Эзгу ташаббуслар, изчил ислоҳотлар
  • 21 Февраль 2017

Эзгу ташаббуслар, изчил ислоҳотлар

аҳолига муносиб турмуш шароити яратишда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда

Инсон дунёга келар экан, умрини ҳар жиҳатдан муносиб, тинчлик-осойишталик, фаровонликда ўтказишни истайди. Рўзғоринг бут, турмуш шароитинг кўнгилдагидек бўлса, қандай соз! Аммо халқимизнинг доно нақлида айтилганидек, “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”. Қарични сал кенгроқ олиб, теварак-атрофга чуқурроқ разм солсангиз, бунга ўзингиз амин бўласиз. Негаки, тараққиёт чамбараги шитоб билан айланаётган бўлса-да, ҳамон дунё халқларининг салмоқли қисми қашшоқликда умр кечираяпти: баъзи жойларда озиқ-овқат танқислиги кузатилаётган бўлса, бошқа бир манзилда бошпанасизликдан азият чекилаяпти. Ана шундай мураккаб бир шароитда юртимиз аҳолиси фаровонликда яшаётгани, уларнинг эртанги кунга мустаҳкам ишончини кўриб, шукрона қиласан. Дориламон кунлар ўз-ўзидан қўлга киритилмаганини, унинг қадрига етиш кераклигини дилдан ҳис этасан, киши.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, у иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Бу мамлакатимизда энг олий қадрият ҳисобланган инсон ҳамда унинг манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар юқори босқичга кўтарилганидан яққол далолатдир.

Шу маънода, 2017 йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлангани, ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг айни дилидаги гап бўлди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди.

Чиндан ҳам, одамлар билан очиқ-ойдин, юзма-юз мулоқот асносида уларнинг аҳволи, ижтимоий шароити ҳақида тасаввурга эга бўласиз. Шу боис давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашув тубдан ўзгартирилиб, уларга ҳисобот беришнинг такомиллашган тизими йўлга қўйилаяпти. Бунда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Мақсад битта: у ҳам бўлса, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, ҳаёт даражасини юксалтиришдир. 

Қарс икки қўлдан чиққани каби ижтимоий-иқтисодий соҳаларда бошланган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан бу янгиланишларнинг бевосита иштирокчиси бўлган халқ билан чамбарчас боғлиқ. Чунки одамларни қизиқтираётган масалалар, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эшитиш, айни чоғда, ўйлантираётган муаммоларини ўрганиш жамиятнинг барча қатламида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради, эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Буни Халқ қабулхоналари, давлат идоралари ҳамда вазирликларнинг виртуал қабулхоналари очилаётгани, уларга бўлаётган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечимини топаётгани мисолида кўриш мумкин. 

Бинобарин, Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида “...бундан кейин вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фаолияти натижаси қуруқ иқтисодий рақамлар билан эмас, балки уларнинг одамлар билан қандай мулоқот олиб бораётгани ва ишни ташкил этгани, фуқароларнинг муаммоларини қай даражада ҳал қилаётганига қараб баҳоланади ва тегишли хулосалар чиқарилади”, дея давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларини тубдан ўзгартириш бўйича қўйган қатъий талаби замирида инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашдек эзгу мақсад-муддаолар мужассам, десак, айни ҳақиқат.     

Инсон манфаатларини таъминлашда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши катта аҳамиятга эга. Кейинги йилларда жаҳон иқтисодиётида глобал молиявий инқирознинг салбий таъсирлари сақланиб турганига қарамай, юртимизда макроиқтисодий барқарорлик таъминланаётгани фуқароларнинг ҳаёт даражасини оширишга мустаҳкам замин яратаяпти. Хусусан, 2016 йилда ялпи ички маҳсулот 7,8 фоиз ўсгани, шу жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,6 фоиз, қурилиш-пудрат ишлари 12,5 фоиз, чакана савдо айланмаси 14,4 фоиз, хизмат кўрсатиш жабҳасида 12,5 фоиз ўсиш қўлга киритилгани алоҳида эътиборга молик. 

Бу рақамлар аҳамиятини чуқур англаш учун биргина бунёдкорлик ишлари, янаям аниқроғи, юртимиз фуқароларини тураржой билан таъминлаш масаласига кенгроқ тўхталсак. Нега деганда, аҳолининг турмуш даражаси, ижтимоий аҳволи, энг аввало, унинг яшаш тарзида намоён бўлади. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда истиқлол йилларида улкан ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий тураржойлар бунёд этилгани бунга бир мисолдир. 

Гап шундаки, 2009 йилдан буён республика бўйича  умумий майдони 6,5 миллион квадрат метрга тенг бўлган қарийб 45 мингта кўркам ва шинам уй-жой қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Ушбу замонавий қишлоқ массивларининг ташқи қиёфаси, бу ерда яратилган шарт-шароит бундан 25 йил аввалги қишлоқ манзаралари, у ердаги ҳаёт тарзидан тамомила фарқ қилади. Буни, айниқса, катта авлод вакиллари теранроқ ҳис этишади. Ахир яқин-яқингача қишлоқ одамлари саратонни лой чангаллаб, қаҳратонни қор кураб ўтказишга мажбур эди-да! 

Бугун-чи? Шаҳардагидан қолишмайдиган, яшаш учун барча шарт-шароит яратилган уй-жойларда умргузаронлик қилишмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ушбу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2016 йил 21 октябрда имзоланган “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарор бунда муҳим омил бўлаяпти.

Ушбу ҳужжатга биноан, жорий йилнинг ўзида республикамиз бўйича 15 мингта янги уй-жой барпо этилади. Қувонарлиси, хўжалик иморатлари ҳамда обод ҳовлилари бўлган икки, уч ва тўрт  хонали уйларнинг дастлабкилари йил аввалидаёқ фойдаланишга топширилди. Замонавий лойиҳалар асосида ўзбекона ҳаёт тарзимизга мос, энг муҳими, ҳар томонлама қулай қилиб тикланган ушбу уйлар имтиёзли кредит асосида берилгани аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий кўриниши, ислоҳотларнинг инсон манфаатларига йўғрилганининг яққол исботи эмасми?!

Ижобий таркибий ўзгаришлар ҳамда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари туфайли аҳолининг даромади ҳам йил сайин ортмоқда. Бу эса, ўз навбатида, юртдошларимизнинг харид қобилияти муттасил ўсиши, турмуш шароити кундан-кун яхшиланишига хизмат қилаяпти. Мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошгани, хусусан, 2016 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 15 фоиз, пенсия ва ижтимоий нафақалар 12,1 фоиз, аҳоли жон бошига реал даромадлар 11 фоиз ўсгани кўп нарсани англатади. Пировардида оилаларнинг сифатли ҳамда узоқ муддат фойдаланиладиган истеъмол товарлари — телевизор, холодильник, кондиционер, шахсий компьютер, енгил автомобиль билан таъминланиш даражаси кескин ошмоқда. 

Шубҳасиз, бундай натижаларга эришишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари тобора муҳим роль ўйнамоқда. Сабаби, бугунги кунда аҳолининг катта қисми шу жабҳада самарали меҳнат қилиб, яхши даромад топаяпти. Шунинг учун ҳам Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, хотин-қизларни бизнесга кенгроқ жалб этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шу мақсадда тижорат банклари томонидан “Аҳолини тадбиркор қилиш” тамойили асосида ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун банк хизматлари ва кредит маблағларига эҳтиёжи ўрганилаётгани эътиборга молик. 

Гап шундаки, тижорат банкларининг вилоят, туман ва шаҳар филиалларида янги бўлинмалар ташкил қилиниб, улар замонавий фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар мутахассислар билан таъминланди. Бунинг самараси эса ҳозирданоқ кўзга яққол ташланмоқда. Яъни банк филиаллари ходимлари маҳалла фуқаролари йиғинлари билан ҳамкорликда ҳар бир хонадонга кириб бориб, одамларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун яратилган шарт-шароитлар, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтиришаяпти. Бу эса аҳолининг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқариш, мулкдорларнинг янги синфи шаклланишида кучли рағбатлантирувчи омил бўлиши турган гап.

Умуман олганда, жорий йилда тадбиркорлик ҳаракатини янада ривожлантириш, мулкдорларга кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар замирида Ўзбекистонда обод ҳамда фаровон ҳаётни таъминлаш мақсад-муддаоси мужассамдир. Зеро, Президентимиз ташаббуси билан  танланган йўл — инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, одамлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни рози қилиш асосида давлат ва халқ манфаатларини бирлаштириш йўлидир. Бу йўл эса барчамизни нурафшон манзилларга элтиши муқаррар.

Мурод МУҲАММЕДОВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn