етишмовчилиги мавжуд эди. Ана шундай шароитда қонуности ҳужжатлари, жумладан, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзининг тезкорлиги ва янги шароитларга мослашувчанлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган муаммони дарҳол ҳал қилиш имконини бериши билан муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган профессионал парламент ташкил қилинган ва у самарали фаолият олиб бормоқда. Айни чоғда соҳа ҳамда тармоқларни қонуности ҳужжатлари билан тартибга солишнинг айрим салбий жиҳатлари ҳам кўзга ташлана бошлади. 

Шундан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясида тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш ва қонуности ҳужжатлари, айниқса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш назарда тутилган. Бу эса ижтимоий муносабатларни устувор равишда парламент қабул қиладиган қонунларнинг ўзи билан тўлиқ тартибга солишга ҳамда ҳаволаки нормаларни камайтиришга замин яратади. 

 

М. СУЛТОНОВ, Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари:

— Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун қандай самара бераётгани барчага маълум. Бу 2007 йил 1 январдан кучга кирган “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун асосида судловнинг янги тури — ҳакамлик судлари ташкил этилиб, улар бугун тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиб келаётганида ҳам намоён бўлмоқда. 

Ассоциация тизимидаги барча ҳакамлик судлари малакали судьялар билан таъминланмоқда. Судларда зарур моддий-техник база ҳамда шарт-шароитлар яратилган. Биргина ўтган йилда даъво қиймати 58 миллиард 795 миллион сўмликдан ортиқ 8925 даъво аризаси бу судлар иш юритувига қабул қилинган. Шунинг 70 фоизи тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги хўжалик низолари бўлиб, барчаси ўртача 6 кундан 15 кунгача бўлган муддатда ҳал этилди. 

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига оид устувор вазифалар ҳакамлик судларини ҳам изчил ривожлантириш орқали тадбиркорлик субъектлари қонуний манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш ва мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Қулай бозор -инфратузилмасини ривожлантириш, низоларни кўриб чиқишни халқаро талаблар даражасига кўтаришда ҳам айни муддаодир.                                                                              

М. УСМОНОВ, Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти профессори:

— Ҳар бир давлат қудрати унда вояга етаётган келажагимиз эгаларининг салоҳияти ва баркамоллиги билан узвий боғлиқ. Шу маънода, Ҳаракатлар стратегиясида ёшлар ҳуқуқи кафолатларини кучайтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилгани диққатга молик.

Стратегияда етим ва имконияти чекланган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам жиддий ёндашилган. Хусусан, тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, ота-она қаровисиз қолган болалар ҳамда I гуруҳ кўзи ожиз ногиронларга таълим олишда зарур имкониятлар яратиш мақсадида олий таълим муассасаларига қабулда алоҳида давлат гранти ажратилиб, имтиёз берилиши, бакалавр йўналишида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган чин етим, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган талабаларни рағбатлантириш мақсадида қатор лойиҳалар йўлга қўйилиши алоҳида эътирофга лойиқдир.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

Ф. МАҲКАМОВА,

З. ХУДОЙШУКУРОВ 

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn