Эзгуликнинг табаррук ошёни
  • 22 Февраль 2017

Эзгуликнинг табаррук ошёни

Улуғ мутафаккирлар, олиму фузалолар, азиз-авлиёлар Ватани бўлмиш Ўзбекистонимизда истиқлол йилларида халқимизнинг эзгуликка йўғрилган анъаналари, урф-одатларини қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш, муқаддас қадамжолар ва обидаларни ободонлаштириш, ёш авлодни бой тарихимизга ҳурмат, ватанпарварлик ва одамийлик фазилатлари руҳида вояга етказишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бундан мақсад фарзандларимизни инсофу диёнатли, ҳалол, виждонли ҳамда садоқатли этиб тарбиялашдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу эзгу ғояни ўзида мужассам қилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бинобарин, мазкур ҳужжат юртдошларимиз томонидан катта қувонч ва ҳурмат билан кутиб олинди.

Зеро, бу қарор ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган, кўплаб асарлари билан дунёга танилган ватандошимиз Имом Термизий ҳамда термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, тегишли идора ҳамда давлат органлари муассислигида ташкил этиладиган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази миллий-диний қадриятларимиз, инсоний ғояларни ўзида ифода этган манбалар, ҳадисшунослик мактаби илмий-маънавий асосларига оид тизимли ва фундаментал тадқиқ қилиб боради. Шулар асосида дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланиб, диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида қўлланилади. Бундай саъй-ҳаракатлар, айниқса, турли мафкуравий хуружлар, маънавий таҳдидлар, “оммавий маданият” хавфи авж олаётган бугунги кунда жуда муҳимдир. Зотан, эзгу ғоя ҳамда таълимотлар кенг омма, хусусан, ўсиб келаётган навқирон авлод тафаккурига қанчалик теран сингдирилса, улардаги соғлом дунёқараш кучаяди, эзгулик, тенглик, ҳамжиҳатлик, юртпарварлик, маърифат, гўзаллик, ахлоқий хислат ва фазилатлар, миллий удумларга ҳурматни ўзида уйғунлаштирган азалий қадриятларга бўлган содиқлик шунчалик чуқур илдиз отади.

Маълумки, айни пайтда дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни нафақат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор тараққий топаётган, балки алломаларнинг бебаҳо меросига, мўътабар зиёратгоҳларга эга, миллий-диний қадриятлар ҳар томонлама эъзозланадиган мамлакат сифатида яхши билади, эътироф этади.

Юқорида номи келтирилган қарор ижроси ҳам юртимизнинг ана шу маънавий ганжинасини жаҳон бўйлаб янада кенг тарғиб қилиш, хорижлик меҳмонларни аждодларимиз қолдирган маърифат ва илму ҳикмат булоқларидан баҳраманд этиш имкониятини янада кенгайтиради. Ҳужжатда хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар, илмий маърузалар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб борилиши алоҳида кўрсатиб ўтилгани бунинг яққол тасдиғидир. Албатта, бу борада термизий алломалар ва буюк мутафаккирларимиз қаламига мансуб қўлёзма ҳамда тошбосма асарлар нусхалари, улар ҳақидаги китобларни тўплаш, ўрганиш ишларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш, шу бўйича тегишли илмий ишланма ва тавсиялар тайёрлаш ҳам муҳим ўрин тутади.   

Умуман, ушбу қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳамда мангуликка дахлдор миллий қадриятларини сақлаш, уларнинг -моҳиятини чуқур англаш, бой меросимизни кўз қорачиғидек асраш, ундан халқимизни баҳраманд қилишда беқиёс аҳамият касб этади. Энг муҳими,  алломаларимиз қолдирган ўгитларга муштарак эзгу ғоялар барчамизни дунёнинг қатор ҳудудларида кузатилаётган беқарор ва нотинч бир вазиятда юртимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик, тотувлик, аҳиллик, инсонийлик, халқпарварлик, саховатпешалик муҳитини астойдил қадрлашга ундайди.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn